'Шу баҳона Беруний қабри ҳам янги мақбарали бўлиб қолади'

Ўзбекистонлик таниқли ёзувчи, шоир ва таржимон Жамол Камол Афғонистоннинг қадимий Ғазний шаҳрига "Исломий Тамаддун маркази" мақоми берилишига ана шундай муносабат билдирди:

Ғазний 2007 йилда Исломий Илм-фан ва маданият халқаро ташкилоти томонидан ушбу шарафга лойиқ, деб топилган ва шанба куни вилоятда бўлиб ўтган тантаналар ортидан расман ушбу мақомни қабул қилиб олганди.

"Биргина Ғазнавийлар даврида илм-фан, санъат ва адабиёт қанчалик гуллаб-яшнаганининг ўзи шаҳарнинг ушбу мақомга лойиқ эканига кифоя қилади", дейди ўзбекистонлик адиб.

Унинг айтишича, барча даврларнинг энг зукко алломаларидан бири сифатида кўрилувчи Абу Райхон Беруний ўзининг энг улуғ асарларини Ғазнийда яратган.

"Агар, битта ўша Абу Райхон Беруний яратган илмий мероси, асарларини тарозининг бир палласига қўйиб, иккинчисига ҳар қанча оғир тош қўйсангиз, ўшани ҳам босиб кетади. Мана, сизга мисол", дейди Жамол Камол биз билан суҳбатида.

Адибга кўра, агар Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, янги мақоми Ғазнийга жуда кўп нарса беради.

"Сиз айтган хушхабардан кейин менинг биринчи умидим шуки, энг аввало Ғазний обод бўлади. Тарихий обидалари, масжидлари, мадрасалари таъмирланади. Шу баҳонада Абу Райхон Берунийнинг қабри устига бир шийпонми, айвонми, мақбарами, кўтариш имконияти бўлади".

Бундан ҳам ташқари, Жамол Камолга кўра, Ғазнийга ушбу мақомнинг берилиши ортидан, "яна Исломий Тамаддун ҳақида гап бўлади, у босиб ўтган йўллар, босқичлар ҳақида гап бўлади, қадриятлари, қўлга киритган бойликлари ҳақида гап бўлади. Бир сўз билан айтганда, Исломий Тамаддуннинг обрўйини кўтаради".

Ғазний

Шаҳарга қачон асос солингани номаълум эса-да, унинг тарихини VII асрларга боғлашади.

Ғазнийда ўз вақтида Ғазнавийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Буюк Мўғуллар ва Дурронийлар тахту салтанат юритишган.

Бу ерда Абу Райхон Беруний, Маҳмуд Ғазнавий каби мусулмон оламининг қатор забардаст олиму давлат арбобларининг қабрлари ҳам бор.

Бирор бир шаҳарга ушбу шарафли мақомини бераркан, халқаро ташкилот ҳам унинг исломий илм-фан ва маданиятга қўшган ҳиссасига эътибор қаратиб келади.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон пойтахти Тошкент ҳам ушбу шарафли номга лойиқ деб топилган.

Қадим Ғазний ҳам бир неча асрлик бой маданиятга эга. Аммо бир неча ўн йиллик урушлар сабаб, тарихий обидаларининг аксарияти хароб аҳволга келиб қолган.

Янги мақоми билан боғлиқ бир неча йил аввал ваъда қилинган аксарият лойиҳаларнинг ҳам ўлда-жўлда қолиб кетгани айтилади.

Устига устак, Ғазний Афғонистоннинг ҳануз толиблар дохил турли исёнчи гуруҳлар фаол энг беқарор уч вилоятидан бири саналади.

Шу сабабдан ҳам, шаҳарнинг асрларга гувоҳ ноёб обидаларини томоша қилиш учун у ерга бориш йилларки хавфлилигича қолмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