BBC navigation

'Ўзбекистон минтақа гигантига айланади'

Сўнгги янгиланиш 12 март 2013 - 11:42 GMT

АҚШ собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон даврида Тошкент ва Вашингтон алоқалари қайтадан илий бошлаган

Таҳлилчилар бир фикрни такрорлашаётир: Ўзбекистон Марказий Осиёда АҚШнинг асосий ҳамкорига айланмоқда, деб бошланади Независимая газетанинг бир қадар хавотирларга тўла мақоласи.

Россия нашрининг ҳадиклари, шаксиз, Марказий Осиёнинг энг стратегик муҳим ва аҳолиси катта бўлган Ўзбекистондек бир мамлакати Ғарб билан ҳамкорлик сари тобора кўпроқ мойиллик кўрсатаётганига тақалади.

Тошкент бу ҳамкорликдан иқтисодий манфаат кўришни ҳам истайди, деб давом этади Независимая газета.

Ҳьюман Райтс Уотч каби халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу ҳамкорлик доирасида Вашингтон Тошкент олдига инсон ҳуқуқларига оид вазиятни яхшилаш талабини қўйишга чақирмоқдалар.

Аммо Вакиллар палатасида аллақачон Ўзбекистонга берилажак ҳарбий ёрдам мубояса этилган ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари чақириқлари Американинг қулоғига кирмаса керак.

Бунинг устига, деб ёзади Независимая газета, феврал ойида Тошкентга борган Америка конгресси аъзолари ҳайъати бир фикрни айтишди, яъни Ўзбек ҳукумати киритаётган инсон ҳуқуқларига оид чекловларни оқлайдиган сабаб бор ва бу исломий экстремизм таҳдидидир.

Газетага кўра, Президент Ислом Каримов ҳам АҚШ конгресси Оврўпо ва Осиё қуйи қўмитаси раиси Дан Рорабахер билан учрашувда Вашингтон билан ҳарбий ҳамкорликни кучайтириш истагини билдирган.

АҚШ конгресси аъзосидан иқтибос келтирган Eurasianet эса Ўзбек ҳукумати Совет давридан қолган қурол-яроғларни Американинг янгича қурол-аслаҳаси билан янгиламоқчи, деб таъкидлайди.

Шу асно, мана шу март бошида Тошкент ўз истагига ижобий жавоб олган.

АҚШ давлат котиби муовини Роберт Блейк эса Ўзбекистонга ҳалокатли хусусиятга эга бўлмаган қуролларни, хусусан, учувчисиз парвоз қиладиган дрон учоқларини беришини ҳам айтган.

Независимая нашрига биноан, Афғонистондан олиб чиқиладиган техника ва қуролларнинг муайян қисмини АҚШ тарафи Марказий Осиёда қолдирмоқчи деган хабарларга сўнгги таъкид жуда мос тушади.

Матбуотда эса ана энди Тошкент Россия қуролларидан воз кечади деган фикрлар кучайган.

Аммо Россиялик ҳарбий мутахассисларга кўра, гап бу ерда Ўзбек армиясининг НАТО андазаларини қабул қилаётгани ҳақида кетмоқда.

"Олдинроқ Гуржистон ва Озарбайжон худди шу йўлдан ўтишганди" - дейди Чегаралар бўйича ҳамкорлик уюшмаси раҳбари Александр Собянин - "Ҳозир МДҲ ҳудудларида энг жангу жадалга тайёр армия бу - НАТО андазаларига жавоб берувчи Озарбайжон қуролли кучлари".

"Боку билан кечган тажрибага қаралса, Ўзбекистон Россия қуролларидан воз кечмайди, балки янада кўпроқ миқдорда Россиядан замонавий қуролларни сотиб ола бошлайди".

Александр Собяниндан иқтибос келтираётган Независимая газетага кўра, Ўзбекистон аллақачон ўз армиясини хорижий қуроллар билан таъминламоқда, чунки советлардан қолган эски қурол-аслаҳа ва аскарларни тайёрлаш усуллари замонавий талабларга жавоб бермайди.

"Ҳали 1990-йиллар бошида Ўзбек армияси Марғилон ва Намангандаги ички исёнларни бостиришга қаратилган эди, 2005 йилда эса Андижонга эътибор берилди" - дейди Александр Собянин - "Шунингдек, 1999-2000 йиллари Ўзбекистонга суқилиб киришга интилган исломий жангариларга қарши курашга йўналтирилган".

Ўзбекистон келажаги

Ғарбдаги Джеймстаун жамғармаси таҳлилчиси Маргарита Асеновага таяниб ёзаётган газета Ўзбекистон иштирокисиз минтақада хавфсизликни таъминлаб бўлмаслигини урғулайди.

Россиялик таҳлилчиларга кўра, Ислом Каримов ҳозир ўз мамлакати манфаатларига зарар етказмаган ҳолда ҳам АҚШ ва ҳам Ўзбекистоннинг стратегик қарашларини энг олий мувофиқлик нуқтасига чиқаришдек бир вазифани Абдулазиз Комиловнинг елкасига юклаган.

"Хуллас, Ўзбекистон ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий гигантга айланишда изчил давом этади" - дейди россиялик таҳлилчи Александр Собянин - "Бу дегани Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон учун бемалол юрадиган даврлар тугайди".

"Ўзбекистон, шунингдек, иқтисодий замонавийлашиш учун ҳам очилади ва АҚШ назорати остида ғарб давлатлари Ўзбекистонга сармоя кирита бошлайдилар".

Америка Қўшма Штатлари бу борада стратегик йўналишни белгилайди, лекин ўзлари бу республикага катта пул ётиришни исташмайди, деб ёзади газета.

"Бундан бошқа бир мақсад кўзланмоқда, у ҳам бўлса - Ўзбекистонни жадал ривожлантириб, Овросиё Иттифоқи ғоясини чиппакка чиқариш" - дея хулоса қилади Россия таҳлилчиси.

Аммо газетага кўра, Марказий Осиёда аниқ тўқнашувларга йўл қўймаслик учун, Москва юзага келган вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини топиши керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.