Янги фильм: Telia Sonera ва Гулнора Каримова бевосита алоқада бўлганми?

Image caption Швеция тележурналистлари бошлаган журналистик тергов Telia Sonera раҳбариятидаги ўзгаришлар ва маҳкама ишларига сабаб бўлди

Швеция Жамоатчилик телевидениеси 22 май оқшоми намойиш этиши кутилаётган "Миссия - Тергов" дастурида "Telia Sonera- Москвадан чопар" ҳужжатли фильмини намойиш этмоқчи. Бу филм Озодлик Ўзбек хизмати билан ҳамкорликда яратилган.

"Telia Sonera - Москвадан чопар" фильми гўё Telia Sonera ва Гулнора Каримова ўртасида юз бергани даъво қилинаётган бевосита музокараларга асосланади.

Филмда даъво қилинишича, Гулнора Каримова қўли билан ёзилган ҳужжатлар намойиш этилади.

Бу ҳужжатларда Каримова хоним гўё Telia Soneraдан пул олиниши кераклиги ва бу пул унга тегишли хайрия ташкилотларига берилиши шартлигини таъкидлайди.

Шунингдек, Telia Soneraнинг ўзидан олинган ҳужжатлар ҳам намойиш этилган. Уларда Telia Sonera ҳар уч ойда Гулнора Каримовага тўлаши керак бўлган пул миқдорини пасайтиришга ҳаракат қилгани иддао қилинади.

Ўтган йили швед журналистлари Telia Sonera мобил телефон ширкати ва Ўзбекистондаги юқори доираларга берилган пора борасидаги можаро юзасидан текширув ўтказгандилар.

Швеция Ижтимоий телевидениесида янги текширувлар натижаларига асосланган "Telia Sonera - Москвадан чопар" номли филмида эса Ўзбекистон президентининг қизи шахсан дастхати билан иловалар киритган ҳужжатлар асосида Telia Soneraнинг Ўзбекистондаги фаолияти ва Гулнора Каримова ўртасидаги бевосита алоқалар борлиги кўрсатилган.

Каримова яқинда Швейцарида чоп этилувчи Bilan журналига берган интервьюсида Telia Sonera билан алоқаси борлигини рад этганди.

Каримова хонимга кўра, у Telia Sonera вакиллари билан ҳеч қачон учрашмаган ва гаплашмаган.

"Мен воситачилар орқали галашишдан кўра тўғридан-тўғри мулоқотларни афзал кўраман, чунки ўз тажрибамдан биламанки, бундай мулоқотлар муаммо келтириб чиқариши мумкин , айниқса менинг мақомим назарда тутилса", - деганди Гулнора Каримова.

Айбловлар, асосан, Швеция ҳукуматига қисман тегишли бўлган Telia Sonera Ўзбекистонда 3G мобил телефон хизматини йўлга қўйиш учун ўртада воситачи бўлган ширкатга 300 миллион доллар тўлангани атрофидадир.

Telia Sonera ўшанда бу даъволарни мутлақо рад этди, лекин иш юзасидан Швеция прокуратураси махсус текширув ўтказди ва масала парламентда мубоҳаса қилинди.

Ҳозирда эътиборга тақдим қилинаётган янги филм бу айбловларни яна бир поғонага кўтармоқда.

Би-би-си қўлига етиб келган филм сценарийсига кўра, Telia Sonera ва Гулнора Каримова ўртасида музокарлар юз берган ва ширкат Ўзбекистондаги ўз тижоратини ҳимоялаш мақсадида Гулнора Каримовага тегишли бўлган хайрия ташкилотлари орқали пул тўлаб турган.

Би-би-си Telia Sonera матбуот хизмати раҳбари Саломон Бекеле билан боғланиб, бу даъволарга муносабатини сўради.

Бекеле: Бу тафсилотлар борасида шарҳ беришни истамаган бўлардим, чунки сиз тасвирлаётган тафсилотларни биз ҳали кўрганимиз йўқ. Биз Гулнора Каримова билан музокара олиб бормаганмиз. Telia Sonera ширкатида пора бериш маданияти йўқ. Бу иддаоларнинг баъзилари ҳақида "Миссия - Тергов" дастури томонидан сўралганда, амалдаги ижрочи директоримиз Пер-Арн Бломквист ҳам очиқ айтган.

Би-би-си: Сиз айтаётган интервьюда жаноб Бломквист Telia Sonera Фонд Форум ташкилотига пул тўланганини тан олган. Telia Sonera ҳали ҳам Гулнора Каримовага алоқадор ташкилотларга ҳомийлик қиладими?

