Меҳнат муҳожирларининг миллиардлаб долларлари қаёққа кетаяпти?

Агар, Тожикистонда олиб борилган тадқиқот натижаларига қаралса, бунча пул мамлакат иқтисодининг ривожланишига деярли ҳисса қўшмаётир.

Маҳаллий интернет нашрлари тарқатган хабарларга таянилса, бундай хулосага Тожикистон Президенти қошидаги Стратегик Тадқиқотлар маркази экспертлари келишган.

Экспертларга кўра, ўтган тўрт йил ичида меҳнат муҳожирлари Ватанларига қарийб 10 миллиард доллар пул юборишган эса-да, бу - Тожикистонни бой қила олмаган.

Тадқиқот бир оила аъзоси четда меҳнат муҳожирлигида банд бўлган 1.5000 га яқин меҳнат муҳожири орасида олиб борилган.

Келинган хулосадан аён бўлишича, тожикистонлик меҳнат муҳожирлари юбораётган маблағнинг катта қисми Тожикистоннинг ўзида қолмай, яна четга чиқиб кетган.

Бунча пул Россия ва Хитойдан озиқ-овқат, кийим-кечак, нефть ва қурилиш маҳсулотлари сотиб олишга харжланган.

Агар, меҳнат муҳожирлари жўнатган маблағ ўтган йили 3.5 миллиард доллардан ортиқроқни ташкил этган бўлса, шунинг бир миллиардга яқини оилаларининг ейиш-ичишларига кетган.

Маълум бўлишича, худди шунча миқдордаги пул кийим-кечак, пойабзал ва хўжалик моллари харидига сарфланган.

Ўтган йили меҳнат муҳожирлиги орқасидан келган пулнинг 300 миллион долларга яқини эса, тўйу ҳашам, турли байрамлар ва аза маросимларга харжланган.

Тожикистонлик экспертлар мавжуд вазиятга мамлакат тижорат банкларидаги фоиз кўрсаткичларининг ўта юқорилиги ва бизнес муҳитининг суст ривожлангани сабаб, деган хулосага келишган.

Экспертларга кўра, бу ўринда энергия тақчиллиги, тадбиркорлик тажрибасининг камлиги, ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги ва маҳаллий масъуллар томонидан турли маъмурий тўсиқларнинг мавжудлиги ҳам катта таъсирга эга бўлган.

Лекин, шунда ҳам, тожикистонлик экспертларнинг таъкидлашларича, Россияда ишлаётган ҳар бир меҳнат муҳожири ўз ватанида янги иш ўринлари яратмоқда.

Улар юбораётган пуллар эса, Тожикистон иқтисодий ва ижтимоий барқарорлигининг кафолати бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистондаги вазият қандай?

Агар, расмий рақамларга қаралса, Россия ва Қозоғистондаги ҳам қонуний, ҳам ноқонуний ишлаётган ўзбекистонлик муҳожирлар сони 5 миллион атрофида.

Уларнинг кўпчилиги қийин шароитларда, ҳақ-ҳуқуқсиз ва энг оғир ишларни қилиб, пул топишади.

Ўзбекистон ичкарисида эса, одатда, бу каби муҳожирларни борига қаноат қилмасдан, бойлик орттириш учун четга кетган ношукурлар сифатида тасвирлашади ва ҳатто, машҳур ашулачилар муҳожирларни қоралаб қўшиқлар айтишган.

Аммо Ўзбекистон иқтисодида муҳожирлар жўнатадиган пулларнинг салмоғи жуда катта ва уларнинг Ўзбекистонда қолган оилалари айнан ана шу маблағ эвазига кун кўраётгани, уй солиб, тўй қилаётгани айтилади.

Дейлик, Россия Марказий Банкининг сўнгги маълумотларига кўра, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўтган йили ўз Ватанларига 6 миллиард долларга яқин пул юборишган.

Узоқ йиллардан бери Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонлик суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, ораларида топаётган пулларига Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини бошлаганлари жудаям кам.

"Ўзбекистонда тадбиркорлик учун маъмурий тўсиқлар Тожикистонга қараганда кўпроқ. Тадбиркорликни ривожлантириш учун энг аввало қоғозбозлик ва ҳар қандай текшир-текширларни чеклаш керак. Коррупция муаммоси, маъмурий тўсиқлар ва солиқ соҳасидаги бошбошдоқликлар бунга тўсқинлик қилаётган асосий омиллардир", дейди у.

Суҳбатдошимиз, агар бу каби қийинчиликлар бўлмаса, ўзи ҳам Ўзбекистонга қайтиб, меҳнат муҳожирлигидан топган пулига бирор бир цех, дўкон ёки маблағи етса, ёқилғи қуйиш шохобчаси очган бўлиши мумкинлигини айтади.

"Бошида имкон беришади-да, шундан сўнг бир кўзга кўринганингиздан кейин тўсиқларнинг каттасини бошлаб беришади. Кейин ўша одам тадбиркорлигини ҳам ташлолмайди, шу ишни бошлаганига ҳам пушаймон бўлиб қолаверади", дейди у:

Маҳаллий эксперт Анвар Ҳусаиновнинг айтишича, меҳнат муҳожирлари юбораётган миллиардлаб доллар маблағнинг асосан ҳовли-жой, тўй-ҳашам ва оилаларнинг турли эҳтиёжларига сарфланаётгани Ўзбекистон мисолида ҳам бунча катта миқдордаги пулнинг мамлакат иқтисодида иш бермаётганини кўрсатади.

"Афсуски, бу соҳада яхши ўйланган давлат сиёсати йўқ. Хорижда ишлаётган тадбиркорларимиз, ишчиларимизнинг маблағларидан мамлакат тараққиёти йўлида фойдаланишнинг бирор бир давлат ёки ижтимоий тизимлари ташкил қилинмаган", дейди у.

Эксперт, ўз ўрнида, бунинг сабабини меҳнат муҳожирларига муносабат сиёсат даражасида шаклланмагани билан изоҳлайди:

"Ўзбекистоннинг бугунги куни ҳам, келажаги назарда ҳам тутилганда, меҳнат муҳожирлари топаётган маблағлар ҳою-ҳавас, озиқ-овқатга кетадими ёки мамлакат тараққиёти йўлига сарфланадими, бу - ниҳоятда катта иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга бир масала", дейди у.

Лекин, шунда ҳам, ўзбекистонлик кузатувчиларга кўра, муҳожирлик ва унинг ортидан келаётган даромад - ҳозир айнан шунча катта сондаги меҳнат муҳожирлари, Ўзбекистоннинг ночор қатламларидан чиқаётган фуқароларни ижтимоий хавфсизлик камари сифатида қутқариб турибди.

Бу мавзуда батафсилроқ