Ўзбек ҳаво ширкатларининг Россия ҳудудидаги парвозлари чекланиши мумкин

Image caption Россия ҳудудидаги парвозларни чекланишидан яна оддий ўзбеклар зарар кўриши мумкин.

Россия ўзбек ҳаво ширкатларининг Россия ҳудудидаги парвозларини чеклаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.

Бу каби огоҳга Россия ҳаво ширкатларининг Ўзбекистондаги конвертация билан боғлиқ муаммолари сабаб бўлган.

30 март куни Москвада ўтган музокаралар чоғида ўзбек томони конвертация муаммосини 15 апрелга қадар ҳал қилишга ваъда берган, аммо ҳозиргача бу борада аниқ қадамлар қўйилгани маълум эмас.

Росавиациянинг айтишича, рус ҳаво ширкатлари ўзбек сўмидаги маблағларини олти ойдан буён конвертация қилолмаяпти. Россия матбуоти Тошкент ва Москва ўртасидаги "ҳаво уруши" Президент Ислом Каримовнинг Москвага 15 апрел куни режаланган расмий ташрифи арафасида юз берганига эътибор қаратмоқда. Хўш, Россиянинг ўз осмонини ўзбек учоқлари учун ёпиб қўйиш эҳтимоли қанчалик? Биз Москвадаги Фергананюс нашри бош муҳаррири Даниил Кисловдан шу ҳақдаги фикрларини сўрадик.

Кислов: Менимча, бунинг эҳтимоли умуман йўқ. Гап шундаки, Россиядан Ўзбекистонга 13 та авиаширкат учади, бу кунига 1000 нафар йўловчи, дегани. Чунки Ўзбекистоннинг ҳар битта йирик шаҳри-Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Наманган ва ҳоказо. Бу жуда катта оқим ва Ўзбекистон ҳаво йўлари ташиётган барча йўловчиларнинг сонидан кўп . Жуда катта бизнес. Россия томони Ўзбекистонга конвертация муаммосини ечиш учун 15 апрелгача муҳлат бергани рост, аммо бу борадаги маслаҳатлашувлар давом этади, дейилган. Шунинг учун ҳам мен Россия ўзбек учоқларига тақиқ қўяди, деб ўйламайман.

Би-би-си: Бу каби тақиқ жорий этилган тақдирда, бундан энг кўп ким жарб кўради?

Кислов: Ҳамма жабр кўради. Биринчи навбатда Россияга ишлаш учун келаётган оддий ўзбеклар жабр кўришади. Чунки уларнинг кўпчилиги учоқларда қатнашади ва нафақат Москвага, балки барча минтақалар, жумладан, Сибирга ҳам ҳаво қатнови энг қулай йўл. Шубҳасиз, Россия бизнеси бундан катта зарар кўрган бўлур эди. Ва албаттаки, бу ҳаво қатновларидан солиқ оладиган Ўзбекистон ғазнаси ҳам бундан фойда кўрмайди.

Би-би-си: Шундай экан, нима учун Ўзбекистон ҳукумати Россия авиаширкатларининг конвертация муаммосини ечишга шошилмаяпти, деб ўйлайсиз?

Кислов: Менга Ўзбекистон ҳукуматининг мантиғи мутлақо тушунарсиз. Бу ерда шуни айтиш жоизки, Ўзбекистонда конвертация масаласи фақатгина Ўзбекистон ҳукуматининг рухсати билан амалга оширилади. Сўнгги ойларда Ўзбекистон ҳукумати нима учундир Россия ҳаво ширкатларига ўзбек сўмидаги маблағларини долларга айлантиришга рухсат бермаган. Бунинг сабаби менга қоронғу ва бу тўғриси, мени жуда ҳам ҳайратга солади. Агар конвертация муаммоси ҳал этилмаса, ўзбек-россия муносбатларига жуда катта зарар етказиши турган гап.

Би-би-си: Аммо ўзбек сўмини конвертация қилишда ҳеч қандай муаммога дуч келмаётган ширкатлар ҳам бор, Масалан, Лукойл. Шунинг учун муаммони умумлаштириш керакмикан?

Кислов: Албатта, бу Ўзбек ҳукумати ҳаммани бир хил кўрмаётганини англатади. Бир қатор стратегик ширкат ва корхоналар борки, улар муаммосиз ишлашади. Булар асосан, катта сармоя билан келган йирик хорижий ширкатлар. Таъбир жоиз бўлса, Ўзбекистон муносабатларни бузиб қўйишни истамайдиган давлатларга тегишли ширкатлар. Аммо шуни ҳам айтиш керакки, ҳатто сиз айтган Лукойл ҳам бир неча йил аввал шундай муаммога дуч келгани менга яхши маълум. Ўшанда Ўзбекистонда янги иш бошлаган Лукойл маҳаллий ишчиларига ойлик тўлаш учун ўзбек банкларига қўйган маблағларини ололмаган. Бу бемаъни бир вазият, аммо Ўзбекистонда шунақаси ҳам бўлиб туради.

Би-би-си: Лекин конвертация муаммоси бугун пайдо бўлаётгани йўқ. Росавиациянинг ўзи ҳам бу муаммо олти ойдан буён давом этиб келаётганини айтмоқда. Нима учун бу ҳақда фақат бугунга келиб, яъни Президент Ислом Каримовнинг Москвага расмий ташрифи олдидан гапирилаяпти, деб ўйлайсиз?

Кислов: Каримовнинг ташрифига тўғри келаётгани бир вақтнинг ўзида ҳам яхши ва ҳам ёмон менимча. Бир томондан, Путин бу масалани кўтарган тақдирда ҳам, Каримов муаммони ҳал қиламан, деб ваъда бериши ва Москвадан боргандан кейин маблағларнинг бир қисмини конвертация қилиб бериши мумкин. Аммо кейин яна ҳамма нарса изига қайтади. Наҳотки, ҳар сафар конвертацияни ҳал қилиш учун президент аралашиши керак бўлса? Яъни Ўзбекистон ҳукумати билан хорижий ширкатлар ўртасида иқтисодий муносабатларни тартибга соладиган нормал бир механизм йўқ. Шунинг учун ҳам бу муаммо ҳали кўп юзага чиқиши мумкин. Иккинчи томондан, бунинг ортида ўзбек иқтисодининг реал муамолари ҳам турган бўлиши мумкин. Ўзбекистоннинг газ ва бошқа бойликлардан кўраётган даромадлари пасайиб кетган, сармоялар келмаяпти, қолаверса, амалдорлар ғазнани талаш билан овора. Шундай бир вазиятда Ўзбекистон ҳукуматининг бу ширкатларга сўмдаги маблағларини конвертация қилиб беришга қурби ҳам етмаётган бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