'Россия вокзалларида миграция постлари жорий этилсин'

Image caption Россиялик масъулларга кўра, четдан ўз мамлакатларига келаётган меҳнат муҳожирларининг сони йил сайин ортиб бормоқда

Россия Федерал Миграция Хизмати раҳбари Константин Ромодановский пойтахт Москвадаги ноқонуний меҳнат муҳожирлиги оқимига қарши курашиш учун ана шундай таклиф билан чиққан.

Россиялик юқори мартабали миграция мулозимининг айтишича, "Москвада ноқонуний меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ вазият ўта кескин эмаса-да, чигалдир".

Агар, масъулларнинг сўзларига қаралса, жорий йилнинг иккинчи ярмида қонунбузар муҳожирларга қарши кенг кўламли рейд ўтказиш ҳам режаланган.

Расмий маълумотлардан аён бўлишича, биргина ўтган йилнинг ўзида 70 мингдан ортиқ ана шундай муҳожирлар аниқланган. Уларнинг Россияга киришлари тақиқланган.

Россиялик миграция мулозимларининг сўзларига таянилса, ҳозир мамлакатдаги жаъми меҳнат муҳожирларининг сони 10 миллиондан ортади.

Россиядаги ҳам қонуний ва ҳам ноқонуний мавқеъда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эса, тахминан беш миллион атрофида экани айтилади.

Маҳаллий масъуллар Россияга кириб келаётган меҳнат муҳожирларининг сони йил сайин ортиб бораётганини ҳам эътироф этишади.

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собяниннинг айтишича, полиция идоралари томонидан пойтахт темирйўл ва автовокзалларида уюштирилган рейдлар уларнинг мавқеъларини қаллоблик йўли билан қонунийлаштириш ва бунга воситачилик қилишда машғул тизимлар фаолиятига жиддий зарба берган.

Жаноб Собянин ҳам вокзаллардаги миграция постларига махсус жойлар ажратилиши, лозим техника ва маълумотлар базаси билан таъминланишини талаб қилган.

Маҳаллий полиция мулозимларига кўра, Москвадаги ҳар беш жиноятдан биттаси хорижликлар томонидан содир этилади.

Россия Федерал Миграция Хизмати маълумотларига таянилса, бу каби жиноятлардан аксарияти Ўзбекистон, Молдова ва Тожикистон фуқаролари ҳиссасига тўғри келади.

"Фақат махсус таклиф билан"

Image caption Россиялик юқори мартабали миграция мулозимлари муҳожирларни мамлакатга фақат махсус рухсатнома билан киритиш масаласини ҳам илгари суришмоқда

Константин Ромодановский ҳамкасблари билан ўтказган сўнгги йиғинида ана шу ғояси билан ҳам бўлишган.

Унинг ғояси Россияга келаётган МДҲга аъзо давлатлар фуқаролари учун махсус рухсатнома жорий этишни кўзда тутади.

"Ҳозир виза тизимини киритиш у қадар долзарб масала эмас, -деб айтган Ромодановский. Махсус рухсатномани тадбиқ этиш масаласи эса, аксарият меҳнат муҳожирлари келаётган давлатлар билан муҳокама этилиши мумкин. Аммо бу ғоя устида ҳам ҳали ишлаш керак, чунки уни амалга ошириш осон иш эмас".

2015 йилнинг 1 январидан бошлаб эса, яқин хорижлик фуқароларнинг Россияга фақат хорижий паспорт билан киришлари мумкин бўлади, холос.

Ўтган йил бошида Россия Президенти Владимир Путин муҳожирларни ноқонуний рўйхатга қўяётган уй эгаларини жиноий жавобгарликка тортиш ва миграция қонунларини бузганлиги аниқланган муҳожирларни 10 йил ёки ундан ҳам ортиқроққа мамлакатга киритмасликни талаб қилганди.

Муҳожирларнинг ўзлари нима дейишади?

Image caption Россиядаги ҳам қонуний ва ҳам ноқонуний мавқеъда бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари эса, тахминан беш миллион атрофида экани айтилади

Агар, ўзларининг сўзларига таяниб айтиладиган бўлса, Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам кўпроқ ноқонуний мавқеъда ишлашни афзал билишади.

"Бу каби ҳоллар жуда кўп. Чунки тўсиқлар кўп. Ишлаш учун рухсатнома олиш йўлидаги сансалорликлар, югур-югурлар ва сарф-харажатларнинг юқорилиги уларнинг мавқеъларини қонунийлаштиришларига тўсқинлик қилмоқда", дейди Москвадан биз суҳбатлашган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири.

Маълум бўлишича, бунинг учун камида 800 АҚШ доллари атрофида пул кетади, бутун жараённинг ўзи ўртача 20 кунга чўзилади.

"Бу ҳали ҳаммаси эмас, битта фирманинг ишлаш учун рухсатномаси бошқасига ўтмайди, меҳнат муҳожири ишлаш жойини ўзгартирмоқчи бўлса, яна ҳаммасини қайтаттан қилиши керак. Иккинчи томондан, бир ҳудудда ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома, бошқасида қонуний кучга эга бўлмайди", дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, ноқонуний меҳнат муҳожирлигига қарши курашмоқчи бўлса, Россия ҳукумати бу ишларнинг барчасини қонуний тарзда амалга ошириб, иш берувчиларга қатъий шарт қўйса, ишлаш учун рухсатнома олиш, тиббий кўрикдан ўтиш жараёнини осонлаштирса ва муҳожирларни малакаси, тил билишига қараб ишга қабул қилса, муаммо бу даражага ўсиб етмайди.

Ўз ўрнида, сўнгги янгиликка муносабат билдираркан, суҳбатдошимиз, "Москвадаги баъзи расмийларда миллатчилик ва ёки шовинизм руҳияти кучли бўлгани учун шу йўл билан Марказий Осиё давлатлари, айниқса, Ўзбекистонга, гўёки, бир ишора беришмоқчи бўлишаяпти", дейди.

Унга кўра, ноқонуний меҳнат муҳожирлиги билан боғлиқ вужудга келган вазиятга, бир томондан, Россия ҳукуматининг ўзи ҳам айбдор.

"Россия ҳукумати ўзига четдан қанча миқдорда ишчи кераклиги, уларни қандай тартибда қайддан ўтказиш лозимлигини билмаслиги, меҳнат биржалари ва консулликларни ташкил этиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари етарли эмаслиги боис, бу каби пала-партишлик кузатилаяпти".

Бу мавзуда батафсилроқ