BBC navigation

Россиядаги ўзбек муҳожири ҳимоячиси журналист Андрей Малаховни маҳкамага беради

Сўнгги янгиланиш 21 феврал 2013 - 16:42 GMT

Ҳуқуқ фаоллари бот-бот Россия матбуотини меҳнат муҳожирларини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга уринишда айблайдилар.

Уларга кўра, Россия жамиятида аксилмуҳожирлик кайфиятининг кучайишида ахборот воситаларининг роли катта.

Айни вақтда ҳимоячи Сергей Мясоедов Россиянинг ОРТ телеканалидаги ўта оммабоп "Пусть говорят" шоусида ўзбек меҳнат муҳожири Ёрқин Тиллаев борасидаги лавҳа юзасидан бошловчи Андрей Малаховни жазога тортмоқчи эканлигини маълум қилган.

Россиянинг Калининград шаҳрида 92 ёшли уруш фахрийсининг уйига бостириб кириб, калтаклаб ўғрилик қилишда айбланган лекин ўша вақтда маҳкама ҳукми ҳали чиқарилмаган Ёрқин Тиллаев бу шоуда таъбир жоиз бўлса сазои қилинган. Биз унинг ҳимоячиси билан боғландик:

Сергей Мясоедов: Мен Малаховни маҳкамага тортмоқчи эмасман, лекин Тиллаев устидан маҳкама ниҳоий оқловчи ҳукм чиқарганидан кейин ўз кўрсатувида аввал Тиллаев ҳақида айтган гапларини қайтариб олиб узр сўрашини талаб қилмоқчиман. Шунингдек етказилган руҳий зарар учун товон ҳам талаб қиламиз. Менинг қатъий ишончим бўйича бу иш юзасидан умуман айбсиз инсонни ҳисбга олиб, етти ой ушлаб турганлар. Кейин далиллар етишмаслиги туфайли ишни маҳкамага ҳам ошира олмай ва уни ортиқ ҳибсда ушглаб туришга ҳам асос тополмай озод қилганлар. Биз ҳозирда унга нисбатан текширув ишларини тўхтатиб, айбсиз эканлиги ҳақида прокурор қарорини олмоқчимиз. Бунга эришгандан кеийн Малаховга арз қиламиз, чунки у маҳкама қарори бўлмай туриб бир инсонни ўғри ва безорига чиқарган.

Би-би-си: Умуман бундай кўрсатув эфирга чиқарилганини қандай баҳолайсиз?

Сергей Мясоедов: Бу ерда Малахов рейтингни ошириб олишга ҳаракат қилган менимча. Ёши кекса фахрийга қилинган ҳужум мисолида турли муаммоларни кўтариб чиқишга ҳаракат қилгандир. Аслида бунинг сабабини билиш учун бу саволларни Малаховнинг ўзига бериш керак.

Би-би-си: Россия матбуотида муҳожирларни ола бўжи қилиб кўрсатувчи бу каби ҳоллар кўп тарқалганми?

Сергей Мясоедов: Афсуски меҳнат мухожирлари масаласи ҳақиқатан ҳам хозирда матбуот эътибори марказида. Албатта бу соҳада муаммолар йўқ эмас. Лекин матбуот бу муаммоларни бўртирряпти. Бир алоҳида мисолни олиб умумийлаштириб, ўткирлаштириб кўрсатадилар. Балким ҳукумат бу муаммога эътибор қаратиши учун қилмоқдаларми буни....

Би-би-си: Тиллаевнинг ўзи қандай фикрда бу кўрсатув ҳақида?

Сергей Мясоедов: Албатта у ғазабда. Албатта дастлаб у айбсиз бўла туриб ҳибсга олинганидан, шунча вақт ушлаб турилгани ва соғлиғини йўқотганидан ғазабда. Яқинлари , ватандошлари ҳам уни озод қилишгунга қадар уни қоралашган. У ҳатто уйига ҳам қайта олмайди бунинг оқибатида. Ҳозирда маҳкаманинг оқловчи ҳукмини кутмоқда. Кўрсатувни кўрган бўлсангиз, унинг жиноятчи эканлигига ишонган яқинлари келиб, фахрийдан кечирим сўрашган. Озод қилингандан кейин уларда ҳам шубҳалар пайдо бўлди. Агарда у ҳақиқатан айбдор бўлганида бир йилдан бери бу ишни чўзиб ўтиришмасди, далиллар йўқ шунинг учун ишни маҳкамага ҳам ошира олишмаяпти. Мавжуд далиллар ҳам пооцессуал жараёнларнинг бузилиши натижасида олинган ва қонун томонидан далил сифатида тан олинмайди. Шунинг учун тергов томони ишни маҳкамага оширмаяпти, чунки билишадики бу далиллар асосида Тиллаевга оқлов ҳукми чиқарилади холос.

Ҳимоячи Сергей Мясодев фикрларига қўшилган ҳолда, Москвадаги "Муҳожирлик ва қонун" марказидан Юлдуз Аминованинг айтишича, меҳнат муҳожирларининг ўзлари ҳам Малаховнинг кўрсатувидаги каби ҳолатларга тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишлари керак.

Юлдуз Аминова ўз фаолияти давомида кўп муҳожирлар билан учрашиши ва уларнинг кўпчилиги яқинларидан узоқда хоҳлаганини қилиб юришини айтади.

"Мана шундай одамлар Ўзбекистоннинг обрўйига доғ туширади. Лекин Малахов ўз кўрсатувида суд ҳукми чиқмай туриб, бир одамни айбдор қилиши ва яқинларини тиз чўктириши жуда нотўғри. Малахов каби одамларга шоу керак. Улар нимани хоҳласа ўшани кўрсатув қилади. Лекин бизнинг инсонлар ана шундайлар қўлида ўйинчоқ бўлиб қолишдан сақланиши керак. Бу уларнинг ўз ҳаракатларига боғлиқ",- дейди "Муҳожирлик ва қонун" маркази ходими Юлдуз Аминова.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.