'Ишсизларни атай рўйхатга олишмайди'

Image caption Ўзбекистондан ташқарида ишлаётган ўзбек муҳожири

Тошкентдаги маҳкама учинчи маротаба ишсиз фуқаролар шикоятини кўриб чиқишни орқага сурди. Сабаби аниқ эмас.

Аммо арздорлар бор-йўғи ўзларини ишсиз сифатида рўйхатга олишларини исташмоқда, холос.

"Ишсизларни расмий рўйхатга олмаслик сабабини очиқ айтишмоқда" - дейди даъвогар Абдураззоқ Содиқов -"Шунча ишсизни рўйхатга олсак, биз уларга қандай нафақа тўлаймиз деб қўрқишаркан".

Жаноб Содиқов Халқ Демократик Партияси аъзоси ва инсон ҳуқуқлари фаоли. У ўзининг ишсизлар рўйхатига киритилиши ҳамда ишсизлик нафақаси ажратишлари учун милиция ҳамда прокуратурага телефон қилишга мажбур бўлганини айтади.

Аммо бир ойлик ишсизлик нафақаси 14 минг сўмга яқин бўлиб, бозор нархида 4-5 АҚШ долларига тенг. Бу пулга ҳозир бир кило гўшт ҳам бермайди.

Дейлик бир ойлик шаҳар транспортида юриш чиптаси (проездной) 80 минг сўм атрофида. Хуллас, ишсизлик нафақаси ишсизнинг ҳаётида сезиларли ўзгариш ясамайди.

"Аммо мен ўрта ва қуйи бўғинларда қонунлар ижроси сустлигини, раҳбарлар беписандлигини кўрсатишга аҳд қилдим" - дейди фаол Содиқов - "Тошкентда аҳвол шундай бўлса, бошқа жойларда бундан баттар бўлса керак".

Иш бор, маош йўқ

Ишсизлик нафақаси ўта озлиги боис кўпчилик эгаридан тушови қиммат, дея бутун бошли қоғозбозлик тизимидан ўтишни истамаслиги мумкин.

Жаноб Содиқов эса бу ўринда ижтимоий таъминотга ажратиладиган пулларни ўзлаштириш эҳтимолларини ҳам назардан соқит қилмаслик кераклигини, у ҳатто ўз номига битилган сохта ҳужжатларни кўрганини айтади.

Image caption Абдураззоқ Содиқов ишсизларни рўйхатга олиш ва нафақа тайинлашда беписандлик ва қийинчиликлар кўплигини кўрсатмоқчи

"Ишсизларни рўйхатга олиш жараёни узундан-узоқ қоғозбозликдан иборат ва бу жараён одамларни турли қийинчиликларга рўбару қилади" - дейди Лондонда истиқомат қилаётган ўзбекистонлик жамиятшунос Алишер Илҳомов.

"Бутун жараёндан ўтиб, рўйхатга олингандан кейин ҳам қандайдир кўча супуриш ва ё тозалаш каби ишлар таклиф этишади" - давом этади жамиятшунос.

Расман, Ўзбекистонда ишсизлик 5% атрофида. Аммо аслида ишсизлик даражаси ўта юқорилиги айтилади.

Россия ва Қозоғистонда бир неча миллион ўзбекнинг меҳнат муҳожирига айлангани ҳам вазият борасида муайян тасаввур пайдо қилади.

"Иш бор, йўқ эмас" - дейди ўзбекистонлик ёшлардан бири - "Лекин берадиган маоши ишга қатнайдиган автобус пули ва тушликни аранг қоплайди. Бунақа иш кимга керак?".

Ўзбекистон ҳукумат нашрлари ва телеканаллари мунтазам равишда мамлакатда минглаб иш ўринлари яратилаётгани ҳақида хабар беришади.

Лекин давлат секторидаги ишларда маош камлиги айтилади. Хусусий секторда эса иш ўрни яратиш қийинлашиб кетгани урғуланади.

"Ўзбекистонга сармоя киритиш ва у ерда тижорат юритиш йўлида тўсиқлар кўп" - дейди Алишер Илҳомов -"Шу сабабли тижорат соҳаси иш ўринлари яратишга қодир бўлмаяпти. Ишсиз аҳоли эса четга чиқиб, иш излашга мажбур".

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги иқтисодий ўсишни 8% атрофида дейди ва айни кўрсаткич дунёнинг энг жадал ўсаётган Хитой ва Ҳиндистон каби мамлакатларида кузатилади, холос.

Таҳлилчиларга кўра, Ўзбекистон бераётган мазку рақамлар ҳақиқатга яқин бўлса, миллионлаб одамлар иш излаб мамлакатдан чиқиб кетишмасди.

"Қозоғистон бераётган шу каби юқори иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига бир қадар ишониш мумкин" - дейди Алишер Илҳомов -"Чунки Қозоғистондан одамлар Ўзбекистон каби оммавий тарзда иш излаб чиқиб кетишаётгани йўқ".

Сўнгги ҳисоб-китобларга кўра, фақат Россияда ишлаётган ўзбек муҳожирлари бир йилда ватанга 6 миллиард АҚШ долларига тенг маблағ жўнатишган.

Бу мавзуда батафсилроқ