Ўзбекистон террорчилик хуружлари эҳтимолидан огоҳлантирмоқда

Тошкент
Image caption Террорчилик хуружлари Тошкентда содир бўлиши эҳтимоли катталиги айтилган

Хабарларга кўра, Ўзбекистонда хавфсизлик чоралари кучайтирмоқда ва аҳолини террорчилик хуружлари эҳтимолидан огоҳлантириш бошланган.

"Марказий Осиё интерентда" нашри Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг террорга қарши кураш бўлими таҳлилчисидан иқтибос келтириб хабар тарқатган, бу таҳлилчига кўра, уларнинг қўлида зарурий чораларни кучайтиришга арзигулик хавф борасида "ишончли маълумот" мавжуд. У террорчилик хуружлари Тошкентда содир бўлиши эҳтимоли катталигини ҳам айтган.

Мазкур хавф эса, билдирилишича, Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари чегараларида тўпланаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жангариларидан келмоқда.

"Марказий Осиё интерентда" нашрига гапирган расмийга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ва Салафийлар номи билан маълум гуруҳлар Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон чегараларида тўпланишмоқда.

У бундан бошқа тафсилотларни бермаган, аммо: "Бу Ўзбекистонга хавф солади", деб айтган.

Шунга асосан, хабарга кўра, ҳозир Ўзбекистон хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда ва аҳолини террорчилик амаллари юз бериши эҳтимолидан огоҳлантиришни бошлаган.

Ўзбекистондаги Эксперт Ишчи гуруҳи раҳбари Суҳроб Исмоиловга кўра, Тошкентда эҳтимолий террор амалларига қарши ҳозирликлар яққол кўзга ташланмайди, аммо бундай ишлар мамлакат бўйлаб ҳақиқатда ҳам йўлга қўйилаётганини сезиш мумкин.

"Оддий фуқаронинг кўзида сезилмайди, лекин ҳукуматнинг ҳаракатлари хавфсизлик чора-тадбирларига ишора қиляпти. Сўнгги пайтларда ҳукумат назоратидаги оммавий ахборот воситалари Тошкентнинг кўп жойлари, вилоятлар ўқув юртларида ёшлар билан янги информацион даврда, глобаллашув жараёнида таҳдидларни, терроризмни олдини олиш бўйича ёшларни турли хил оқимлар таъсирига тушиб қолмаслиги бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари билан учрашувлар ўтказилаётгани, шу рукнда яратилган ҳужжатли филмлар қўйиб бериляпти қабилида кўплаб хабарлар беришмоқда. Ана шулардан ҳукумат охирги пайтлар хавфсизлик вазиятини яхши ҳисобга олаётганини айтишимиз мумкин. Аммо, ҳуқуқ-тартибот органлари чора-тадбирларни кучайтирганлиги оддий фуқаронинг кўзига ташланмаяпти", дейди Суҳроб Исмоилов.

Ўзбекистондаги баъзи кузатувчилар, ҳуқуқ фаоллари бундай амаллар кўпда халқни иқтисодий-ижтимоий қийинчиликлардан чалғитиш, ҳукумат юргизаётган репрессив сиёсатни оқлаш мақсадида тарқатилишини айтишади.

Айниқса, Араб давлатларида содир бўлган инқилоблар ҳукуматни бир қадар ташвишга солиб қўйгани ва бу безовталик ҳали ҳам аримагани борасида ҳам фикрлар мавжуд. Суҳроб Исмоилов бундай қарашларга қўшилади.

"Бундай башоратларни кўпинча Россиядаги экспертлардан эшитиб турамиз. Лекин, мен уларни у қадар холислик билан қабул қила олмайман. Бу Россиянинг сиёсий муҳитидан келиб чиқаётган башоратлар бўлиши мумкин. Ўзбекистон ҳукуматини эса, араб давлатларида бўлаётган воқеалардан кейинги қўрқуви ҳали ҳам буткул йўқолиб кетгани йўқ. Ва ҳукумат Ғарб давлатлари билан ҳамкорликдан қўшимча дивидентлар ундириш, инсон ҳуқуқларига қарши репрессив сиёсатини оқлаш учун яна бир асос олиш каби мақсадларни кўзлаётган бўлиши мумкин", дейди Суҳроб Исмоилов.

Афғонистон тарафидаги вазият

Image caption Бугун ЎИҲ нималарларга қодирлиги борасида тўла ишончли маълумотлар йўқ

Ўзбекистон ўз хавотирларини Афғонистондаги вазият билан боғлайди ва хатар у ерда қайта куч йиғаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан келишини айтади.

Олдинроқ, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Афғонистон шимолидаги Бадахшон вилоятида тўпланаётгани, у ерда ҳам қатор исёнкорлик амалиётларини амалга ошираётгани борасида хабар қилинган.

Бундан ташқари, гуруҳ Афғонистон шимолидан туриб, Ўзбекистон ва Тожикистондан янги жангарилар ёллаётганига оид хабарлар ҳам чиққанди.

Тахордаги мухбиримиз Мубин Ғафурийга кўра, расмийлар сўнгги пайтлар Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллиги ортаётганини тасдиқлайдилар.

"Расмийлар исёнкорлар фаоллашгани ҳақида гапиришаркан, улар орасида хорижий кучлар борлиги ҳақида ҳам айтишади. Улар чет элликлар орасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари кўплиги ва ҳатто бир аёл ҳам фаол ҳаракат қилаётгани хусусида билдиришганди. Ва улар юз бераётган урушларга раҳбарлик қилишлари ва ё бошқарувчилари экани, портловчи воситаларни тайёрлашлари айтилади. Маҳаллий расмийларга кўра, улар тоғлар орасида, олдин нотинч бўлган чекка қишлоқларда жойлашиб олишган", дейди мухбиримиз.

Ва Мубин Ғафурийнинг айтишича, айни жангари гуруҳлар чегара оша Марказий Осиё давлатларига ўтиш ҳаракатларини яна бошлаб юборишлари мумкин деган ишонч ҳам йўқ эмас.

"Маълумки, Афғонистондаги исёнкорлар Тожикистонга сизиб ўтаётгани борасида хабарлар чиқди ва у ерда баъзи нотинчликларни келтириб чиқади, ҳатто урушларга ҳам сабаб бўлди. Маҳаллий расмийлар ҳам агар бу исёнкорларнинг олди олинмаса, улар Ўрта Осиё ўлкаларига ўтиб ноқарорликларни келтириб чиқаришлари мумкинлиги хусусида гапиришади", дейди у.

Аммо, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолиятини яқиндан кузатиб келаётган экспертлар уларнинг бугунги фаолиятларига оид янги ва 100% ишончли маълумотлар йўқлигини таъкидлашади. Айримларга кўра, ЎИҲнинг кураши бугун сиёсий эмас, иқтисодий моҳиятга эга.

Гуруҳнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга қанчалар таҳдид солиши мумкинлиги борасидаги башоратлар эса, кўпда ўз тасдиғини топмайди. Қатор инсон ҳуқуқлари фаоллари, мутахассис ва журналистларга кўра, мавжуд режимлар ўз қудратларини мустаҳкамлаш учун бу каби таҳдидлардан фойдаланишади.

Бу мавзуда батафсилроқ