BBC navigation

Бадахшондаги Толибон сафида ўзбекистонлик аёл ҳам борлиги айтилмоқда

Сўнгги янгиланиш 25 март 2013 - 14:09 GMT
Жангарилар сафида илк бор ўзбекистонлик аёлнинг борлиги айтилмоқда

Жангарилар сафида илк бор ўзбекистонлик аёлнинг борлиги айтилмоқда

Шимолий Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош минтақаларида қарийб икки ҳафтадан бери Толибон ва ҳукумат кучлари орасида жанглар кечмоқда.

Овлоқ ва тоғли Бадахшон вилояти нафақат жангарилар, балки гиёҳванд модда сотувчилар, ишлаб чиқарувчилар ва Толибон учун ҳам бехатар бошпанага айлангани айтилади.

Сўнгги жангларда эса, асосан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари урушаётгани ҳақида хабарлар бор.

Кобулдаги Би-биси мухбири Фозил Аҳмад Ёлғузга кўра, ЎИҲга тегишли экани айтилаётган ушбу қуроллилар кўплари Покистон ҳудудидан ўтиб келишгани айтилмоқда.

Айрим манбалар, ҳатто, ўзбекистонлик жангари аёл борасида ҳам гапиради.

"Бадахшон расмийлари ҳам Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангарилари орасида Хадича исмли аёлнинг ҳам борлигини иддао қилишади. Айтилишича, бу аёл ўта фаол ва минтақадаги Толибонга портловчи воситалар тайёрлашда ёрдам берар экан", дейди мухбиримиз.

Бироқ, ҳозиргача мазкур хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имкони бўлмаган. Толибон исёнкорлари ҳам бунга бирон муносабат билдирмаган.

"Толибон сафида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари борлиги кўп марта айтилган, бироқ илк бор ўзбекистонлик аёлнинг афғон кучларига қарши жангларда кўмаклашаётгани расмийлар тарафидан тилга олинмоқда", дейди Фозил Аҳмад Ёлғуз Кобулдан.

Покистонда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қақшатқич ҳужумларга тутилган, таркибидаги жуда кўп жангарилар ҳалок этилган ва ё қўлга олинган.

Қолган қисми эса, Афғонистон шимолига қочиб ўтгани ва Толибон сафидан туриб фаолият қилаётгани хусусида хабар қилинганди.

Аммо, уларнинг аниқ сони борасида аниқ рақамлар келтирилмайди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.