BBC navigation

Forbes: Алишер Усмонов яна Россияда бойларнинг бойи

Сўнгги янгиланиш 5 март 2013 - 09:04 GMT

Сўнгги жаҳон рейтингида 6 поғона пастлаганига қарамай, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов бу йил ҳам Россиянинг энг бадавлат одами, деб топилган.

Алишер Усмонов 17.6 миллиард долларга тенг бойлиги билан Америка журналининг янги рўйхатида 34-ўринни эгаллаган.

Forbes журнали ўтган йил апрел ойида ҳам жаноб Усмоновни Россияда бойларнинг бойи, деб топганди.

Алишер Усмонов бундан аввал ҳам журналнинг йиллик рўйхатида Россиянинг бадавлат одамлари қаторидан жой олиб келган.

Аммо фақат ўтган йил Россиядаги барча миллиардерларни ортда қолдириб, илк бор пешқадамликка чиқиб олганди.

Forbes журнали 2012 йилда миллиардернинг бойлигини 18,1 млрд АҚШ доллари дея баҳолаганди.

Аммо, агар Bloomberg агентлигининг ҳисоб-китобларига қаралса, Алишер Усмоновнинг бойлиги ўша йили 20 миллиард АҚШ долларидан ортиқроқни ташкил этган.

Британияда ҳам учта бойдан биттаси

Алишер Усмонов ўтган йили Sunday Times нашрининг Британиядаги энг бой одамлар рўйхатида россиялик бошқа бир миллиардер Роман Абрамович билан бирга юқори учликка киришга ҳам муваффақ бўлганди.

Аммо Forbesнинг янги рейтингда Роман Абрамович 68-ўриндан 107-ўринга тушиб кетган.

Жаноб Абрамовичнинг бойлиги қарийб икки миллиард долларга камайиб, 10.2 миллиардга тушиб қолган.

Алишер Усмонов эса, сўнгги йилларда асосан тоғ-кон саноатидан катта фойда кўраётган бўлса ҳам, интернет ва мобил ширкатларига-да катта пул ташламоқда.

Дейлик, жаноб Усмонов биргина ўтган йилнинг ўзида Facebook ижтимоий тармоғи орқасидан қарийб 1 миллиард фойда кўрган.

Россиядаги учта йирик мобил операторларидан бири бўлган "Мегафон" назоратини ўз қўлига олган.

Энг омадли бизнесмен

59 ёшли Алишер Усмонов асос солган "Металлоинвест" ширкати Россиянинг энг йирик хомашё ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Бундан ташқари, жаноб Усмонов Россиянинг интернет ширкати - Mail.ru нинг 26.9 фоиз ҳиссаларига эгалик қилади.

У россиялик бошқа бир миллиардер Юрий Милнер билан бирга Facebook Inc нинг 10 фоиз ҳиссаларини назорат қилади.

Шунингдек, Лондоннинг "Арсенал" футбол клубининг 27 фоиз ҳиссалари ҳам жаноб Усмоновга тегишли.

Таржимаи ҳол ўрнида

Наманган вилоятининг Чуст шаҳрида, прокурор оиласида туғилган Алишер Усмонов, британ матбуоти маълумотларига кўра, 80-йилларда давлат мулкини ўғирлаш ва фирибгарликда айбланиб, олти йил қамоқда ўтирган.

Алишер Усмоновнинг ҳимоячилари унга қарши айблар Совет даврида ташкиллаштирилган бўлгани ва жаноб Усмоновнинг Михаил Горбачев раҳбарлиги даврида тамоман оқланганини айтишган.

2007 йилда "Гардиан" рўзномаси билан суҳбатда жаноб Усмонов на Ўзбекистон ва на бошқа ерда сиёсат билан шуғулланиш нияти йўқлигини айтган.

Алишер Усмонов Кремл уни президент Каримовга эҳтимолий меросхўр сифатида кўриши ҳақидаги тахминларни "ўзини кремлшунос деб атайдиганларнинг фантазияси" деб атаган.

У на президент Каримов ва на унинг қизи Гулнора Каримова билан алоқаси йўқлигини айтган.

Дунёнинг энг олд миллиардерлари

Бу йилги рейтингда миллиардерларнинг сони ҳам, уларнинг бойликлари миқдори ҳам мисли кўрилмаган даражага етган.

Forbesнинг янги рўйхатида жаъми миллиардерларнинг сони 1.426 тага етган.

Уларнинг бойликлари миқдори эса, $4.6 триллиондан $5.4 триллионга ортган.

Бу йил ҳам энг катта сондаги миллиардерлар Америка(442 та) ҳиссасига тўғри келган бўлса, ундан кейинги ўринларни Осиё-Тинч уммони ҳавзаси давлатлари(386 та), Лотин Америкаси(129 та) ва Яқин Шарқ-Африка(103 та) вакиллари эгаллашган.

Мексикалик медиамагнат Карлос Слим эса, 73 миллиард долларга тенг бойлиги билан яна дунёнинг энг бой одами, деб топилган.

Ўтган йилдагиси каби Американинг Microsoft ширкати асосчиси Билл Гейтс дунёнинг энг бадавлат одамлари рўйхатида иккинчи ўринни эгаллаган.

Испаниялик тадбиркор, Zara дўконлар тармоғи раҳбари Амансио Ортега илк бор юқори учликка киришга муваффақ бўлган.

Бу йилги рўйхатнинг энг катта шов-шуви эса, бразилиялик миллиардер Айке Батиста бўлган.

Бир йилда қарийб 20 миллиард доллар бойлигини йўқотган миллиардер 7-ўриндан ўзиям 100-ўринга тушиб кетган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.