BBC navigation

14 йил олдинги портлашга Мамадали Маҳмудовнинг қандай алоқаси бор эди?

Сўнгги янгиланиш 17 феврал 2013 - 09:58 GMT

16 феврал куни 1999 йилги Тошкент портлашларига 14 йил тўлди.

Расмийларга кўра, Тошкент шаҳрининг бир неча жойида портловчи моддалар ортилган автомобиллар портлатилиши оқибатида 16 инсон ҳалок бўлган.

Ўзбек маҳкамаси бу портлашларга алоқадорликда айблаб 14 йилга озодликдан маҳрум этган инсонлардан бири Мамадали Маҳмудов.

1999 йил апрелида Ўзбекистон телевидениеси таниқли ёзувчининг видеосини намойиш этган, бунда Мамадали Маҳмудов ўзининг Тошкент портлашлари учун "айбдорлигига" иқрор бўлган.

Лекин орадан бироз вақт ўтиб, ёзувчи қамоқхонадан мактуб чиқарган, бу мактубда 1999 йил февралида юзига ниқоб таққан кишилар қандай қилиб қўлга олишгани, Тошкент ташқарисига олиб чиқиб, икки ой давомида қандай қийноқларга солишгани ва "иқрорлик видеоси"ни қандай қилиб тасвирга туширганлари ҳақида батафсил ёзган.

Ана шу "иқрор" Мамадали Маҳмудовни тутқунликда сақлашга асос бўлиб келмоқда.

Ўзбек расмийлари Тошкент портлашларини ташкил этишда мухолифатдаги "Эрк" партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ва Ўзбекистон Исломий ҳаракатини айблаган.

Бу айбловлар 1999 йилда Олий Судда бўлиб ўтган маҳкамада Зайниддин Асқаров тилидан янграган.

Бироқ 2003 йилда хорижий оммавий ахборот воситалари мухбирларининг "Тоштурмада" Зайниддин Асқаров билан ташкил қилинган учрашувида у 1999 йилдаги маҳкамада айтган сўзларидан воз кечган.

Зайниддин Асқаров портлашларга Муҳаммад Солиҳнинг алоқаси йўқлигини айтган, Муродулла Қозиев етакчилигидаги қуроллилар устозлари Абдували қори Мирзаев учун қасд олишга қарор қилганлар, деган.

Асқаров сўзларига кўра, Ўзбекистон Исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош Муродулла Қозиевни портлашлардан тўхтатмоқчи бўлган.

Тоҳир Йўлдош Тошкентдаги жангариларни тўхтатиш учун Баҳром Абдуллаевни юборган.

Ўзбек-Туркман чегарасида қўлга олинган Баҳром Абдуллаев портлашлардан икки ой олдин Қозиев гуруҳининг режасидан расмийларни огоҳ этган.

Ўзбек Олий суди 22 инсонни Тошкент портлашларида айблаб қамаган.

11 йилга озодликдан маҳрум этилган Зайниддин Асқаровнинг жасади қамоқдаги муддатининг 11-йилида яқинларига қайтарилган.

Ўзбек мухолифати Ўзбекистон ҳукуматини нафақат портлашлар олдини олмаганлик, балки бу портлашларни мамлакатдаги ўн минглаб бегуноҳ мусулмонларни таъқибга олиш важи сифатида фойдаланганликда айблайди.

Ўзбекистонда қабул қилинадиган амнистияларда ёши 60 дан ошган маҳкумлар озод этилиши айтилади.

Бироқ ёши 72 га кирган ва саломатлиги борасида хавотирлар билдирилаётган Мамадали Маҳмудовга нисбатан амнистия қўлламасликка қарор қилинмоқда.

Қароргоҳи Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" маркази раҳбари Надежда Атаева хабар қилишича, бошидан жароҳат олган Мамадали Маҳмудовга яна қамоқ муддатини узайтиришга ҳаракат қилмоқдалар.

72 ёшли ёзувчи "Тоштурма"га ўтказилган ва тергов кетаётгани учун дея яқинларининг Мамадали Маҳмудов билан кўришишларига рухсат этилмаган.

