BBC navigation

Ўзбек-Афғон чегарасидаги отишмада инсонлар ҳалок бўлган

Сўнгги янгиланиш 16 март 2013 - 11:50 GMT

Ўзбекистон Чегара қўмитасига кўра, Ўзбек-Афғон чегарасидаги Амударё ўртасида жойлашган "Пайғамбар Орол" қўриқхонаси ҳудудига 30 тача Афғонистон фуқароси ўтган. Ўзбек чегарачилари ва чегарани бузувчилар ўртасидаги тўқнашувда уч Афғон ҳалок бўлган.

Хабарни Ўзбекистондаги 12news.uz веб-сайти тарқатган.

12news.uz Ўзбекистон Чегара қўмитаси матбуот хизматига таянади.

Ўзбек Чегара қўмитасига кўра, ҳодиса 14 март, пайшанба куни юз берган.

12news.uz хабарига кўра, Ўзбек-Афғон чегарасидаги Амударё ўртасида жойлашган Пайғамбар Орол деб аталадиган Ўзбекистонга тегишли бўлган ҳудудда Ўзбек чегарачилари 30 тача Афғон фуқароси юрганини кўриб қолганлар.

Ўзбек чегарачилари бу ҳудудни тарк этишни талаб қилганлари, чегарачиларнинг қонуний талабини Афғонлар инкор этганлари айтилади.

Ўзбек веб-сайтига кўра, Афғонистон фуқароларидан 10 тачаси чегарачиларга ҳужум қилиб, уларнинг қўлларидаги қуролларни тортиб олишга ҳаракат қилганлар.

"Ўзларининг хавфсизликлари учун чегарачилар наряди бир неча огоҳлантирувчи ўқ отишга мажбур бўлган, шундан кейин ҳужум қилганларга қарши қурол қўллашга мажбур бўлганлар. Тўқнашув оқибатида тўрт Афғонистон фуқароси ўқотар қуролдан жароҳат олган, улардан уч нафари кейинроқ ҳаётдан кўз юмган. Қолган чегара бузувчилар ўз мамлакатларининг ҳудудида яширинганлар. Қўшни мамлакатнинг ярадор фуқаросига тез тиббий ёрдам кўрсатилди", деган хабарни Ўзбекистон Чегара қўмитаси матбуот хизмати тарқатган.

Ўзбек веб-сайти хабар қилишича, ўша куни ҳалок бўлган Афғонларнинг жасадлари ва қўлга олинганларни Афғонистон томонига беришга қарор қилинган, бироқ Афғонистон чегарачилари ўз фуқароларини қабул қилишдан бош тортганлар.

Веб-сайт охирги пайтларда афғонистонликлар томонидан Ўзбекистонга тегишли бўлган орол томонга ўтиш, яъни икки давлат чегарасини бузиб ўтиш ҳоллари кўпайган.

Ўзбек Чегара қўмитаси шу йилнинг бошидан буён 22 марта ана шундай ҳодиса юз бергани, Афғонистоннинг 105 фуқароси қўлга олингани ҳақида хабар қилган.

Пайғамбар Орол Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳридан 20 километрча шимоли-ғарбда жойлашган.

Орол ҳудуди 30 квадрат километрни ташкил этади.

У ерда 1963 йилгача қишлоқ бўлган, 1960 йилдан орол ҳудудида ёввойи ҳайвонларни асраш мақсадида қўриқхона ташкил этилган.

Афғонистоннинг Тожикистон Бадахшонидаги ўтиш қийин тоғли ҳудудларидан фарқли ўлароқ Совет замонида Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятига чегарадош жойлари қаттиқ мустаҳкамланган.

Термизнинг ҳайвонот боғидан Амударёнинг Афғонистон соҳилидаги ҳудуди яққол кўриниб туришига қарамасдан, бу жойларда чегарадан умуман ўтиб бўлмас шароит яратилган.

Улкан ҳудудда оёқ излари кўринадиган нейтрал зоналар ташкил этилган, тиканли симлар тортилган.

Шунинг учун бу ҳудудларни наркотик моддаларни олиб ўтувчилар ўзлари учун қулай деб билмаганлар.

Пайғамбар Оролда пайдо бўлган Афғонларнинг мақсадлари нима бўлгани ҳозирча номаълум.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.