BBC navigation

Украина ўзбек қочқинини экстрадиция қилиши мумкин

Сўнгги янгиланиш 18 феврал 2013 - 10:02 GMT

Ўзбекистонлик қочқин ватанига топширилса у ерда қийноқлар ва қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Украина Бош прокуратураси Ўзбекистон фуқароси бўлган Ҳурматилло Зокировни ватанига топшириш ҳақида қарор қабул қилган.

Зокиров Ўзбекистонда диний экстремистик ташкилотга аъзолик айблови билан қидирувга берилган.

Инсон ҳуқуқлари институти олган маълумотларга кўра, Зокиров ўзининг Киевдаги ҳимоячиси билан 2013 йил 25 январда чиқарилган экстрадиция ҳақидаги қарор устидан шикоят аризаси топширган.

Ҳурматилло Зокиров Ўзбекистонга мажбурий қайтарилган тақдирда у ерда қийноқлар ва босимларга дуч келиш эҳтимоли бор.

Бу экстрадиция иши бошқа қочқинларнинг ишидан бироз фарқ қилади.

1968 йилда туғилган, асли андижонлик Ҳурматилло Зокиров 2003 йилдан бошлаб бир неча бор Россияга тирикчилик ташвишида борган.

2010 йил Зокировга Россиянинг Калининград вилоятида вақтинчалик яшаш ҳуқуқи берилади. Шундан сўнг Зокиров Россия фуқаролигини олишга қарор қилади.

Бироқ Ҳурматилло Зокиров октябр ойида ватанида экстремистик деб ҳисобланган диний адабиётларни сақлаш ва тарқатиш, шунингдек тақиқланган диний ташкилотларга аъзолик айбловлари билан Россияда ҳибсга олинади.

Зокировнинг ўзи унга нисбатан илгари сурилган барча айбловларни рад этиб, диний эътиқодлари туфайли таъқибга учраётганини таъкидлайди.

Екатерина Грибанова ўзининг ҳимоясидаги Зокировни Ўзбекистонга берилиши ҳақидаги қарор нотўғрилиги, Ўзбекистонга қайтарилган тақдирда сохта айбловлар ва қамоқ жазосига ҳукм қилинишини исботлаб бериб, қарорни бекор қилинишига муваффақ бўлади.

Калининград вилоятида диний айбловларда гумонланган бир қанча ўзбек ва тожик фуқаролари ватанига қайтариб юборилиш ҳолларидан сўнг, Ҳурматилло Зокиров ўзини Россияда тўлиқ хавфсизлигига ишонмай 2012 йил июнида Украинага боришга ва сиёсий қочқинлик мақомини сўрашга аҳд қилади.

Бироқ Киев аэропортида уни ҳибсга олишади. Ҳимоячисига кўра, энди у Украинадан Ўзбекистон сўровига мувофиқ экстрадиция қилиниши мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.