Ўзбекистон: Қамоқдан яна бир диндор ўлиги чиқди

Image caption Ўзбекистон қамоқхоналаридан бирида

"Майитнинг юзи кўкариб кетган, қўли тортилиб қолган, икки елкаси ва бошида бир нечта чуқурчалар бор, юзи эса тилим-тилим".

Зарафшондаги қамоқхонадан ўлиги чиққан 43 яшар Дилшод Исҳоқов жасадини тошкентлик фаол Мўътабар Аҳмедова ана шундай тасвирлайди.

"Жасадни келтиргач, МХХ уларнинг уйини ўраб олган ва ота-онасини қўрқитган" - дейди фаол.

Майит келтирилганда ҳидланиб қолгани учун яқинлари уни тезда тупроққа топширишгани айтилмоқда.

Расмийларга кўра, Дилшод Исҳоқов ўз ажали билан оламдан ўтган. Лекин уйдагилари расмий маълумотга ишонишмаган.

"Марҳум қамоқда мунтазам қийноққа тутилган" - дейди Мўътабар Аҳмедова -"Чунки доимо ундан узр сўрашни талаб қилишаркан, у эса мен узр сўрайдиган жиноят қилмаганман, деб узр сўрамаскан".

"Тергов пайтидаёқ унинг қийнаб, белига қаттиқ лат етказишганди. Қамоқда эса уни ҳар хил йўллар билан уриб, электр токига ўтирғизиб келишган".

Бундан 13 йил бурун ҳибсга олинган Дилшод Исҳоқов Ҳизб ут-Таҳрирга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилишга интилишга оид айбловлар билан узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

У тергов жараёнида ўзининг қаттиқ қийноққа солингани ҳақида айтган. Кейинчалик Зарафшондаги қамоқхонада ҳам доимий равишда калтакланиб келганини билдирган.

Хорижий кузатувчилар Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланиб келишини айтишади.

Бироқ Ўзбекистон расмийлари айни даъволарни рад этадилар.

Бир неча йил олдин Ўзбекистон расмийлари қийноқдан ўлдирилгани иддао қилинган маҳкум жасадини текширишга рухсат беришган, бироқ мустақил текширув маҳкумнинг ўз ажали билан билан ўлгани ҳақида хулосага келганди.

Халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳларига кўра, Ўзбекистон барча маҳкумларнинг жасадларини текширишга рухсат бермайди ва одатда, куч тизимлари таҳдидлари остида қолган оила аъзолари майитларни тезда тупроққа топширишга мажбур бўладилар.

Бу мавзуда батафсилроқ