'Ёрдамга муҳтожларга ёрдам йўқ'

Image caption Ишсизлик баланд ўзбек қишлоқларида эркаксиз оилалар энг кўп қийналиши айтилади

"Ўзим иккинчи гуруҳи ногирониман. Бешта болам ва эрсиз синглимнинг икки боласига қарайман" - деб ўз шароитини тушунтиради Ҳазораспдан Санам-опа.

"Эрим ва синглим иш излаб Россияга кетган, ҳали бир сўм жўнатишолмади. Кекса онам ва менинг ногиронлик нафақамизга қараб қолганмиз"

Санам-опага кўра, у болаларни боқишга қийналиб, бир неча бора маҳалла қўмиталарига борса, "сизларга кўмак берилмайди" деган рад жавоби беришган.

Унинг прокуратура ва бошқа расмий идораларга қилган мурожаатлари ортидан бир марта кўмак ажратилган, холос.

Санам-опа ва унга ўхшаш бошқа эҳтиёжмандлар ёрдам пули ололмаётгани ҳақида ҳиобот чиқарган "Нажот" ташкилотига кўра, бундай ҳолатлар Хоразмда кўплаб топилади.

Ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубов Ҳазораспдаги бир неча маҳалла мисолида фикирини асослашга интиларкан, моддий ёрдам ажратиш жараёнида таъмагирлик ва қариндош уруғчилик авж олганини таъкидлайди.

Ўзбекистонда маҳалла қўмиталари ёки ўз-ўзини бошқариш органлари ҳозир кўплаб ваколатларга эга. Эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам ажратиш маъсулияти ҳам ана шу ваколатлар жумласидан.

Лекин қатор маҳалла қўмиталари ишлаши бўйича шикоятлар оз эмас. Айниқса, моддий кўмак ажратиш бобида.

"Машинаси бор, ўзига тўқ одамлар ёрдам пули олишади. Биздек нигорон ва камбағалларга ҳеч нима беришмайди" - деб аҳволни мухтасар тасвирлайди Санам-опа.

Маҳалла ва фуқаро

Маҳалла қўмиталари шу кунларда янгича ваколатларга ҳам эга бўлишмоқда.

Хусусан, этикдўз, новвой ва ё сартарош каби кичик тадбиркор ҳамда ҳунармандлар ҳам маҳалла қўмиталари тарафидан дастакланади ва мантиқан қараганда, энди назорат қилиниши ҳам мумкин.

Аммо айни қадам амалда кичик тадбиркорларнинг бутунлай маҳалла назоратига ўтиб қолиши, маҳаллақўмларда порахўрлик ва таъмагарлик авж олишига етаклаши ҳақида хавотирлар бор.

Хусусан, кўпларнинг қўрқишича, ҳужжат тўғрилаш ва ё кредитми бошқача моддий дастакками муҳтож кичик тадбиркорлар бутунлай "маҳаллақўм" истак-иродасига қараб иш тутишга мажбур бўлиши ва бу воқелик порахўрликни кучайтириши мумкин.

Маҳаллалар азалдан тўй-маъракалар ўтказиш, оилавий можароларни маҳкамага етказмасдан адолатли ҳал қилиш ва эҳтиёжманд хонадонларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби ишларни бажаришда муҳим ўрин тутган.

Лекин сўнгги йилллари маҳалла етакчилари кўпинча одамларни текшириш ва назорат қилиб бориш каби вазифаларни ўз зиммасига олаётгани ҳақида фикрлар бор.

Эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиши каби вазифасига келганда эса, Ўзбекистон маҳалла қўмиталари аҳоли вакиллари тарафидан илк бора танқидга тутилаётгани йўқ.