Каримов:'Афғонистонда фуқаролар уруши юз бериш мумкин'

Image caption Жаноб Каримовнинг сўзлари Афғонистонда АҚШнинг 9та базаси сақланиб қолиши эълон қилинган куни янграган.

Президент Ислом Каримов 2014 йилда АҚШ ва Нато кучлари олиб чиқиб кетилиши ортидан Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши эҳтимолидан огоҳлантирган.

Тошкентда Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг навбатдаги санаси муносабати билан гапирган жаноб Каримов Афғонистондаги террорзим, гиёҳванд моддалар, диний ва этник қаршиликларнинг ёйилишидан хавотир изҳор қилган.

"Афсуски, коалиция кучлари чиқиб кетганидан кейин бир-бирига қарши кучлар ўртасидаги зиддият кучаяди. Афғонистонда қайтадан фуқаролар уруши бошланиб кетиши хавфи мавжуд", - деган Президент Каримов давлат телевидениеси орқали намойиш этилган нутқида.

Ўзбекистон Президенти 2014 йилдан кейин Афғонистон ва минтақада хавфсизлик вазиятининг ёмонлашиши ҳақида аввал ҳам гапирган, аммо илк бор фуқаролар уруши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Жаноб Каримовдан фарқли ўлароқ, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев халқаро кучларнинг Афғонистондан чиқиб кетиши ортидан "фожиа юз бермаслиги"ни айтган.

"НАТОнинг Афғонистондан 2014 йилда чиқиб кетиши ортидан ортга айланувчи таймер қўшилгани йўқ. Минтақамиз учун ҳеч қандай фожеа содир бўлмаслигига аминман”, - деган жаноб Назарбоев 25 апрел куни қилган чиқишида.

Ғарблик таҳлилчилар Каримовни сиёсий репрессияларни оқлаш учун Афғонистондан келаётган хавфни бўрттириб кўрсатишда айблашади.

АҚШ базалари

Ўзбекистон раҳбарининг сўзлари Қўшма Штатлар 2014 йилдан кейин Афғонистонда ўзининг 9та базасига эга бўлиши эълон қилинган пайти янграган.

Президент Карзайнинг айтишича, келаси йил жанговор амалиётлар ниҳоя топгач, Қўшма Штатлар Афғонистонда 9та ҳарбий база қолдиришни истайди.

Ҳарбий базалар мамлакатнинг йирик шаҳарлари бўйлаб жойлаштирилиши, жумладан, Ҳелманд, Багром, Шинданд ва Ҳирот яқинида сақланиб қолиши мумкин.

Мазкур ҳарбий базалар учун 20 минг нафарча қўшин зарурлиги ва афтидан, 2014 йидан кейинги АҚШ ҳарбий ҳозирлиги шунча ҳажмда бўлиши тахмин этилмоқда.

Улар сафида НАТОга аъзо бошқа давлатларнинг кичик сондаги кучлари ҳам фаолият қилади.

Жорий ҳафта бошида Ўзбекистон орқали Нато юкларини олиб чиқиш бошлангани хабар қилинган.

Ўзбекистон АҚШ ва Натонинг Афғонистондаги амалиётларида муҳим транзит нуқтасига айланган.

Қўшма Штатлар Афғонистондан олиб чиқиладиган ҳарбий жиҳозларнинг маълум қисмини Ўзбекистонга қолдиришини айтган.

Уларнинг қандай жиҳозлар экани ҳақида тўлиқ маълумот йўқ, аммо Давлат Департаменти уларнинг орасида учувчисиз учоқ-дронлар борлигини тасдиқлаган.

АҚШ расмийлари ўзбек томони имкон қадар кўпроқ қурол-яроғ сўраётганини айтишган.

Хотира ва қадрлаш куни

Президент Каримов 9 май куни Тошкентдаги "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гулчамбар қўйган ва уруш фахрийлари билан суҳбатлашган.

Ўзбекистон собиқ совет давлатлари орасида Ғалаба кунини байрам сифатида нишонламайдиган ягона давлатдир.

Бу кун расман "Хотира ва Қадлрлаш куни" сифатида нишонланади.

Мустақилликдан сўнг мамлакат раҳбарияти Улуғ Ватан урушини "Иккинчи жаҳон уруши" иборасига ўзгартирган.

2009 йил охирида Тошкентдаги шўро аскарига қўйилган ёдгорликнинг олиб ташланиши Россия ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлган эди.

Россия матбуоти Ўзбекистон ҳукуматини "Улуғ Ватан уруши тарихини қайта ёзишга уриниш"да айблаган.

Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида бир неча норозилик чиқишлари бўлиб ўтган.

Россиялик айрим таҳлилчилар Тошкентдаги шўро аскари ёдгорлигининг олиб ташланишини "Россияни Ўзбекистондан бутунлай сиқиб чиқариш" уриниши сифатида талқин этганлар.

Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда Ғалаба куни расмий тантаналар билан нишонланган.

Қозоғистон бу йил биринчи марта ҳарбий парад ўтказган.

Бу мавзуда батафсилроқ