Бекеле: Биз "Миссия - Тергов" дастури билан мулоқотимизда шуни очиқ айтдикки, ўзимиз фаолият олиб бораётган барча мамлакатларда турли хил фаолиятлар учун ҳомийлик қиламиз. Бу фаол корпоратив фуқаро бўлишнинг бир қисми. Ўзбекистонда ҳам шундай иш олиб борамиз. Таъкидлаб айтмоқчиман, бу фаолиятларга жалб этилишни биз ўзимизга мос тажриба, деб биламиз. Бу фаолиятларни Фонд Форум ташкиллаштирган, бироқ биз Фонд Форумнинг ўзига ҳомийлик қилмаганмиз, балки у томонидан уюштирилган фаолиятларга ҳомийлик қилганмиз, холос. Шуни тасдиқладик.

Би-би-си: Лекин, илгари сурилаётган иддао шуки, бу ҳомийлик пуллари Телиасонеранинг Ўзбекистондаги фаолияти давом этишига ёрдам бериш учун, ҳамда солиқ ва божхона идоралари билан муаммо бўлмаслигининг олдини олиш учун тўланган. Бу ҳатто ҳимоя пулидек намоён бўлаяпти. Бунга нима дейсиз?

Бекеле: Биз буни буткул рад этамиз. Дастур доирасида Пер-Арн Бломквистдан ҳам бу сўралди ва у ҳам шундай жавоб берди. Биз буни умуман тан олмаймиз. Биз ўзимиз иш олиб борадиган барча мамлакатларда хайрияларга ҳомийлик қиламиз ва бу тўловлар бизнинг корпоратив сиёсатимизга мос бўлиши керак. Агар бундай бўлмаса, буни қайта кўриб чиқишимиз керак. Лекин, дастурдаги ибораларни биз умуман тан олмаймиз.

Ҳимоя пули

Филм бошида швециялик журналистларига ўзини Александр дея таништирган бир шахс қўнғироқ қилади.

Александр кейинчалик ўз қўлида бўлган ва шахсан Гулнора Каримова дастхатига эга бўлган ҳужжатларни Москвадан журналистларга "чопар" орқали юборади. Филм муаллифлардан бирига кўра, биринчи ҳужжат уларга яхши таниш.

"Бу Telia Soneraнинг Ўзбекистондаги баҳсталаб ишлари... Бу ердан 2.3 миллиард швед кронаси Гайане Авакяннинг Такилант ширкати ҳисобига кетган - у Гулнора Каримованинг шахсий ёрдамчиси. Аммо яна бир ички ҳужжат бор. Бу бир иқтисодий ҳисобот бўлиб, Гулнора Каримованинг столи устидан олинган ва унинг дастхати билан изоҳлар битилган. Бу ҳужжатда ўз бизнеси ва дунё бўйлаб мулкларининг қандай шаклда бошқарилишини исташи ҳақида сўз кетади. Айни ҳисоботда Telia Sonera ва диктаторнинг қизи ўртасида янги ва сирли бизнес амаллари ҳақида сўз боради. Агар бу исботланса, унда у ерда порахўрлик маданияти кенг тарқалганини кўрсатади...ва бу давом этмоқда" - дейди филм муаллифларидан бири.

Бу ҳужжатларни олган журналистлар уларни Иқтисодий Жинотялар Бўлими инспектори Ларс Хаммарга кўрсатишади.

"Мен бу ҳужжатларни иложи борича синчковлик билан ўрганиб чиқишга ҳаракат қилдим. Бу ҳужжатларни ёзган шахс ҳар тарафлама маълумотга эга бўлганлиги намоён бўлади", - дейди жаноб Хаммар. "Яъни ишнинг бутун икир-чикирларидан яхши хабардор бўлган шахсдир. Агар бу рост бўлса, бу жуда ачинарли ҳолат, Telia Sonera йиллар мобайнида кимгадир пул тўлашга рози бўлганлигини кўрсатмоқда. Бу яхши эмас...."

Иддао қилинишича, айни ҳужжатлар Telia Soneraда порахўрлик маданияти кенг тарқалганлигини кўрсатмоқда. Лекин бу ҳужжатларда Гулнора Каримованики дейилган дастхатларни қандай текшириш мумкин?

"Бунинг учун графологга мурожаат қилиш керак. Дастлаб ўша шахсники эканлиги аниқ бўлган дастхатни олиб, уники дея иддао қилинаётган дастхат билан солиштириш лозим" - дейди Ларс Хаммар.

Image caption Telia Sonera Каримова билан алоқада бўлганини рад қилади

Бу маслаҳатга риоя қилиб, швециялик журналистлар ҳамда Озодликнинг Ўзбек хизмати ходимлари ҳужжатларни Швеция ва Исроилдаги графологларга кўрсатишади. Иккала графолог ҳам чопар олиб келган дастхатлар билан Гулнора Каримованинг дастхати ўртасида ўхшашлик эҳтимоли жуда юқори, деган хулосани беришган.

