Такилантни текширмаган швед банкига жарима солинди

Image caption Товус пари ортида Гулнора Каримова. Лекин, Такилант ортида ким бўлган?

Скандинавиядаги энг йирик банк Нордеяга Ўзбекистон фуқароси Гаянэ Авакянга ҳисоб рақамини очишдан аввал, бу мижоз кимлигини етарлича текширмагани учун жарима солинган. Жарима қарийб беш миллион долларга тенг.

Швеция прокуратураси Авакян хоним эгалик қилувчи Такилант ширкатини ТелиаСонера телеком ширкатидан пора олишда шубҳа қилмоқда.

Такилантга тўланган пулдан аслида Гулнора Каримова фойда кўргани ва унга яқин бўлган Авакян хоним фақат қоғозда Такилантнинг эгаси бўлгани даъво қилинади.

Швециянинг Sveriges Television - SVT телеканали кундалик дастурига кўра, Швеция-Финландия мобил алоқа ширкати Teliasonera Ўзбекистонда 4G лицензиясидан фойдаланиш ҳуқуқини сотиб олиш учун Гибралтарда рўйхатдан ўтказилган Takilant ширкатига 370 миллион Швед крони(55 миллион АҚШ доллари) тўлаган.

Ўтган йил кузида Нордея банкидаги Такилант ҳисоб рақами музлатиб қўйилганди. Бу ҳисобда 30 миллион доллар сақланади.

Би-би-си бу терговни бошлаб берган журналистлардан бири Ола Вестерберг билан боғланиб, Нордеяга солинган жарима тафсилотини сўради.

Вестерберг: Шимолий Оврўподаги энг йирик банк ҳисобланмиш Нордея банкига 30 миллион швед кронаси ҳисобида жарима солинди. Жарима унинг ўз мижозлари кимлигини билмагани ва ҳисоб эгалари пул ювиш-ювмаслиги ёки терроризмни молияламаслигини етарлича текширмагани учун солинган. Банкларни назорат қиладиган ҳукумат муассасаси бир неча йил аввал Нордеяни ўз текширув усулларини чархлаши кераклигини айтиб огоҳлантирганди. Лекин, банк бунинг уддасидан чиқмагани хулоса қилинди. Аниқланишича, Нордея нафақат бу банк ҳисоби, балки 160 мингта мижозининг аслида кимлигини билмас экан. Демак, Нордея ўз мижозлари пул ювиш билан шуғулланаяптими, ёки террорчиликни молиялаяптими - буни билмайди.

Би-би-си: Демак, Гаянэ Авакян Нордея банкида ҳисоб очганида, банк унинг ким эканини текшириши керак бўлган, шундайми?

Image caption Гаянэ Авакян Гулнора Каримованинг "ўнг қўли" дея танилгани айтилади.

Вестерберг: Ҳа, шундай. Оврўпо Иттифоқи қонунчилигига кўра, банк нафақат ҳисоб рақамининг қоғозда ёзилган эгаси кимлигини, балки ким бу ҳисобдан фойда кўришини ёки кўра билиши мумкинлигини билиши шарт. Банк назорати идораси Такилантга ҳисоб қандай очилганини тергов қилганида шу аниқ бўлдики, Нордея Такилант эгасини "ўртача риск" дея қайд қилган. Аслида бу "юқори риск" мижоз бўлиши керак экан. Чунки, банк назорати идорасига кўра, мижоз дунёдаги энг коррупцияга ботган мамлакатлардан бири - Ўзбекистондан бўлган. Такилант ҳисоб рақамини очганида, унинг эгаси ва эҳтимолий фойда кўрувчиси Ўзбекистондан бўлгани туфайли, банкнинг "хавотир қўнғироқлари" янграши керак бўлган.

Би-би-си: Демак, Ўзбекистондан бўлган хар бир шахс Нордеяда ҳисоб рақамини очса, у "юқори риск" деб кўриладими?

Вестерберг: Ҳа, агар сиз Ўзбекистондан бўлсангиз ва Швецияда ҳисоб рақамини очмоқчи бўлсангиз ва ширкат юритаётган бўлсангиз, банк сизга нисбатан жуда эҳтиёткор бўлиши керак бўлади ва сизни тубдан текшириши керак бўлади.

Би-би-си: Бу 30 миллион крона, АҚШ долларида 4.7 миллион доллар жарима, қанчалар катта жарима дейиш мумкин ва Нордея учун у нимани англатади?

Вестерберг: Бундай ишларда солиниши мумкин бўлган максимум жарима - 50 миллион крона ёки банк пул айланмасининг 10 фоизи. Шундай экан, Нордеяга бунданда юқори жарима солиниши мумкин эди. Лекин, солинган жарима жуда юқори дея талқин қилинмоқда. Матбуотда бу жуда ғайриоддий жазо бўлгани ҳақида ёзилмоқда. Нордея унга қарши чиққан. Терговчилар Нордеянинг мижозлари пул ювиш ёки террорчиликни молиялашга аралашгани борасида ҳеч далил-исбот топмаган, шунинг учун ҳам Нордея бу жазо адолатсиз эканини айтаяпти. Балки бунга қарши шикоят қилар.

Би-би-си: Такилантга пулни ТелиаСонера тўлаган ва ҳозирда ҳали ҳам бу пул аслида кимга бориб тегиши мўлжаллангани борасида Швецияда маҳкама ишлари давом этаяпти. Нордеяга солинган жазо ТелиаСонера иши учун нимани англатади?

Вестерберг: Бу жазонинг маҳкама ишига қандай таъсир қилиши борасида бир нарса дейиш қийин. Лекин, чиқариш мумкин бўлган хулоса шуки, агар Нордея Такилант борасида эҳтиёткор бўлиши керак бўлган бўлса, унда ТелиаСонера ҳам ҳудди шундай эҳтиёткорлик билан иш кўриши керак бўлган. Аммо, бу ҳуқуқий даъво эмас, балки мантиқий даъво холос.