Тошкент: 'Ёлғиз қариялар қўрқувда'

  • 2 Май 2013
Image caption Қотилликда гумон қилинаётган шахсларнинг фотороботлари ҳам эълон қилинган

"Тошкентдаги ёлғиз қариялар қўрқувда яшашмоқда" - дейди Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева.

"Улар қош қорайиши билан эшикларни ёпиб олиб, ҳеч кимга очмасликка интилмоқдалар. Баъзилар кўчага чиқишга ҳам қўрқади".

Елена Урлаева сўнгги пайтлари ўлдирилиб, туналаётган кексалар яшовчи маҳаллаларга бориб, вазиятни ўрганаётганини айтади.

"Мана ҳозир ҳам Тошкент вилоятига чиқмоқчимиз, шаҳардан ташқарида ҳам шундай воқеалар бўлаётгани айтилмоқда".

Тошкентда сўнгги пайтлари ёлғиз қариялар ўлдирилаётгани ҳақидаги хабарлар, айниқса, бола-чақаларидан айри ё узоқда яшайдиган кексалар орасида ваҳималарни орттирган кўринади.

Устига устак, ҳали-ҳамон қотиллар топилмаган. Турли интернет саҳифаларида гумон қилинаётган аёл ва эркакларнинг фотороботлари ҳам эълон қилинган. Лекин бу ҳали ёрдам берганича йўқ.

Турфа манбалар қотилликлар сонини ҳам ҳар хил кўрсатмоқда. Айрим хабарлар юздан зиёд қарияга ҳужум бўлганини айтса, бошқалар қотилликлар сони ўнтача эканлигини билдиради.

"Юздан зиёд кексалар ўлдирилгани ҳақидаги хабарлар бўрттирма гап" - деб рад этади журналист Сергей Ежков.

Аммо Елена Урлаева қотилликлар сони кўплигини урғулайди. Ҳуқуқбонга кўра, мамлакат матбуот воситалари бу хабарларни кенг ёритмаётган кўринади.

Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда шундай ҳолларда аҳоли орасида ваҳима тарқатишни исташмайди ва матбуот бундайин воқеаларни кенг ҳамда мунтазам ёритмайди.

Лекин матбуот гапирмайдиган мавзуларни миш-мишлардан эшитувчи ўзбекистонликлар ҳозир қайси рақам ё гапга ишонишни билмасликлари мумкин.

Кўпчилик нега милиция шунча қотилликдан кейин ҳам айбдорларни топа олмаётганидан ё ҳайрон, ё ғазабда, дейишади фаоллар.

Сўнгги хабарларга кўра, мамлакат Ички ишлар вазирлиги қотилларни топишни тезлаштириш учун моддий рағбатлантириш ва мукофот ажратишни ҳам кўзда тутмоқда.

"Тошкентда қарияларни ўлдираётган қотилларни топган одамларга квартира бериш ҳақида ИИВдаги шахсий суҳбатларда айтилган" - дейди uzmetronom.com вебсаҳифаси юритувчиси Сергей Ежков - "Аммо бу оммага эълон қилинмаган".

Айни дамда эса кексаларни ўлдираётган қотиллар очиқда, пойтахтдаги ёлғиз кексалар эса қўрқув исканжасида қолишмоқда.