'Ўзбекистонда заифроқ шахс ҳокимиятга келиши ҳам мумкин'

  • 7 Апрел 2013
Image caption Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари вориси масаласи бу икки раҳбарни бирлаштирувчи омил сифатида кўрилади

Британияда чиқадиган Экономист нашрига кўра, минтақада етакчиликка даъвогарлик боис муносабатлари илимилиқ бўлган Ислом Каримов ва Нурсултон Назарбоевни бирлаштирадиган нарса - ҳокимиятни силлиққина ўз ворисига топшириш масаласи.

Кексайиб қолган бу икки яккаҳоким прагматик бўлишлари ҳам мумкин, деган фикр билан бошланади "Бандалик ишорати" сарлавҳали мақола.

Мақола яқинда Президент Каримовнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида мухолифат тарқатган хабарлар ва унинг ортидан юзага келган "Ўзбекистон ва ташқаридаги асабийлашиш" хусусида ёзади.

Афғонистондан Ғарб қўшинларини чиқариш жараёнида муҳим ўтиш йўлаги бўлган 30 миллионли Ўзбекистонда қандайдир нотинчлик билан ҳокимият алмашиши эҳтимоли кўпчиликни чўчитиши урғуланади.

Кейин эса "Совет Иттифоқининг сўнгги кунларидан бери ҳокимиятга темир панжаси билан ёпишиб олган жаноб Каримов" бугун уни бироз бўшатиш аломатларини намоён этаётгани ҳақида сўз кетади.

Тузумнинг "аппаратчиклари" ичидан қатор эҳтимолий номзодлар бор, дейлик, мамлакатдаги иккинчи энг қудратли шахс, деб билинган МХХ раҳбари Рустам Иноятов, дейди Экономист.

Яна бир номзод бу - Бош вазир муовини Рустам Азимов. Шунингдек, қаттиққўл Бош вазир Шавкат Мирзиёев ҳам номзодлар орасидадир.

Ва ниҳоят - Гулноранинг ўзи. Гугуша тахаллуси билан машҳур 40 яшар хонанда, модельер, саховатпеша, ишбилармон ва дипломат.

У Тошкентнинг кўримсиз даҳлизларига ранг-баранг жило бахш этиши мумкин, лекин бу ерда яхши ўрнашган дийдаси қаттиқ эркаклар ўйноқи президентга тоқат қила олмасликлари табиий, деб давом этган нашр.

Бунинг устига, уни (Гулнора Каримовани) мамлакатда ҳам кўпчилик хушламайди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўхшашлиги

Қозоғистон ҳам шу каби муаммоларга юз тутади, деб қайд этади Экономист.

Простатит саратонидан азият чекиши тахмин қилинадиган 72 яшар жаноб Назарбоевнинг вориси борасида таҳлилчилар анча очиқ баҳс қиладилар.

Image caption Экономист нашрига кўра, "Тошкентнинг кўримсиз даҳлизларига ранг бахш этувчи" Гулнора Каримовани юзи қотган эркаклар истамаслиги мумкин

Марказий Осиёдаги раҳбарият ўзгариши эса нафақат сиёсий куч-қудрат учун кураш, балки элитанинг ўз иқтисодий манфаатларини жон-жаҳди билан ҳимоя қилиши билан ҳам кечади.

Нефтга бой Қозоғистон минтақадаги хорижий сармояларни ўзига тортувчи оҳанрабо ва бу ердаги бойлар ҳам, ўрта табақа одамлар ҳам ўзлари тўплаган мол-мулкларини йўқотиб қўйишни исташмайди.

Аммо озиқ-овқат нархлари ошиши, авжига чиққан коррупция, тиббиёт ва таълимдаги ноқисликлар боис аҳоли орасида норозилик мавжуд, дея Қозоғистон ҳақидаги ҳолатга тасниф берилади.

Жаноб Назарбоев ҳокимиятини топшириш йўллари ҳақида китоб ёзган Тўлганай Умбеталиева Қозоғистондаги вазиятни "таранг ва хавотирли" деб атаган.

Сулола бўйича ҳокимият алмашиниши ҳар доим ҳам силлиқ кечавермайди. Жаноб Каримов каби жаноб Назарбоевнинг ҳам эҳтимолий меросхўри сифатида кўрилаётган қизи бор.

Умбеталиевага кўра, раҳбарият демократияга қанчалик тиш-тирноғи билан қаршилик қилмасин, барибир, халқ кимнинг ворис бўлиши борасида ўз сўзини айтишни истайди.

Шу боис Ўзбекистонда барча гуруҳларни рози қилиш учун қандайдир муроса-мадора йўли сифатида заифроқ бир номзод танланиши мумкин. Буни эса саҳна ортидаги кучлар ҳал қилишади.

Ва ёки, аксинча, янги бир қаттиққўл раҳбар ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли йўқ эмас, дея хулоса қилади Экономист ҳафталиги.

Бу мавзуда батафсилроқ