Гулнора Каримова энди Ўзбекистон телеканалларини танқид қилди

Гулнора Каримова Твиттерда анча фаол
Image caption Гулнора Каримова Твиттерда анча фаол

Президент Каримов Москва сафарида экан, унинг Твиттерда фаол бўлган тўнғич қизи Гулнора Каримова Ўзбекистон давлат телеканалларини танқид қилган.

Каримова хонимга кўра, давлат телеканаллари ҳар доим бир хил ва мазмунан қашшоқ.

Телеканаллар танқиди баҳона Гулнора Каримова улар учун масъул бўлган Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновга ҳам тегиб ўтган.

Гулнора Каримованинг даъво қилишича, жаноб Султонов ва яқинда тайинланган Маданият вазири Минҳожиддин Мирзолар Каримова хонимнинг Келажак овози ташкилотини ёпмоқчи бўлишган.

Викиликсдаги махфий ҳужжатларда Ўзбекистонда нафрат нишонининг қоқ ўртасида турадиган Гулнора Каримова - шеърият, заргарлик, спорт, йога, қўшиқчилик, сиёсат, мода соҳаларида пешқадамлик даъвогарлигидан сўнгги икки уч ой ичида Ўзбекистондаги вазиру уламоларни тап тортмасдан танқид қиладиган танқидчига айланиб улгурди.

Твитлар

Твиттерда фақат ўзига содиқ ва ўзини улуғлайдиган фолловерларни қолдириб, сал бошқача фикрлайдиган ва ё ноқулай савол сўрайдиганларни блок қиладиган ва аксарият учун қўштирноқ ичидаги маликанинг қаҳрига бу гал ёзувчи ва ўз отасининг маслаҳатчиси Хайриддин Султонов дучор бўлди.

Аммо, Твиттердаги сўнгги маълумотларга қараганда, Гулнора Хайриддин Султонов ҳақидаги твитларини ўчириб ташлаган.

Бироқ, айтилган сўз, отилган ўқ эмасми, бу твитлар ҳақида ёзган кун.уз мақоласи ҳамон сайтда - хуллас, Каримова хоним аввалига Ўзбекистон телевизион каналларини танқид қилади.

Халқ орасида сериаллар ва консертлар учунгина кўриладиган ва шундоқ ҳам тузукроқ танқиддан-да, паст бўлган бу каналлар ҳақида Президентнинг тўнғичи аямай ёзади.

Ёшлар канали нишонга тутилгач, ҳали ишга тушганига бир неча ой бўлган "Маданият ва маърифат" ва "Дунё бўйлаб" ҳақида: "Кейингиси - "Маданият ва маърифат". Кўрсатув, кўринишидан, болалар учун мўлжалланган, гарчи… Нима ҳақида ва нима учун тайёрланганини айтиш қийин… Мусиқаси ва графикаси Angry Birds'дан ва текин!", - деб твитланади Гулнора Каримова.

"Давом этамиз. "Dunyo bo'ylab" телеканалига қайси кун олмагин, фақат бир нарсани кўрасан: 80-йилларнинг Гулливер ҳақидаги "янги" фильми… Мана бу - дунё ҳақида!" деб ундов билан қўшимча қилади Каримова хоним.

Ўзбекистон телевизиони Давлат Маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг бевосита назари остида экани айтилади, Каримова хоним ёзғиришда давом этади:

"Жаноб маслаҳатчи Султонов вақтини ҳам аямай, ўзини ҳам аямай, фильмларни қандай қилиб пул сарфламасдан суратга олиш кераклигини соатлаб тушунтириб, ижодкор кишиларни тўғри танлаяпти. Фақат шундай қадамлар билангина биз, жумладан, ТВ учун ҳам ҳақиқий маҳсулот тайёрлаймиз ва охир-оқибат ҳаммасига эришамиз… ва бепул ишлаймиз! Ура, ўртоқлар", - деб ёзади Гулнора Каримова.

