BBC navigation

Қирғизистон: 'Ўзбек қочқини Тошкентга топширилмайди'

Сўнгги янгиланиш 4 март 2013 - 10:28 GMT

Таъқибга тутилган кўплаб ўзбекистонликлар қўшни Қирғизистонга қочиб ўтишади

Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга топширмаслик ҳақидаги Бишкек шаҳар маҳкамаси ҳукми БМТ қочқинлар идораси саъй-ҳаракатлари ортидан чиқарилган.

"Биз бош прокуратурани огоҳлантириб, жаноб Сулаймонов БМТ тарафидан қочқинлик мақомини олганлигини айтгандик" - деган БМТ Қочқинлар идораси маслаҳатчиси Ойнагул Абдураҳмонова - "Қирғизистон эса ўзи имзо чеккан халқаро конвенцияга мувофиқ, қочқин мақомидаги шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилмаслиги керак".

Шу асно Қирғизистон пойтахтидаги Биринчи Май тумани маҳкамаси илгарироқ чиқарган Ҳабибулло Сулаймоновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш қарори ўз кучини йўқотган.

Эндиликда эса БМТ вакиллари ўзбекистонлик қочқин тақдири борасида узоқ муддатли қарор қабул қилиш ва уни учинчи давлатга кўчириш масаласи устида саъй-ҳаракатлар кетаётганини айтишмоқда.

Олдинроқ, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси вакиллари Ҳабибулло Сулаймонов 2012 йил кузидаги махсус амалиёт чоғида қўлга олинганини ва Ўзбекистонда унга қарши террор ҳамда диний экстремизмга оид айблар илгари сурилаётганини таъкидлашганди.

Маълум бўлишича, Қирғизистон хавфсизлик хизматлари Ўзбекистондаги ҳамкасбларидан Ҳабибулло Сулаймоновни экстрадиция қилиш ҳақида сўровнома олишган. Аммо уни ватанига топширишдан аввал маҳкамага мурожаат қилганлар.

Ҳозирги маҳкама ҳукмига қарши эса Қирғизистон хавфсизлик идоралари келаси 10 ичида норозилик билдириб, шикоят қилишлари мумкин.

БМТ вакиллари маҳкамадан олдин ҳибсхонада қолаётган ўзбекистонлик бошпана изловчи билан учрашганлар ва у билан суҳбат асосида қочқинлик мақоми беришга қарор қилганлар.

Асли фарғоналик 56 ёшли Ҳабибулло Сулаймонов 2001 йилдан буён Бишкекда истиқомат қилиб келган.

Ҳьюман Райтс Уотч халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳи Қирғизистонни танқид қилиб, қўшни Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб келаётган шахсларни ҳимоя қилмасликда айблаганди.

Айни дамда, Қирғизистонда қочқинлик мақомини олган бошқа бир Ўзбекистон фуқароси - Шуҳрат Мусин ўтган 18 февралдан бери бедарак кетаётгани хабар қилинган.

Бироқ Қирғизистон куч тизимлари вакиллари жаноб Мусинни қўлга олишгани ҳақидаги даъволарни рад этиб, унинг қаердалигини билмасликларини айтишмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.