Гулнора Каримова отасининг касаллиги ҳақидаги хабарларни рад этди

75 ёшли Президент Ислом Каримовнинг касаллиги ҳақидаги хабарлар бундан аввал ҳам пайдо бўлган, аммо кейинроқ тасдиғини топмаган
Image caption 75 ёшли Президент Ислом Каримовнинг касаллиги ҳақидаги хабарлар бундан аввал ҳам пайдо бўлган, аммо кейинроқ тасдиғини топмаган

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова отасининг юрак ҳуружи кечиргани ҳақида мухолифат манбаълари тарқатган хабарни рад этган.

Твиттер фойдаланувчиларидан бирининг Президент Каримовнинг соғлиги ҳақидаги саволига жавоб бераркан, Каримова хоним Президентни касал деб ўйлаш учун одам "ақлдан озган бўлиши керак", деб айтган.

Гулнора Каримова отасининг Наврўз тантаналари чоғида 20 дақиқа тўхтамай ўйинга тушганини хотирлатган.

Мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ Ҳаракати 75 ёшли Президент Каримовнинг 19 март куни юрак ҳуружи кечиргани ҳақида хабар тарқатган ягона манбаъ бўлиб қолаётир.

Мухолифатнинг даъвоси Президент девонидаги манбаъларнинг раддиясига сабаб бўлган.

Олдинроқ, РИА Новости агентлиги Президент котибиятидаги манбаънинг "Президент Каримов пайшанба куни инфаркт бўлгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди" деган сўзларидан иқтибос келтирганди.

Аввалроқ, агентлик Президент девонидаги манбаънинг хориждаги мухолифат нашрларида пайдо бўлган хабарларни "уйдирма" деб атаган сўзларини чоп этганди.

Президент Каримов атрофидагиларнинг унинг касаллиги инкор қилувчи сўзлари янада қатъийлашган эса-да, расман на Оқсарой ва на Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги бу борада ҳеч қандай хабар тарқатгани йўқ.

Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Одилбек Қайипбергенов Би-би-сининг сўровига Президентнинг касаллигидан хабари йўқлигини айтганди.

75 ёшли Президент Ислом Каримовнинг касаллиги ҳақидаги хабарлар бундан аввал ҳам пайдо бўлган, аммо кейинроқ тасдиғини топмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