BBC navigation

Bilan:'Гулнора Каримова ўз пуллари манбаъсини айтмаяпти'

Сўнгги янгиланиш 14 март 2013 - 13:32 GMT

Швейцариянинг энг бой одамлари рўйхатида бўлган Гулнора Каримова ўз бойликларининг манбаъси ҳақидаги саволларни жавобсиз қолдириб келмоқда.

Рўйхатни тузган Bilan журналига кўра, Каримова хоним 2009 йилда ўзининг бу рўйхатга киритилишини истамаган.

Ўтган ҳафта Bilan га берган интервюсида Гулнора Каримова Ўзбекистон телеком тизимидаги коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги даъволарни рад этган.

Би-би-си Каримова хоним билан суҳбатлашган журналист Луижино Каналдан суҳбат қандай амалга ошгани ҳақида сўраган.

Луижино Канал: Бу жараён 2009 йилда бошланганини эсга олишим керак. Мен мустақил бир журналистман ва Bilan журнали учун материаллар тайёрлайман. Бу журнал 2000 йилдан бошлаб Швейцариянинг "300 энг бой шахси" деган рўйхат тузиб келади. 2009 йили Гулнора Каримова ва Лола Каримова Швейцариянинг Женева шаҳрида истиқомат қилишлари маълум бўлиб, уларни мана шу рўйхатга киритилиши керак бўлиб қолди. Бу ҳолатда рўйхатга молик инсонлар билан алоқа тузилиши керак эди. Мен Гулнора Каримова хонимларининг матбуот хизмати орқали алоқа ўрнатишга уриндим ва ўшанда у билан илк бор учрашдим. Гап шундаки, Гулнора Каримова рўйхатга киритилишига қарши эди. Ўшанда узоқ муҳокамалар бўлди. Кейин ҳар йили Bilan бу рўйхатни янгилар экан, мен Каримова хонимларининг матбуот хизмати орқали у билан боғланардим. Уч маротаба учрашганман. Бу биринчидан. Иккинчидан, ўтган йили Швейцария ва Швецияда ноқонуний маблағларни ўзлаштириш ёки пулларни ювиш машмашаси кўтарилгач, мен яна матбуот хизмати билан боғланиб, Каримова хонимларининг бунга муносабатини билмоқчи бўлдим. Жавоб ҳамиша на ҳа, на йўқ бўлган. Ниҳоят, бундан бир неча ҳафта аввал майли, деган жавоб келди. Лекин расмий равишда мурожаат бўлсин, дейилди. У Twitterда фаол эканлигидан бохабар бўлгач, мен Bilan журналининг бош муҳарририга Twitter орқали мурожаат қилишни тавсия қилдим. Розилик жавобини олгач, менинг Тошкентга боришим таклиф этилди, лекин мен турли сабабларга кўра, у ерга боролмаганим учун интервью электрон почта орқали ўтказилди. Мен саволларимни email орқали юбордим. Рост, у саволларимнинг бир қисмига жавоб берибди холос, лекин биз шунга ҳам рози эдик.

Би-би-си: Чоп этилган интервьюга кирмаган яна қандай саволлар берган эдингиз?

Луижино Канал: Саволлар кенг қамровли эди. Женеванинг турли банкларига жойлаштирилган ва у ерда Швейцария томонидан музлатилган пулларни ювиш хусусида, Швейцарияда очилган тергов хусусида, Societe suisseга қўйилган пуллар тўғрисида, МТС, Швециядаги Телиосонера хусусида ва бошқа саволлар. Саволларим айтганимдек кенг миқёсда эди, лекин у фақат тўрт саволга жавоб беришга қарор қилибди. Биз эса охир-оқибат атиги учта саволга жавобни чоп этдик, чунки жавоблар жуда узун бўлган. Биз жавобларнинг баъзи қисмларини қизиқ бўлмагани туфайли ва узунлигидан қирқишга мажбур бўлдик. Биз чоп этган жавоблар - жавобларнинг энг аҳамиятли, энг қизиқ жойларидир.

Би-би-си: Сиз Гулнора Каримованинг бу бойликларни, умуман қаердан олгани, қандай қилиб қўлга киритгани ҳақида ҳам сўрадингизми?

