BBC navigation

Ўзбекистон аҳолисининг аксари қишлоқда эмас шаҳарда истиқомат қилади

Сўнгги янгиланиш 24 феврал 2013 - 09:01 GMT

Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг Давлат Статистика қўмитаси маълумотларига асосланиб хабар тарқатишларича, мамлакат аҳолисининг сони бир йилда 439200 кишига кўпайган ва жорий йил бошида қарийб 30 миллионга етган.

Мамлакатда мустақиллик йиллари давомида аҳолини рўйхатга олишга қарор қилинмаган.

Ўзбекистонда истиқомат қиладиган инсонларнинг сони расман 1989 йилда рўйхатдан ўтказилган.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитасига кўра, 2013 йил 1 январида мамлакат яшовчилари сони 29 миллион 994600 га етган.

Статистика қўмитаси 2012 йилнинг бошидан буён Ўзбекистонда аҳоли сони 439200 га кўпайганини хабар қилади.

Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистонда қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган инсонларнинг сони шаҳарда яшайдиганлардан камайган.

Uzreport ахборот агентлигининг Статистика қўмитаси маълумотларига таянишича, шу йилнинг бошида шаҳарликларнинг сони 15 миллион 315 минг кишидан ортган ёки Ўзбекистон аҳолисининг 51,1 фоизини ташкил этган.

Қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган ўзбекистонликларнинг сонини Давлат Статистика қўмитаси 14 миллион 679300 киши деб кўрсатади.

Бу Ўзбекистонда қишлоқ аҳолиси сони 48,9 фоиз деганидир.

Ўзбекистон азалдан аграр мамлакат бўлиб келган ва қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган инсонларнинг сони доим шаҳар жойларида яшайдиганлардан кўп бўлган.

Шўролар Иттифоқи даврида Ўзбекистондаги қишлоқ аҳолисининг сони 70 фоизгачани ташкил этгани хабар қилинган.

Ўзбекистонда қишлоқда яшайдиган инсонлар сони камайгани мамлакатда сўнгги йилларда юритилган аграр сиёсат натижаси дейиш мумкин.

Охирги йилларда тобора кўп сондаги деҳқончилик билан шуғулланган инсонлар ишсиз қолдилар, оиласини боқишнинг катта шаҳарлардаги мардикорлик ёки хориждаги меҳнат муҳожирлиги йўлларини танлашларига тўғри келди.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси шу кеча-кундузда чет элда ишлаб оиласига маблағ юбораётган Ўзбекистон фуқароларининг сони қанчани ташкил этиши борасидаги маълумотни ошкор этмаган.

Норасмий ҳисоб-китобларга кўра, камида 4-5 миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига айланганлар.

Ўзбекистоннинг Статистика қўмитаси 2012 йилда мамлакатдаги туғилиш сони 0,2 промиллега камайгани ҳақида хабар қилган.

Бу ҳар минг кишига 200 туғилиш тўғри келганини англатади.

Ўзбекистон расмийларининг рад этишларига қарамасдан, мамлакатда фарзанд кўришга қобил аёлларни ўз ихтиёрларига қарши стерилизация қилиш сиёсатига қўл урилган.

Бундан кўзланган мақсад, мамлакатда туғилишни камайтириш экани хабар қилинган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.