Фазлиддин Қурбонов ўзига қўйилган айбловларни тан олмади

Фазлиддин Қурбонов Бойсе шаҳридаги квартирасида ҳибсга олинган.

Терроризм айбловлари билан АҚШда ҳибсга олинган ўзбекистонлик Фазлиддин Қурбонов 17 май куни илк бор маҳкамада ҳозир бўлган. У Айдахо штати ҳуқуқ-тартибот органлари ўзига қўйган уч бандлик айбловларни тан олмаган.

Фазлиддин Қурбонов 16 май куни Бойсе шаҳри жанубидаги квартирасида ҳибсга олинган эди.

Мухбирларга кўра, 30 ёшли Фазлиддин Қурбонов сариқ ва оқ рангли йўл-йўл кийимда маҳкамада пайдо бўлган.

Унга Айдахо штатида уч банд бўйича айблов қўйилган.

Юта штати расмийлари ҳам Фазлиддин Қурбоновни бир банд бўйича айбламоқдалар.

Бойседаги маҳкамани кузатган мухбирларнинг хабар қилишларича, Фазлиддин Қурбонов кўп гапирмаган.

Рус тилидан таржимон ёрдамида фақат ўзига қўйилган айбловларни тан олмаслигини билдирган.

Федерал ҳакам Микел Уилямс Фазлиддин Қурбонов маҳкамаси 2 июл куни бошланишини айтиб, тингловни якунлаган.

Мухбирларга кўра, ҳойнаҳой, унинг устидан маҳкама янада ортга сурилади.

Айдахода Фазлиддин Қурбонов террорчиларга ва хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олинган Ўзбекистон Исломий ҳаракатига моддий кўмак бериш учун тил бириктириш, портловчи моддага эгалик қилиш айбловлари қўйилган.

Юта штатида эса унга портловчи модда ясашни ўргатиш айблови қўйилган.

Фазлиддин Қурбонов, гўё шу йил январида қандай қилиб портловчи модда ясаш, керакли ашёларни қаердан сотиб олиш бобида йўл-йўриқ кўрсатган, интернетдан махсус видеолавҳаларни топиб, намойиш этган.

Image caption Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августидан АҚШда яшаган.

Фазлиддин Қурбоновнинг ҳибсга олингунча юк автомобили ҳайдовчиси бўлиб ишлагани, ҳимоячи ёллаш учун ўзининг маблағи йўқлиги маҳкамада айтилган.

Ҳакам Микел Уилямс Ричард Рубинни Фазлиддин Қурбоновнинг манфаатларини маҳкамада ҳимоя қилувчи адвокат сифатида тайинлаган.

Айдахо штати Қочқинлар идорасига кўра, Фазлиддин Қурбонов 2009 йил августида қочқин мақомини олганидан кейин Бойсе шаҳрида ўрнашган.

Расмийлар унинг АҚШда қонуний яшаганини айтмоқдалар.

Штат расмийлари айтишларича, Айдахода 650 атрофида Ўзбек истиқомат қилади.

Сўнгги йилларда бир неча ўзбекистонлик Қўшма Штатларда террор ҳаракатларига оид айблар билан ҳибсга олинган.

2011 йил ёзида 22 яшар Улуғбек Қодиров Президент Обамани ўлдиришга қасд қилиш айби билан қўлга олинган ва 2012 йил июлида 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

2012 йил 21 январида эса жиззахлик Жамшид Мухторов ҳам террорчи гуруҳларга кўмак кўрсатишга оид айблар билан аэропортда ҳибсга олинган.

Бу мавзуда батафсилроқ