BBC navigation

Обидхон қорига қилинган суиқасдга бир йил тўлди

Сўнгги янгиланиш 22 феврал 2013 - 17:19 GMT

Обидхон қорига ўз уйи остонасида суиқасд қилинган эди.

Дунёнинг кўп мамлакатларида Ўзбек жамоалари томонидан таниқли ўзбек имоми Обидхон қори Назаровнинг ҳаётига Швецияда суиқасд уюштирилганининг бир йиллиги муносабати билан норозилик намойишлари ўтказилди.

Норозилик намойишлари Обидхон қори яшаб келган ва унга суиқасд амалга оширилган Швецияда ҳам бўлиб ўтган.

Намойишчилар пойтахт Стогольм парламенти олдида тўпланиб, Обидхон қорининг ҳаётига қасд қилмоқчи бўлганлар топиб жазоланишини талаб қилишган.

Норозиликларда Обидхон қорининг мухлислари, мухолифат аъзолари ва Швециядаги ўзбек қочқинлари вакиллари қатнашишган.

22 февралда АҚШ, Туркия, Австралия, Канада, Дания, Голландия каби давлатларда бўлган ўзбек жамоалари ҳам норозилик намойишларида иштирок этишади.

Британияда бугун соат тушки 2-3 орасида Швеция элчихонаси олдида намойиш бўлиб ўтган.

Намойишчилар "Обидхон қорига суиқасд қилганлар топиб жазолансин", "Адолат қарор топсин" каби шиорлар билан чиқишган.

Намойишда қатнашган Ҳикматилла исмли йигитнинг айтишича, йиғилган 10 кишидан ортиқ гуруҳ биргаликда ҳақиқат қарор топишига ёрдам беришни сўраб Швеция элчихонасига мурожаат қилишган.

Британиядаги Швеция элчихонаси ходимлари улар берган ҳужжатларни ўрганиб, тегишли идораларга етказишни айтишган, бироқ маҳкамага таъсир ўтказа олишга ваъда беришмаган.

Намойишчилар шунга қарамай бутун дунёда Обидхон қори ҳимоясига, унга суиқасд қилганлар жиноятини очилишига қаратилган бу каби йиғилишлар жараёнга барибир ўз таъсирини ўтказишига ишонишларини айтишди.

Обид қори Назаров ўтган йил 22 февралда Швециянинг Стромсунд шаҳарчасидаги ўз уйидан масжидга бораётганида номаълум кишилар томонидан отиб кетилган эди.

Швеция полицияси ўзбекистонлик эр-хотинни 55 ёшли Обидхон қори Назаровга суиқасд қилишни уюштиришда гумонлаб қўлга олганди. Бироқ бўлиб ўтган маҳкама жараёнида бу айбловга нисбатан етарли далиллар йўқлигини айтиб , эр-хотин озод қилинди.

Маҳкамани бевосита кузатган ўзбек муҳожирлари эр-хотиннинг суиқасдга алоқадорлиги исботланган бўлсада, маҳкама уларни озод қилганидан норозилик билдиришган.

Обидхон қори бир йилдан буён Швециядаги касалхонада кома ҳолатида қолмоқда.

Обидхон қори Назаровга суиқасдда гумон қилинган шахс ҳалигача қўлга олинмаган.

Бундан олдинроқ суиқасдни амалга оширган одамнинг Россияда қўлга олингани айтилган, бироқ бу хабарлар тасдиқланмаган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.