The New York Times: Ўзбекистон раҳбарининг соғлиги баҳсларни уйғотди

Ўзбекистонда эҳтимолий раҳбар алмашиниши мавзусига шу кунларда ғарб матбуотида катта эътибор қаратилмоқда.

АҚШдаги Нью Йорк Таймс, Британиядаги Экономист нашрлари бу мамлакатда раҳбар қандай алмашади, ким ҳокимиятга келиши мумкин ва жараён қанчалик силлиқ кечади, деган масалада мақолалар билан чиқишмоқда.

Ўзбекистонда президентлик сайлови 2015 йил бошига мўлжалланган. Лекин Президент Каримовнинг соғлиғи ёмонлашгани деган мухолифат тарқатган хабарлар ва Гулнора Каримованинг интернетда айрим қудратли шахслар ҳақидаги танқидий фикрлари ортидан ғарбда бир фикр пайдо бўлмоқда. Бу ҳам бўлса Ўзбекистонда ҳокимият учун кураш қизимоқда.

Нью Йорк Таймс рўзномасининг ёзишича:

"Ўзбекистон Президенти, оқ сочли киши ҳар йил ўтказиладиган баҳор фестивалида ўтирган ўрнидан қўзғалиб, белларини қимирлатиб, қарсак чалганича қувноқ мусиқага рақсга туша бошлайди. Бунда ҳеч бир ғайриоддийлик йўқ, 75 ёшни қаршилаган, Ўрта Осиёдаги аҳоли энг зич мамлакатни коммунистик тузум парчалангандан буён бошқариб келаётган Президент Каримов бутун минтақада нишонланадиган форсий баҳор байрами тантаналарида ҳар йили рақсга тушади".

Бироқ байрамдан кейинги саккиз кун мобайнида Каримов жамоатчилик назаридан йўқолиб қолди ва президент ўша рақсга тушган 19 март куни юрак хуружига йўлиққанлиги ҳақида гаплар юзага чиқди. 20 йилдан ортиқ мамлакатни бошқарган раҳбарнинг тўсатдан вафот этиб қолиши Ўзбекистондаги сиёсий ворислик масаласини мубҳам қилган, деб ёзади рўзнома.

Давлат телевидениеси президентга таалуқли архив лавҳалари айлантира бошлагани яхшилик аломати эмас. Унинг тўнғич қизи 40 ёшли Гулнора Каримова таҳлилчиларга кўра, президентликка давогарлардан бири сифатида курашни бошлаб юборган, деб ёзилади мақолада ва гўёки БМТнинг доимиий элчиси мақомини хам топширган.

Бироқ биз журналистик тадқиқот ўтказиб, бу хабар тасдиқланмаганини аниқладик.

Мақолада ёзилишича, Ҳукумат ичидаги манбаларга таяниб хабар берилишича, мамлакатда сиёсий фалажлик пайдо бўлган.

Шунингдек мақолада, Ўзбекистон Америка ва НАТО қўшинлари юкларини Афғонистондан олиб чиқиш учун қулай ҳамкор ҳисобланар экан, бу Қўшма Штатлар учун ҳам муҳим саналади. Кейинги икки йил давомида НАТО 70 минг автомобил ва 120 минг контейнерларини Афғонистондан олиб чиқиши керак. Юкларни олиб чиқиш учун темир йўл ва яхши таъмирланган автомобил йўли керак бўладиган бу амалиётда Ўзбекистон Покистон ўрнида муқобил мамлакат сифатида ишлатилиши мумкин,- дейилади.

"Баҳсли хабарларнинг қанчалик тўғрилигига апрел ойининг ўртасида аниқлик киритилиши кутилади. Хабар қилинишича, Каримов президент Путин билан учрашувга Москвага бориши керак. Агар у бу сафарни бекор қилса, янада кўпроқ шубҳаларни туғдириши мумкин",- деб ёзади Нью Йорк Таймс рўзномаси.