Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Блейк: 'Инсон ҳуқуқларининг аҳволи ўзбек-америка алоқаларига тўсқинлик қилмоқда'

Image caption Роберт Блейк ҳукумат билан фаоллар ўртасида инсон ҳуқуқлари юзасидан мулоқот ўтказиш эҳтимоли ҳақида гапирган

Тошкентга сафар қилган АҚШ Давлат Котибининг ёрдамчиси Роберт Блейк инсон ҳуқуқлари борасида олдинга силжишнинг йўқлиги Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишига тўсқинлик қилаётганини айтган.

Жаноб Блейк бу ҳақда чоршанба куни маҳаллий фаоллар билан учрашуви чоғида гапирган.

Учрашувда қатнашган норасмий Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Ҳимоячилари Альянси фаоли Елена Урлаева АҚШ мулозимининг "Биз Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари фазосининг торайиб бораётганидан ташвишдамиз", деган сўзларини келтиради.

Унга кўра, жаноб Блейк фаолларни Қўшма Штатлар минтақада инсон ҳуқуқларининг аҳволини яхшилаш йўлида дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиради, деб ишонтирган.

Ташриф арафасида Роберт Блейк Марказий Осиё ҳукуматларини Араб баҳоридан сабоқ чиқаришга чақирганди.

'Мулоқот'

АҚШ Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси аввалроқ Президент Ислом Каримов томонидан қабул қилинган.

Расмий хабарда айтилишича, учрашувда икки томонлама ва минтақавий масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазият муҳокама этилган.

Жаноб Блейкнинг Ўзбекистон раҳбарияти билан учрашувларда инсон ҳуқуқлари масаласини кўтариб-кўтармагани номаълум.

Унинг ўзи нодавлат фаоллари билан ўтган учрашувда расмийлар билан музокаралари тафсилотлари ҳақида гапирмаган.

Юқори мартабали АҚШ дипломатининг ташрифи арафасида таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудов қамоқдан озод этилган.

Маҳаллий ҳуқуқ фаоллари 1999 йилги Тошкент портлашларида айбланиб қамалган ёзувчининг 14 йиллик қамоқдан сўнг озодликка чиқарилишида АҚШ дипломатиясининг роли борлигига шубҳа қилишмайди.

Роберт Блейк билан учрашувда иштирок этган ҳуқуқ фаоли Сурат Икромов АҚШ мулозимидан Ўзбекистон қамоқхоналарида қолаётган 30 нафар кўзга кўринган сиёсий маҳбусларнинг ҳаммасини озодликка чиқаришда кўмак беришларини сўраганликларини айтди.

Унинг Би-би-сига айтишича, жаноб Блейк давлат ва нодавлат фаоллари ўртасида инсон ҳуқуқлари юзасидан мулоқотни йўлга қўйиш эҳтимоллари ҳақида гапирган.