BBC navigation

Ўзбекистонда нечта миллионер бор? Миллиардер-чи?

Сўнгги янгиланиш 5 март 2013 - 13:02 GMT

Медиа плейер

Американинг 'Форбс' журнали рейтингида бу йил ҳам ҳар йилгисидек Ўзбекистон фуқароси бўлган миллиардерлар йўқ. Аммо, таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг World Ultra Wealth ҳисоботига таяниб айтишича, Ўзбекистонда 80 га яқин миллионер бўлиши мумкин.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Американинг 'Форбс' журнали рейтингида бу йил ҳам ҳар йилгисидек Ўзбекистон фуқароси бўлган миллиардерлар йўқ.

Дунёнинг энг бой инсонлари рўйхатига кирган ўзбекистонликлар ҳам бошқа мамлакатлар ишбилармони сифатида эътироф этилганлар.

Кўпчилик бу ҳолатни ўзбекистонлик бойларнинг ўз бойликлари миқдорини ошкор этмасликни истамасликлари билан изоҳлайди.

Аммо, Париждан таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг World Ultra Wealth таҳлилий марказининг ўтган йилги ҳисоботига таяниб айтишича, Ўзбекистонда 80 га яқин миллионер бўлиши мумкин.

"Агар, ҳисоботга қаралса, улардан ҳар бирининг бойлиги 30 миллион АҚШ долларидан ортади. Ўша 80 та одамнинг умумий ялпи бойлиги ҳажми эса, 12 миллиард доллардан ошаркан. Лекин улар қайси асосда, қандай ҳисоб-китоблар билан бундай рақамларни келтирганликларига қизиқиб, тополмагандим", дейди таҳлилчи.

Унинг айтишича, "Ўзбекистондаги асосий олигархлар бу - давлат амалдорлари ёки уларнинг қўл остларидаги шахслар".

"Чунки Ўзбекистонда сиёсий ҳокимият ва айнан бизнес бир-бирига жудаям қоришиб кетган. Ўзбекистонда бизнес, айниқса, йирик бизнес ҳокимиятдан мустақил бўлиши мумкин эмас ва бунга ҳеч ким ишонмайди", дейди суҳбатдошимиз.

Таҳлилчига кўра, "Давлат амалида ўтириб, бойлик орттириш - фақат коррупцияни назарда тутгани боис" ўзбекистонлик бойлар ўз бойликларини ошкор этишмайди.

"Ўзбекистондаги амалдорлар ўзларининг бойликларини очиқ айта олишмайди. Чунки бир қанча саволлар пайдо бўлади ва шаклланган сиёсий маданиятга кўра, имкон қадар бойлигини ҳам, сиёсий амбицияларини ҳам яшириш ўша амалдорнинг сиёсий ҳокимиятда туриш имкониятини узайтиради, холос".

Суҳбатдошимиз, "Ўзбекистонда ижтимоий табақалашув бойларнинг ичида ҳам кузатилиши, бир қанча миллиардерлар борлиги ва миллионерларининг ялпи бойлиги уларникидан анча кам", деган фикрни ҳам изҳор этади.

Унга кўра, "Гулнора Каримова, ҳақиқатдан, Ўзбекистоннинг энг катта бойларидан ҳисобланади ва Ўзбекистон миллиардеру миллионерлар сони бўйича Марказий Осиёда иккинчи ўринда туради".

"Ўйлайманки, Марказий Осиёдаги энг бой оила бу - Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевлар оиласи. Иккинчи бой оила бу - Каримовлар оиласи", дея сўзларида давом этади таҳлилчи.

Ўтган йил январида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида нутқ сўзлаган Президент Ислом Каримов "Ўзбекистонда ўта бой ва ўта камбағаллар бўлмайди," деб айтганди.

Жаноб Каримовга кўра, бундан 10 йил аввал Ўзбекистонда бойларнинг даромадлари камбағалларникидан 20 фоиз кўп бўлган бўлса, бугунга келиб, бу фарқ 8 фоиздан сал кўпроқни ташкил этади, холос.

Аксар маҳаллий ва хорижий кузатувчиларнинг таъкидлашларича эса, Ўзбекистонда мамлакат мустақилликка эришганидан буён шаффоф бизнес билан шуғулланиш ва қонуний йўл билан бойиш имкониятлари яратилмаган.

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.