BBC navigation

Мамадали Маҳмудовнинг қамоқдан чиқишига 'умиди қолмаган'

Сўнгги янгиланиш 20 март 2013 - 12:51 GMT

Медиа плейер

14 йилдан буён қамоқда қолаётган таниқли адиб Мамадали Маҳмудов устидан янги тергов жараёни ниҳоясига етган.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Мамадали Маҳмудов Ўзбекистондаги энг кекса сиёсий маҳбуслардан биридир

14 йилдан буён қамоқда қолаётган таниқли адиб Мамадали Маҳмудовнинг жазо муддати яна бир неча йилга узайтирилиши мумкин.

Бу ҳақда яқинларига унинг ҳимоячиси маълум қилган.

72 ёшли ёзувчи билан 6 март куни Тоштурмада учрашган ҳимоячисининг айтишича, Мамадали Маҳмудов устидан ўтган ой бошланган янги тергов жараёни ниҳоясига етган ва у айблов хулосаси билан таништирилган.

Унга мувофиқ, таниқли адиб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 221 - моддаси - "Жазони ижро этиш муассаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик" да айбланмоқда.

Ушбу модда энг кам уч ярим йил, энг кўп беш йиллик қамоқ жазоларини назарда тутади.

Мамадали Маҳмудов устидан маҳкаманинг қачон ва қаерда бўлиб ўтиши номаълум.

'Барибир қўшиб беришади'

Таниқли шоира ва мухолифат фаоли Дилором Исҳоқованинг ҳимоячига иқтибосан билдиришича, Мамадали Маҳмудовга жаъми 31 эпизод бўйича айб қўйилган.

Унинг сўзларига кўра, Мамадали Маҳмудов бу айбловларнинг барчасини рад этган, аммо айблов хулосасига имзо чеккан.

"Ачинарлиси шуки, Мамадали ака айблов хулосасига ҳеч нарса демасдан қўл қўйиб берган. Ҳимоячининг "қамоқхона тартибини бузмаган бўлсангиз, нега қилмаган айбингизга иқрор бўлиб, қўл қўйдингиз?" деган саволига у "бунинг аҳамияти йўқ, қўл қўяманми, қўйманманми, менга барибир қўшиб беришади", - деб жавоб берган. Мамадали аканинг қамоқдан чиқишига умиди қолмаган, - дейди Дилором Исҳоқова Би-би-си билан суҳбатда.

Унга кўра, ҳимоячиси Мамадали Маҳмудовнинг аввалроқ қамоқхонада боши ёрилишига нима сабаб бўлгани ҳақида ҳам сўраган.

Мамадали Маҳмудов қон босими кўтарилиши натижасида кўзи қорайиб, йиқилгани ва бошидан жароҳат олганини айтган.

Ўтган йил ноябрида ёзувчини қамоқхонада бориб кўрган қизи унинг бошида чуқур яра борлигини айтган, бу эса 72 ёшли адиб қийноққа солинаётган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни уйғотган эди.

72 ёшли адиб қатор хасталиклардан азоб чекиши айтилади.

'Айбсиз'

Адабий таҳаллуси Эврил Турон бўлган Мамадали Маҳмудов 1999 йилда Тошкентда юз берган портлашларга алоқадорликда айбланиб, 14 йиллик қамоқ жазсига маҳкум этилганди.

Маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Ўтган ой 14 йиллик қамоқ муддати ниҳоясига етаркан, Тошкент вилоятининг Чирчиқ туманидаги УЯ 64/6 жазо муассасида ёзувчига қарши янги жиноят иши очилгани ҳақида хабар олинган.

Халқаро Пен клуб ва жаҳондаги бир қатор таниқли ёзувчилар Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовга Мамадали Маҳмудовни озод этишни сўраб, мактублар йўллашган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Мамадали Маҳмудовнинг айбсиз эканини айтиб, уни озод этишни талаб қилиб келиб келадилар.

Уларга кўра, Мамадали Маҳмудов таниқли шоир ва мухолифат раҳбари Муҳаммад Солиҳга яқинлиги учун жазоланган.

Аввалроқ Муҳаммад Солиҳнинг укаси Муҳаммад Бекжоннинг жазо муддати ҳам қамоқхона тартибини бузгани важидан узайтириб қўйилганди.

Би-би-си билан суҳбатда таниқли шоира ва мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова Мамадали Маҳмудовнинг умидсизлигидан қайғуга тушганини айтади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.