Надежда Атаева: Бир неча ойдан бери Мамадали Маҳмудовнинг қизи билан ўғли отаси билан кўриша олмаётгани боис, биз расмийлар уни озодликка чиқармаслик учун янги айбловларни тайёрлашяпти, деган хулосага келдик. Кеча, 15 феврал куни унинг қизи "Тоштурма"га борганида, қамоқхона маъмурияти отасига қарши янги тергов очилган дея унинг Мамадали Маҳмудов билан учрашишига рухсат бермаган. Лекин қандай тергов ва қандай бандга мувофиқ ёзувчига айбловлар қўйилгани борасида бизда маълумот йўқ. Унга янги муддат берилса, бу неча йил давом этиши мумкин - бу каби тафсилотлардан биз бехабармиз. Бироқ унга қарши янги айблов қўйилаётгани бу аниқ. Биз бундан жуда чуқур хавотирдамиз, чунки бу ерда гап ўз фуқаровий мавқеида турган адиб ва 72 ёшли ёзувчи ҳақида бормоқда.

Би-би-си: Демак бу ҳақда сизга унинг қизи гапириб берган. Унга янги айбловлар нима билан боғланган бўлиши мумкин?

Надежда Атаева: 11 феврал куни унинг ўғли Мамадали Маҳмудов охирги йилларда сақланган Чирчиқ зонасига борганида, ўғлига отаси "Тоштурма"га ўтказилгани ҳақида айтишган. Колония раҳбарияти Мамадали Маҳмудов сўраган дори-дармон ва озиқ-овқатни олишдан бош тортган. Бир неча йилдан буён Мамадали Маҳмудов нафас-бурун йўлларининг яллиғланишидан азоб чекмоқда. У ўта оғир аҳволда. Бундан олдин шифокорлар унга сил касаллигига чалингани борасида ташхис қўйшганди. Даволаниш учун у бир неча бор жазони ўташ тизими доирасидаги "Сангород" шифохонасига ётқизилган. Лекин Ўзбекистонда айниқса сиёсий айбловлар билан қамоқхонада ўтирган маҳкумларнинг тиббий аҳволини енгил қилиб кўрсатишгга уриниш мавжудлиги Мамадали Маҳмудовга ногиронлик мақоми берилмаяпти, шунинг учун у беморлиги туфайли ҳам амнистияга туширилмаяпти.

Би-би-си: Уни бориб кўришга муваффақ бўлган фарзандларидан қайси бири отасининг бошида бўлган ярани кўрган?

Надежда Атаева: Унинг қизи ўтган йили 14 ноябрида отасини кўришга "Сангород"га борганида ўз кўзи билан отасининг бошида чуқур яра борлигига гувоҳ бўлган. Уларнинг учрашуви "Сангород" расмийлари ҳозирлигида бўлиб ўтгани учун, отаси, "менга бу ҳақда ҳеч қандай савол берма", дея ишора қилган. Яъни, у бу мавзуда гапиришни умуман хоҳламаган. Чирчиқ зонасига қайтгач, расмий учрашувга рухсатни олиш учун бироз вақт ўтиши керак эди. Ва ана ўшандан буён Маҳмудовнинг оиласи уни кўришга муваффақ бўлмаяпти. Ва ҳеч ким ярага олиб келган қандай ҳодиса рўй берганини билолмаяпти.

Би-би-си: Ички ишлар вазирлиги Жазони ўташ тизимининг мулозимлари қандай изоҳ беришяпти?

Надежда Атаева: Кеча, 15 феврал куни унинг қизи "Тоштурма" раҳбариятидан рухсат олиш учун борганида, унга тергов кетаётгани сабаб учрашув мумкин эмас, деб айтишган. Улар ҳеч қандай маълумот беришмаяпти. Биз фақат мана шуларни биламиз, холос.

Би-би-си: Биз биламизки, ёзувчиларни бирлаштирган халқаро Пен Клуб ўтмишда Мамадали Маҳмудовнинг ҳимоясига чиққан, сиз уларга ҳам мурожаат қилганмисиз?

Надежда Атаева: Ҳа, биз душанба куни барча халқаро ташкилотлар сингари Пен Клубга ҳам тайёрлаб қўйган мурожаатимизни юборамиз. Имзо чекканлардан ўзбек ёзувчиларидан Сафар Бекжон, Ёдгор Обид ва қатор чет эл ёзувчилари бор. Биз мурожаатимизни Оврўпо двлатлари ҳукуматларига ҳам юбориш ниятидамиз. Биз Франциядаги инсон ҳуқуқлари бўйича масъул Франсуа Зимерайга ҳам мурожаат қиламиз. У ўз мандатидан фойдаланиб, Ўзбекистон ҳукуматига Мамадали Маҳмудовнинг тақдирини ўрганишга ва унинг озод этилишига ҳар қандай имконни ишга солиб мурожаат қилади, деган умиддамиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.