BBC navigation

Франция ташқи ишлар вазири Ўзбекистонга сафар қилади

Сўнгги янгиланиш 1 март 2013 - 11:55 GMT

Ўтган йили Париж маҳкамаси Президент Ислом Каримовни диктатор деб атаган

Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус 2 март куни Ўзбекистонга ишчи ташрифи билан боради.

Жаноб Фабиус Президент Ислом Каримов ва бошқа мулозимлар билан учрашади.

Ўзбек томони тарқатган расмий хабарда айтилишича, ташриф доирасида йирик француз ширкатлари раҳбарларининг ўзбек ишбилармон доиралари билан учрашувлари ҳам режаланган.

Ташриф арафасида Парижда жойлашган инсон ҳуқуқлари гуруҳи француз мулозимини ўзбек расмийлари билан музокаралари чоғида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришга чақирган.

"Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси" хусусан, фуқароларнинг ҳаракатланишига қўйилган чекловларга эътибор қаратади.

"Ўзбекистонда совет даврида хорижга чиқишга қўйилган тақиқ сақланиб қолмоқда. Хорижга чиқаётган ҳар бир фуқаро чиқиш визасини олишга мажбур" дейилади баёнотда.

Ташкилотга кўра, Ички ишлар вазирлиги кўпинча инсон ҳақлари ва сиёсий мухолифат фаоллари, журналистлар ва ҳур фикрловчи санъат ва маданият арбобларининг хорижга сафар қилишларига рухсат бермайди.

Хорижга сафар қилиши тақиқланган санъат арбобларидан сўнггиси таниқли рассом Вячеслав Охунов бўлган.

Ўзбек расмийлари Франциядаги санъат фестивалига таклиф қилинган Охуновнинг хорижга сафар қилиши "мақсадга мувофиқ эмаслиги"ни айтишган.

Парижда жойлашган инсон ҳақлари гуруҳи, Франция Ташқи ишлар вазиридан шунингдек, Ўзбекистонда эълон қилинаётган амнистияларнинг 1 ва 2 гуруҳ ногиронлари дохил, сиёсий маҳкумларга нисбатан қўлланмаётганига ҳам эътибор қаратишни сўраган.

Ташкилотга кўра, диний ва сиёсий айблар билан қамалган минглаб маҳбусларнинг қамоқ муддатлари узайтириб қўйилмоқда.

'Диктатор' билан учрашув

Франция Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларининг ашаддий танқидчиларидан эмас, аммо Андижон воқеалари ортидан бир қатор ўзбек инсон ҳуқуқлари фаолларига бошпана берган.

Француз ҳукумати 2008 йилда таниқли ўзбек фаоли Мўътабар Тожибоевани Франция Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги олий мукофоти- "Озодлик, тенглик, биродарлик" соврини билан тақдирлаган.

Ўтган йили Париж маҳкамаси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаеванинг отасини "диктатор" деб атаган француз нашрига қарши даъвосини рад этган.

Шу тариқа француз маҳкамаси Президент Каримовни расман диктатор деб атаган биринчи маҳкама бўлган.

Лоран Фабиус Париж маҳкамасининг қароридан сўнг Президент Ислом Каримов билан учрашаётган биринчи юқори мартабали француз мулозимидир.

Ўзбекистон ҳукумати француз маҳкамасининг қарорига муносабат билдирмаган.

Сармоя муҳити

Евро ҳудудининг иккинчи йирик иқтисоди бўлган Франция Ўзбекистонда салмоқли сармояга эга эмас.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ўтган йил октябрида Парижга ташрифи чоғида француз ширкатларини Ўзбекистоннинг Навоий ва Ангренда ташкил этилган эркин иқтисодий ҳудудлардаги лойиҳаларда иштирок этишга даъват қилган.

Кузатувчилар француз ширкатларининг Ўзбекистонга сармоя киритишга тайёрлигини савол остига оладилар.

Шу кунларда Олмония ширкатларининг Ўзбекистондан чиқиб кетаётганига доир хабарлар олинган.

Олмон матбуотининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми иккинчи йил кетма-кет пасайган.

Жумладан, 2010 йилда бу рақам 759 миллион еврони ташкил этган бўлса, 2011 йилда 518 миллионга тушиб кетган.

Олмониялик ишбилармонлар Ўзбекистондаги сармоя муҳити ва куч тизимларининг бизнес, жумладан, хорижий ширкатларга уюштирган ҳужумларидан хавотирга тушгани айтилади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.