BBC navigation

Собиқ маҳбус: 'диний ва сиёсий маҳкумларнинг аҳволи янада ёмонлашган'

Сўнгги янгиланиш 25 феврал 2013 - 13:42 GMT

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини рад этиб келади

Ўзбекистонда эълон қилинган сўнгги амнистия, одатдагидек,сиёсий маҳбусларни четлаб ўтган.

Сиёсий тутқунларнинг биринчи ва иккинчи гуруҳ ногирони эканликлари ҳам ҳукуматни уларга нисбатан инсонпарварлик амали кўрсатишга ундай олмаган.

Парижда жойлашган "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари" Ассоциациясининг маълум қилишича, амнистиядан маҳрум қолаётган маҳбуслар орасида жазо муддатини ўташ жараёнида кўзи мутлақо кўрмайдиган ҳолга келган биринчи гуруҳ ногиронлари Мурод Латипов ва Суннат Таласовлар ҳам бор.

Норвегияда сиёсий бошпана топган журналист Евгений Дьяконов собиқ маҳбус ва Ўзбекистон қамоқхоналари ҳақида яқинда дунё юзини кўрган "Zona.uz" китоби муаллифи.

Би-би-си ундан ўзбек қамоқхоналарида ногирон маҳкумларга қандай муомала қилиниши ҳақида сўраган.

"Маҳбус уч ой деганда ақлдан озади ва ҳар қандай қоғозни имзолайди. Чунки бу камераларда ўтиришнинг ўзи қийноқ."

Евгений Дьяконов

Евгений Дьяконов: Менинг ўзим расман ҳозиргача 2-гуруҳ ногирони ҳисобланаман. Афғон урушида қатнашганман. 1997 йилда мени ҳибсга олишган пайти ногирон сифатида рўйхатда турганман. Мустақиллик йилларида чиққан барча амнистиялар барчаси бир-бирига ўхшаш. Тўғрироғи, бир-биридан нусҳа кўчирилган. Ногиронларга қилинадиган муомала ҳақида гапирадиган бўлсак, тергов ҳибсхоналарида ногиронлар алоҳида камераларда сақланади. Уларда шароит сал яхшироқ ва ҳатто парҳез таомлар ҳам берилади. Шунингдек, қариялар учун, юрак хасталиги билан оғрийдиган ёки руҳий хасталар учун ҳам махсус камералар бор. Қонун бўйича сил касалига дучор бўлган маҳбуслар учун ҳам алоҳида камера бўлиши керак. Аммо амалда уларни қасддан бошқа, соғлом маҳбусларга қўшиб қўйиш тажрибаси мавжуд.

Би-би-си: Сизнинг ўзингиз бир маҳбус сифатида нималарни бошингиздан кечиргансиз?

Евгений Дьяконов: Тўғрисини айтсам, мен у ердан тирик чиқишга умид қилмагандим. Аслида мен ҳеч қачон қонунни бузмаган ва қамоққа ташлангунимча, қанчалик ғалати эшитилмасин, амалдаги ҳокимият, яъни Президент Ислом Каримов сиёсатининг ашаддий тарафдори эдим. Мен Президент Ўзбекистонда бўлаётган воқеалардан бехабар ва уни хабардор қилиш керак, деб ишонардим. Афсуски, мен адашган эканман. Қамоқда экан, чорасизлик ва фожиани ҳис қилганман. Агар мени қийноққа солишган, деб айтсам, ҳали ҳеч нарсани айтмаган бўламан. Қийноқларни ўз баданимда бутун даҳшати билан ҳис қилганман. Ҳатто шундай бир вақт бўлганки, менда ўлимни машқ қилиб кўришган. Мени Тоштурманинг 3-корпусидаги ўлимга ҳукм қилинганлар сақланадиган махсус камерага ташлашган. Тоштурмада ҳар томонлама қийноқ қўлланади. Биринчидан, у ерда бўлишнинг ўзи қийноқ. Чунки, масалан биз ўтирган камера 10 кишига мўлжалланган, аммо унда 42 кишини сақлашар эди. Ҳожатхонага кунда фақат икки маҳал чиқиш мумкин.Сув ва ҳаво етишмаслигидан нафақат маҳбуслар, балки икки нафар қамоқхона назоратчилари ўлган ҳолатлар ҳам бўлган. Ўзбекистонда ёз чилласи қандай бўлишини ҳамма яхши билади. Ана шу чилла пайти, 4-қават, яъни томнинг остидаги камералар том маънода "духовка"га айланарди. Юраги бақувват бўлмаган маҳбуслар бундай шароитга дош беролмасдан, кўз юмишарди.

Би-би-си: Сиз ногиронларга тўғридан-тўғри қийноқ қўлланган ҳолларга гувоҳ бўлганмисиз?

Евгений Дьяконов: Ногирон маҳбусларнинг шароитлари нисбатан яхшироқ эди. Албатта, уларни тўғридан-тўғри дўппослашмас, ҳолдан тойдиришмас эди. Шахсан мени, бир ногирон маҳбус сифатида соғлигим янада ёмонлашганидан кейин бошқа, уч кишилик камерага ўтказишди. У ерда етти киши сақланарди. Бу энди маҳбус учун жаннат, дегани. Хусусан, Тоштурмада маҳбусни уриш шарт эмас. Уни умумий тартибдаги камерага жойлаштириш кифоя. У ерда маҳбус аста -секин, уч ой деганда ақлдан озади. Ва ҳар қандай қоғозни имзолайди. Чунки бу камераларда ўтиришнинг ўзи бир қийноқ. Мен қамоқда ўтирганимдан буён орадан ўн беш йил ўтди. Ҳозир қамоқхоналардаги аҳвол бир неча марта ёмонроқ экани айтилади. Айниқса, диний ва сиёсий маҳкумларнинг аҳволи янада ёмонлашган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.