Аммо, Каримова хоним Forum-TV, TVM ва NTT фаолияти ҳақида ҳам саволларга жавоб берар экан, баҳонада яқинда Маданият ва спорт ишлари бўйича вазирлик курсисини эгаллаган шоир Минҳожиддин Мирзо ва Президент Давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султоновнинг фаолиятини нишонга олади.

"…Контент йиллар давомида яратилади, айниқса, кинода, ёшлар ва иқтидорлиларни тор-мор қилинмайди. Янги вазир эса, тушунишимиз бўйича, бир вақтлар "Келажак овози"ни ёпмоқчи бўлган Султоновнинг аниқ кўрсатмаси остида худди шу иш билан шуғулланган", - дейди у.

Танқидлар ортида нималар турибди?

Аввалроқ, Каримова хоним Бош вазир ўринбосари Рустам Азимовни ҳам танқид қилган эди. У Президент Каримовнинг эҳтимолий меросхўрларидан бири сифатида кўриладиган Азимовни коррупцияда айблаган. Хўш, Гулнора Каримова Твиттерда юқори мартабали ўзбек мулозимларини нишонга олаётгани ортида нималар турган бўлиши мумкин? Би-би-си шу савол билан журналист Сергей Ежковни суҳбатга тортди:

Сергей Ежков: Назаримда, Гулнора Каримова ўйлаган нарсасини гапираяпти. Твиттерда ҳамма хоҳлаган нарсасини ёзиши мумкин. Нима учун бу танқидларнинг ҳозир пайдо бўлаётгани масаласига келсак, бу саволга Гулнора Исламовнанинг ўзигина жавоб бера олади. Рустам Азимовга қарши сиз айтган коррупция билан боғлиқ айбловларни Гулнора Каримова илгари сургани йўқ. У, билишимча, фақат кимнингдир хабарини ретвит қилган, холос. Кимдир жаноб Азимовнинг бир неча миллиарди борлиги ҳақида ёзган, Каримова эса, бу хабарга ишора қилган.

Би-би-си: Ҳукумат доиралари ёки жамоатчилик орасида бу хабарларга бирон-бир шаклда муносабат билдирилаяптими?

Сергей Ежков: Йўқ, Твиттердаги ҳар бир хабарга муносабат билдирилишини кутиш қийин. Ҳамма хоҳлаган нарсасини ёзади. Твиттернинг бор-йўғи ўзи шундан иборат эмасми?

Би-би-си: Аммо Гулнора Каримов оддий Твиттер фойдаланувчиси эмас, у Президент Каримовнинг қизи... Бу тўғридан-тўғри ҳукуматнинг ишига аралашиш, сифатида кўрилиши мумкин эмасми?

Сергей Ежков: Нима қипти? У ҳам бошқа одамлар каби Твиттердан фойдаланаяпти, бунга ҳаққи бор. У ҳукуматнинг ишига аралашаётгани йўқ. Фақат ўз муносабатин билдираяпти, холос. Гулнора Каримованинг фикри Твиттердаги бошқаларнинг фикрига тўғри келиши ҳам, келмаслиги ҳам мумкин.

Би-би-си: Бу Гулнора Каримовани ҳеч ким жиддий қабул қилмаётганини англатадими?

Сергей Ежков: Йўқ, албатта. Аммо, бу танқидлардан кейин биронта амалдорнинг боши кетишини ҳам кутиш қийин. Бундай нарса юз бермайди, деб ўйлайман. Гулнора Каримова Фонд Форум васийлик кенгаши раиси ҳисобланади. Гарчи, бу ташкилот ролини бўрттириб кўрсатишга уринишлар бўлаётган эса-да, амалда Фонд Форумни Ўзбекистоннинг на ташқи ва на ички сиёсатига таъсир кўрсатадиган ташкилот, деб айтган бўлардим.

Бу мавзуда батафсилроқ