BBC navigation

Бензиннинг арзонини қаерда сотади?

Сўнгги янгиланиш 1 март 2013 - 11:50 GMT

Маълум бўлишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган бензин тақчиллиги сабаб, вилоятларда бир литр бензиннинг баҳоси 3.000 сўмдан 5.000 сўмгача чиқиб кетган

Янги тадқиқот натижаларига мувофиқ, бензиннинг қанчалик қимматлиги бобида Тожикистон ўнлаб давлатларни ортда қолдириб кетибди.

Аммо 1 литр бензин Тожикистонда $1.35 бўлган бир пайтда, Ўзбекистоннинг чекка вилоятларида ушбу сумма бугун камида бир ярим АҚШ долларига етибди.

Яъни, Ўзбекистондан олган ўз маълумотларимизга қаралса, шу кунларда мамлакатда энг арзон бир литр бензиннинг қиймати расман 1.650 сўм (қарийб 1 АҚШ доллари)ни ташкил этади.

Бироқ бензин бу нархда ҳозир фақат пойтахт Тошкентда имконли ва мамлакатнинг аксарият вилоятларида эса, унинг қиймати бундан икки-уч баробар юқори экан.

Маълум бўлишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон бўйлаб кузатилаётган бензин тақчиллиги сабаб, вилоятларда бир литр бензиннинг баҳоси 3.000 сўмдан 5.000 сўмгача чиқиб кетган.

Ўзбекистонда бугун энг кам иш ҳақи расман 80.000 сўм атрофида этиб белгиланган.

Бу эса, бошқа ҳеч нарсага сарф-харажат қилмаган тақдирида, шу каби маошга кун кўрувчи ўзбекистонликнинг ойига фақат 30 литрча бензин сотиб олиши мумкинлигини англатади.

Аммо, тахминий ҳисоб-китобларга таянилганда ҳам, инсонларнинг бензинга бўлган бир ойлик эҳтиёжлари 300 литр атрофидаги рақамларда айланади.

Тошкентдан мустақил иқтисодий таҳлилчи Жаҳонгир Шосалимовнинг биз билан суҳбатида айтишича эса, Ўзбекистондаги ҳозирги аҳвол четдан бошқа даромади бўлмаган инсонларнинг умуман машина ҳайдай олмаслик даражасида.

"Ким агар ўз маошига, ҳақиқий топган пулига бензин олиб юрадиган бўлса, Ўзбекистонда бирор бир киши машина ҳайдамайди", дейди у:

Жаҳонгир Шосалимов

Ўзбекистонлик мустақил иқтисодий таҳлилчи

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, бундан буёғига Ўзбекистоннинг ташқи нефтга бўлган эҳтиёжи ортиб бориши мумкин.

Уларнинг баҳолари бутун Ўзбекистон бўйлаб бензин таъминотидаги узилишлар одатий тус олиб бораётган бир манзарада янграмоқда.

Бензин тақчиллиги билан боғлиқ аҳвол, айниқса, вилоятларда жиддий экани айтилади.

Бензин таъминотидаги жиддий узилишлар туфайли одамлар ўз машиналарини ҳафталаб минмай қўйишга ҳам мажбур бўлишаётган экан.

Таҳлилчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин келажакда Ўзбекистоннинг четдан 4 миллион тоннадан ортиқ бензин сотиб олишига тўғри келиши мумкин.

Ўзбекистон ўз нефть захираларига эга бўлса-да, мавжуд табиий ресурслари ўз ички эҳтиёжини қондириш даражасида бензин ишлаб чиқаришга имкон бермаслиги айтилади.

Ўртага сурилаётган бошқа бир фаразларга кўра, Ўзбекистонда ёқилғи тақчиллиги билан боғлиқ вужудга келган вазиятга яқинда асосан нефть ва газ савдоси билан шуғулланиб келган Zeromax ширкатининг касодга учрагани ҳам сабаб бўлган.

Ўзбекистон асосан Қозоғистондан нефть сотиб олади. Энди эса, Ўзбекистонга ўз нефтини таклиф этиши мумкин бўлган давлатлар сифатида Россия, Туркманистон ва Озарбайжон ҳам тилга олинмоқда.

Янги тадқиқот эса, қозоғистонлик мутахассислар томонидан дунёнинг 65 давлатида олиб борилган.

Унга мувофиқ, энг арзон бензин Қатарда сотиларкан. МДҲ давлатлари орасидан эса, бу борада Россия ва Қозоғистон илғорлик қилишибди.

Дейлик, қатарлик ўзининг ўртача ойлик маошига 6.500 литр бензин сотиб олиши мумкин экан.

Аммо, лозим статистик маълумотлар имконли бўлмагани боис, нефтга бой Озарбайжон ва Туркманистон тадқиқотчилар рейтингига киритилмаган.

Тадқиқот хулосалари эса, бензин нархларининг 2013 йил январ ойидаги кўрсаткичлари ва Жаҳон Меҳнат ташкилотининг ўртача ойлик маошларга оид маълумотларига асосланган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.