Луижино Канал: Буниси жавобсиз қолган саволларнинг бир қисми эди. Назаримда, бу каби саволларга у email орқали эмас, юзма-юз тарзда жавоб бермоқчидир, деган фикрдаман. Келаси ҳафта ё келаётган ойларда юзма-юз интервью ўтказишдан умидимиз йўқ эмас. Буни балки Ўзбекистонда, балки Женевада ўтказармиз. Биз умуман жавоб олмасликдан кўра, жилла қурса учта саволимизга жавоб олганимиздан қониқдик. Бу узунроқ, юзма-юз бўлажак интервьюнинг биринчи қисми, деб тушуниш мумкин.

Би-би-си: Каримова хонимларининг бойликлари ҳақида гапирган экансиз, 300 та энг бой швейцариялик орасида унинг миқёси қандай эди?

Луижино Канал: Бу масала Каримова хонимлари оиласи билан ҳар йил муаммога айланар эди. Биз бу бойликни чамалаб, Каримова оиласининг жаъми бойлигини 900 миллион швейцар франки атрофида, деб белгилаганмиз. Қайтараман, фақат Гулнора Каримова эмас, балки оила бойлиги, бизнинг ҳисоб-китобимизча 900 миллион франкка тенг. Лекин айтиш жоизки, бу чамалашни амалга ошириш ўта қийин. Бу рақамни Гулнора Каримова "анчайин бўрттирилган" деб даъво қилган. Ҳамиша изоҳга ҳожат йўқ, деб келишган. Бу каби "изоҳга ҳожат йўқ" деган шиор рўйхатдаги бойлар орасида анча кенг тарқалган. Бу рақам Bilan журналининг чамалашидир.

Би-би-си: Сиз бу рақамга қай тарзда келгансизлар?

Луижино Канал: Бунда бир сидра йўл-йўриқларимиз мавжуд, манбаъларимиз ҳам бор. Ундан ташқари, бошқа ахборот воситаларининг чамалашлари ҳам қўлланилади. Манбаъларимизни албатта очмайману, бироқ ишончли манбаъларимиз мавжуд. Улар бизга бойликнинг миқёсига тааллуқли баъзи маълумотларни беришади. Лекин айтганимдек - буниси чамалаш, холос. Ундан кўп ё кам бўлиши мумкин. Буниси аниқ рақам эмас.

Би-би-си: Сиз Гулнора Каримова билан анчадан бери алоқада экансиз, шахс сифатида у ҳақдаги таассуротингиз қандай?

Луижино Канал: Мен уни яхши танийман, деб айтолмайман. Илк бор Гулнора Каримовани 2009 йили бир-бир ярим соат давомида кўрганман. Унда биз Bilan рўйхатига киритилиш-киритилмаслик масаласини муҳокама қилган эдик. Кейин бир неча бор Ўзбекистоннинг Женевадаги миссияси Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан берган зиёфатларда учратганман. Бундан ортиқ уни билмайман. Менинг тааcсуротим - у кўп қиррали бир инсондир. Бир қарасангиз заргар, бир қарасангиз хонанда, вақти билан дипломат, кейин мода билан шуғулланган... яъни шахс ўлароқ, таъбир жоиз бўлса, комплекс бир шахсдир. Бу менинг илк тааcсуротим. Бироқ уни яқиндан билмаслигим учун аниқ баҳо беришим қийин.

Би-би-си: Эндиги режаларингиз қандай?

Луижино Канал: Мен ҳозир Лотин Америкасидаман. Женевага қайтгач тўлиқроқ интервью имконига эришишга тиришаман. Каримова хоним менинг саволларимнинг қолган қисмига ҳам жавоб беришга жазм қиладими - ана шуни кўрамиз.

Би-би-си: Ва ниҳоят, сўнгги саволимиз, Гулнора Каримова рус тилида чоп этган интервьюси Bilanда чоп этилган интервьюдан анча фарқ қилади. Нега бундай? Бу ҳодиса интервьюнинг шартларидан бўлганми?

Луижино Канал: Йўқ, рус вариантининг фарқлигидан мен умуман хабардор эмасман. Биз саволларимизни француз тилида жўнатганмиз. У бизга француз тилида жавоб берган. Рост, унинг французчаси таҳрирталаб эди. Бироқ биринчи вариант ўта узун бўлганлиги туфайли ундан ишга ярайдиган вариант чиқариш учун кесишга ва таҳрир қилишга тўғри келди. Лекин бу интервьюнинг русча варианти борлигидан менинг хабарим йўқ. Биз чоп этган французча вариант биз учун ягона тўғри вариантдир. Балки рус тилидаги нусха бу бизга дастлаб юборилган узун вариантнинг русча таржимасидар. Биз фақат Bilan журналида француз тилида чоп этилган вариант ҳақида гапира оламиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.