BBC navigation

Ўзбекистон кимёвий мажмуа қуриш шартномасини бекор қилади

Сўнгги янгиланиш 7 март 2013 - 12:29 GMT

Ўзбекистон Навоий вилоятида қурилиши керак бўлган кимёвий мажмуа шартномасини бекор қилади. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 300 миллион долларни ташкил қилган ва жорий йилда ишга туширилиши керак эди. Лойиҳа БАА ширкати томонидан сармояланиши керак эди..

КазТАГ агентлигининг ҳукуматдаги манбасига таяниб маълум қилишича, Ўзбекистон томони шартномада аниқлаштирилган кўрсаткичларга эга бўла олмаган. Шу сабабдан, ҳужжатни бекор қилишга киришилган.

2010 йилнинг февраль ойида БАА га қарашли International Petroleum Investment Co (IPIC) билан имзоланган шартномага кўра Навоийда қиймати 1 миллиард 300 миллион долларлик кимёвий мажмуа 3 йилнинг ичида ишга туширилиши керак эди.

IPIC ширкатидан бу борада изоҳ олишнинг ҳозирча имкони бўлгани йўқ.

Мажмуа ишга тушгач унда бир йилда қишлоқ хўжалигида ишлатилувчи 900 минг тонна аммиак ва 1 миллион тонна карбамид ишлаб чиқарилиши керак эди.

Шартномада маҳсулотнинг 70 фоизи эскпорт қилиниши ва қолгани ички бозорга чиқарилиши кўрсатилган.

Сармоядорларга маслаҳат бериш билан шуғулланувчи “Машварат - Маслаҳат” ширкати асосчиси, иқтисодчи Анвар Ҳусаиновга кўра шартноманинг бекор қилинишига асосий сабаб табиий газ экспортининг ортгани ва ишлаб чиқарилган товарнинг экспорт қилиш нархлари баландлигида бўлиши мумкин.

“Карбамид ишлаб чиқаришнинг асосиий хом ашёси бу табиий газ. Мана шу табиий газнинг катта қисмини Ўзбекистон Хитой ва хорижга сотаяпти. Транспорт ҳаражатларининг нархи ошди. Айниқса темир йўл транспортининг нархлари ошиб кетди. Божхона иттифоқи тузилганидан сўнг Қозоғистон ва Россия орқали хорижга чиқадиган йўллар қимматга тушаяпти”, - дейди Анвар Ҳусаинов.

Иқтисодчига кўра бугунга келиб аммияк ва карбамиднинг жаҳон бозоридаги нархи кўтарилгани йўқ, аммо уни ишлаб чиқариш ва етказиш қимматга тушиши мумкин. Шу жиҳатдан ушбу махсулотларни айни вақтда ишлаб чиқариш фойдали бўлмайди.

Ўзбекистонда Чирчиқ, Фарғона ва Навоийда карбамид ишлаб чиқарилади. Иқтисодчи Анвар Ҳусаиновга кўра Ўзбекистон сармояни ушбу заводларни модернизациялашга жалб қилганида ўзини оқларди.

IPIC ширкати билан тузилган шартномага кўра Ўзбекистон томони ташқи инфратузилма бўлмиш йўл ва темир йўл қурилишини таъминлаши, энергия таъминотини етказиб бериши лозим эди.

БАА томони эса лойиҳани 80 фоиз молиялаб уни ишга туширишга масъул эди.
Кузатувчилар 1 миллард доллардан ортиқ сармоянинг бекор қилиниши Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўсига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтишади.

Иккинчи томондан Ўзбекистон бозорига шиддат билан кириб келаётган Жанубий Корея ва Хитой сармоялари олдида IPIC ширкатининг лойиҳаси рақобатга киришолмаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.