"Мажбурий тўловлар"

Чопар олиб келган ҳужжатларни тасдиқлаш мақсадида журналистлар уларга қўлда ёзиб қолдирилган изоҳлардан ташқари жуда кўплаб янги, аввал маълум бўлмаган фактларни аниқлаганлар.

Филмда, шунингдек, бу ҳужжатларда қўлда ёзиб қолдирилган Такилант ширкати номи, Гаяне Авакян манзили, турли банклардаги маҳфий қутилар сони, бу қутилар ичидаги нарсалар рўйхати (кўп миқдорда пул ва бриллиант тақинчоқлар), банкдаги ҳисоблар, таниқли санъаткорларни олиб келиш борасидаги маълумотлар намойиш этилган.

Агарда бу маълумотлар ўз тасдиғини топса, ушбу ҳужжатларга ишончни кучайтиради.

Филмда даъво қилинишича, бу маълумотлардан учтаси тасдиқланмаган, лекин еттитаси тасдиқланган.

Филм муаллифлари ҳануз Telia Soneraнинг юқори доираларида ишловчи шахс билан учрашганлар. У ширкатнинг Ўзбекистонда юритган фаолияти юзасидан ўтказилган журналистик тадқиқотлар даврида ўта муҳим манба бўлган. Журналистларнинг ишонишларича, ҳозирда уларнинг қўлига келиб тушган ҳужжатларни тушунишда ҳам бу манба ёрдам бериши мумкин. Филмда бу шахснинг исми ошкор этилмаган.

"Агарда бу ҳужжатлардаги маълумотлар рост бўлса, бу Telia Sonera Гулнора билан тўғридан-тўғри алоқада бўлганлигини кўрсатади. Бу ширкат учун ўта аянчли маълумот бўлиши мумкин".

Филмда даъво қилинишича, ушбу ҳужжатларда Гулнора Каримова Telia Sonera ширкатидан қуйидагиларни гўё талаб қилгани кўрсатилади: Йилига уч маротаба "Келажак овози", "Асрлар садоси" ва "Style.uz"га пул тўлаб туриш. Шунингдек, Telia Sonera рози бўлганлиги ҳам қайд этилган.

"Бу каби тўловлар собиқ Иттифоқ ҳудудида жуда кенг тарқалган. Telia Sonera бизнесининг йирик қисми ҳам шу ҳудудга тўғри келади. Бу каби тўловлар у ерда мажбурийдир", - деган Telia Sonera раҳбариятида ишловчи ўз исмини ошкор этмаган манба.

Швециялик журналистлар Telia Sonera Гулнора Каримова билан музокараларга киришгани ва ҳимоя пули дея талқин қилиниши мумкин бўлган маблағ тўлангани ҳамда Ўзбекистондаги порахўрлик маданияти ҳақидаги даъволар бўйича Telia Sonera бош ижрочи раҳбари Пер-Арн Бломквистнинг фикрини сўрашган.

"Менинг билишимча, биз ҳеч қачон Гулнора Каримова билан музокара олиб бормаганмиз. Шунинг учун у саволни четга қўйинг. Биз Такилант билан музокара қилганмиз. Такилант бизга маслаҳат сифатида қатор хизматларини таклиф қилган, лекин биз бу таклифларни рад этганмиз" - деган Бломквист жаноблари.

"Биринчидан мен шуни айтишим керакки, Telia Sonera ширкат сифатида ҳеч қачон пора дея талқин қилиниши мумкин бўлган фаолиятга аралашмаган. Шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Бизда коррупцияга асло тоқат қилмаймиз. Агар шунга ўхшаш нарсани аниқласак, албатта чора кўрилади. Коррупция билан боғлиқ ҳар қандай нарсага мен тоқат қилмайман ва сиз айтаётган ҳолат мен учун нотаниш" - деб айтган Бломквист.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Гулнора Каримова раҳбарлиги остидаги Фонд Форум билан боғланиб, ушбу филмда илгари сурилган даъволар ҳақида муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.

Фонд Форум Би-би-си юборган электрон мактуб етиб борганлигини тасдиқлади, лекин ҳозирга қадар ушбу мактубга жавоб бергани йўқ.

Айни вақтда Би-би-си Ўзбек Хизмати охирги вақтларда Гулнора Каримова анчайин фаол бўлган Твиттер микроблоги орқали ҳам бу борада мурожаат юборди, лекин мазкур мурожаатга ҳам ҳозирча жавоб йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