Ўзбекистонни бир умрга тарк этган бўлармидингиз?

12 собиқ Шўро давлати катта ёшдаги аҳолисининг 15 фоизи доимий муҳожирлик хаёлида эканлар.

Бунга Gallup халқаро омма фикрини ўрганиш марказининг сўнгги сўров натижалари далолат қилган.

Аҳолисининг деярли ярми бундай истакда бўлган Арманистон рўйхатда илғорлик қилган.

Ўзбекистонликлар эса, бор-йўғи 5 фоизлик кўрсаткич билан энг қуйи ўринни эгаллашган.

Марказий Осиё халқлари табиатан муқим ҳаётни афзал билиши билан ҳам танилган.

Аммо, агар, муҳожирлик масалалари билан шуғулланувчи маҳаллий эксперт Анвар Ҳусаиновнинг сўзларига қаралса, 5 фоиз ҳам Ўзбекистон учун катта рақам:

Gallup келган хулосаларга таянилса, сўров иштирокчиларининг аксарияти иқтисодий омиллар сабаб ўз Ватанларини бир умрга тарк этишни хоҳлашаркан.

Дейлик, сўров олиб борилган собиқ МДҲ давлатлари аҳолисининг ярмидан кўпроғи ўз ҳаётларини яхшилаш орзусида эканлар.

Ўн фоизи эса, яхшироқ иш топиш илинжида ёки ўз ватанларида шундай иш йўқлиги боис, ҳижрат этишга ҳозирликларини билдиришган.

Сўров иштирокчиларининг ҳар саккизтадан деярли иккитаси ўзлари эмас, болаларининг келажаги учун умрбод хорижда яшашга тайёр эканлар.

Марказий осиёликлар эса, ўз истаклари сабабини асосан четда бўлган "оилаларига яқин бўлиш" истаги билан изоҳлашибди.

Бундайларнинг сони, айниқса, Қозоғистонда катта (11 фоиз) экан.

Кейин болаларининг келажагини ўйлаб, ўз юртларини тарк этишга тайёр бўлган инсонларнинг фоизи ҳам Туркманистон (29%) ва Қозоғистон(21%) да кўпчиликни ташкил этибди.

Сўров муаллифларининг билдиришларича, бу каби ҳолат бошқа собиқ Шўро давлатларида деярли кузатилмаган.

Gallupнинг янги сўрови 15 ёш ва ундан катта бўлган қирқ мингдан ортиқ инсон орасида олиб борилган.

Халқаро марказ ўз тадқиқотларини Арманистон, Озарбайжон, Беларус, Гуржистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Украина ва Ўзбекистонда олиб борган.

Агар, Россияда ўтган йили ўтказилган сўров натижаларига қаралса, ўзбекистонлик ҳар уч муҳожирдан биттаси ортга қайтишни истамайди.

Устига устак, улар иложи бўлса, фуқаролигини олиб, Россияда доимий яшаб қолишни ҳам хоҳлашар экан.

Маҳаллий кузатувчилар эса, бунинг сабабини ўтган 20 йил ичида Ўзбекистон ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида вужудга келган аҳвол билан изоҳлашади.

Турли манбаларга таяниб, Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг сони тахминан 5 миллион атрофида экани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