'Афғон учрашувида' нега Тошкент йўқ?

Image caption Олма-отадаги учрашувга Тошкент ҳатто элчисини ҳам жўнатмаган

Олма-ота шаҳрида Афғонистон бўйича минтақа давлатлари вазирлари даражасидаги "Истанбул жараёни"да минтақавий ҳамкорлик бўйича олти йўналишда келишувлар акс этган декларация имзоланган.

Гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва терроризмга қарши курашиш, минтақавий инфраструктурани мустаҳкамлаш, ҳудудда савдони ривожлантириш, фавқулотда ҳолатларга муносабат билдириш ва таълим ҳамда илм-фан масалаларида ҳамкорлик бўйича давлатлар келишиб олишди.

Лекин Афғонистоннинг ён қўшниси ва у мамлакат билан бевосита автомобил ҳамда поезд йўлига эга Ўзбекистон вакили бу анжуманда йўқ эди.

Би-би-сига маълум бўлишича, учрашувга ҳаттоки Ўзбкистоннинг Қозоғистондаги элчиси ҳам келмаган.

Қатнашчиларга кўра, бундай учрашувларда Ўзбекистоннинг иштироки ўта муҳимдир.

"Ўзбекистоннинг ҳам биз билан бирга бўлишини истардик. Улар муаммоларни бартараф этишга қарши эмас, фақат бу анжуманда иштирок этмаяпти" - дейди Қозоғистоннинг Афғонистондаги элчиси Ўмиртай Битимов.

"Биз муаммони "Истанбул жараёни" орқали ечишни кўраяпмиз ва кўп давлатлар бунга ишониб, иштирок этмоқдалар".

Ўзбеклар нега келишмади?

"Ўзбекистон НАТО техникалари ўз ҳудуди орқали олиб ўтилишига катта урғу бермоқда ва бошқа давлатлар расмий Тошкент билан ҳисоблашиши керак дея ўйлайди".

Франциядан сиёсий таҳлилчи Камоллиддин Раббимов бу борада яна бир неча омилларни келтиради.

"Ўзбекистон халқаро ташкилотлар ичидан фақатгина БМТ ва ШҲТда барқарор иштирок этиб келаяпти. Шунда ҳам ўз зммасига олган масъулиятларни ҳар доим ҳам бажаравермайди. Қолган тузилмаларда Ўзбекистоннинг иштироки жуда ҳам қалтис ёки беқарор бўлиб келган" - дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистоннинг Олма-Отага ҳатто ўз элчисини ҳам юбормагани эса Остона ва Тошкент ўртасида минтақада етакчиликка интилиш бўйича мавжуд рақобат билан изоҳланади.

1999 йили Афғонистон масаласи бўйича президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган 6+2 гуруҳи фаолияти икки йилдан кўпга чўзилмаган эди.

Кузатувчилар ушбу ташаббуснинг умри қисқа бўлгани ва жўғрофий жойлашув Ўзбекистон расмийлари онгида Афғонистонга доир ҳар қандай таклиф ва ечимга нисбатан Тошкент билан ҳисоблашиш керак, деган тасаввурни пайдо қилган бўлиши мумкинлигини айтишади.

"Чунки бу ерда асосий сиёсий руҳий омил шундан иборатки, Тошкентнинг тасаввурида бир позиция бор. У ёқда нимани келишишларингдан қатъий назар, менинг олдимга келиб, менинг розилигимни оласизлар, деган позиция бор. Тошкентда жўғрофий, геосиёсий шаклланган кибр жуда ҳам кучли" - дейди Камоллиддин Раббимов.

"Истанбул жараёни" иштирокчилари бири бўлмиш Қозоғистон Афғонистонни ривожлантириш учун махсус дастур шлаб чиққан.

Хусусан, Қозоғистон Афғонистонда инфратизилмани ривожлантириш, мактаб, шифохона ва йўл қуриш, буғдой етказиб бериш бўйича ишларни амалга оширмоқда.

Ундан ташқари расмий Остона 50 миллион доллар маблағ ажратган бўлиб, бунга кўра, беш йил давомида минг нафар афғон талабасига Қозоғистонда олий таълим беради.

Ўзбекистоннинг бу каби жараёнларда иштирок этмаслиги эса, анжуманда қабул қилинган қарорларнинг тўла муваффақият билан амалга ошишига салбий таъсир этиши мумкинлиги айтилади.