Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистон тижорий арбитраж ҳақидаги қонунчиликка ўзгартириш киритмоқчи

Image caption МТС Ўзбекистонни халқаро тижорий арбитражга беришини айтган сўнгги хорижий ширкат бўлган

Ўзбекистон тижорий арбитраж билан боғлиқ қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни режаламоқда.

Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирининг ўринбосари Есемурат Канязов Тошкентда ўтган нефт ва газ халқаро кўргазмасида маълум қилган.

Шу йил кузида киритилиши мўлжалланаётган ўзгартиришлар сармоядорлар билан юзага келадиган баҳсларнинг халқаро арбитражга оширилиши тамойилларига аниқлик киритади.

Ўзбекистон ҳукумати мулозимига кўра, сармоявий баҳслар билан боғлиқ ҳар бир ҳолат алоҳида шаклда кўриб чиқилиши керак.

Сўнгги пайтларда қатор хорижий ширкатлар ўзбек ҳукуматининг амалларидан шикоят қилиб, халқаро арбитражга мурожаат қилишган.

Уларнинг энг сўнггиси Россиянинг МТС мобил алоқа ширкатидир.

'Ўйин қоидалари'

Таҳлилчиларга кўра, тижорий арбитраж ҳақидаги қонунчиликнинг ўзгартирилишига Ўзбекистонда мол-мулкидан ажралган хорижий ширкатларнинг халқаро маҳкамаларда адолат топиш уринишлари сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Кўпгина ҳолатларда Ўзбекистон ҳукумати ҳуқуқий асосларнинг йўқлигини айтиб, сармоявий баҳсларнинг халқаро тижорий арбитражда кўрилишига ёзма равишда розилик бермаган.

Тошкентдан иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайиновнинг айтишича, бу борада ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда зарур ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилмаган ва мамлакат қонунчилиги халқаро қонунларга уйғун эмас.

"Аммо, - дейди таҳлилчи,- Ўзбекистон халқаро ҳужжатларни имзоламагани тақдирда ҳам, масаланинг маънавий томони бор. Маънавий жиҳатдан бу каби даъволар Ўзбекистонга зарар келтириши мумкин".

Шунга қарамасдан, Анвар Ҳусайиновнинг фикрича, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хориж ширкатлари учун энг катта муаммо арбитраж ҳақидаги қонунчилик эмас, балки валюта қонунчилигидир.

"Яхшиси Ўзбекистонда тижорат олиб бориш қонун-қоидалари, ўйин қоидаларини ўзгартириш осонроқ", - дейди таҳлилчи Би-би-си билан суҳбатда.