Ўзбекистон: пенсиялар бўшаб қолган давлат ғазнасини тўлдиришнинг осон йўлими?

  • 24 Май 2013
Image caption Пенсиясидан қарздор бўлиб қолаётган нафақахўрлар ҳам нима сабаблигини тушунмайдилар.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан олинаётган охирги хабарларга кўра, пенсионерларнинг пенсиялари қисқартирилмоқда, айрим пенсионерлар миллионлаб сўмга қарздор қилинмоқдалар. Нега эканлигини ижтимоий таъминот мулозимлари ҳам тушунтириб бера олмаяптилар.

Сўнгги икки хабар Тошкент ва Хоразм вилоятидан олинган.

Тошкентдаги Uzmetronom веб-сайти хабар қилишича, ўтган 2012 йил давомида рўзномаларга мақолалар ёзиб жами 30 АҚШ доллари атрофида қалам ҳақи олган пенсиядаги журналистлардан бири солиқ масъулларидан хат олган, мактубда бир йил мобайнидаги пенсиясининг ярми, яъни 2 миллион 100 минг сўм ёки 750 долларлик маблағни қайтариб давлатга топшириш талаб қилинган.

Хоразм вилоятидаги "Нажот" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти хабар қилишича, ушбу ташкилотга охирги пайтда пенсиялари билан боғлиқ муаммолар ечимида кўмак сўраб 16 киши мурожаат қилган.

"Нажот" ташкилотига кўра, айрим инсонлар 1000000 сўмдан 6000000 сўмгача қарздор бўлиб қолганлар.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотига мурожаат қилганлардан бири 1955 йилда туғилган Комилжон Рўзметов.

У хасталиги туфайли 2007 йилдан нафақа ола бошлаганини, бироқ 2011 йилдан оладиган нафақаси ярмига қисқариб кетганини маълум қилган.

Комилжон Рўзметовга кўра, пенсия учун масъул идорага мурожаатига жавоб олган, бу жавобда жаноб Рўзметовга нафақа миқдори нотўғри тайинлангани ва ортиқча 4 миллион 272 минг сўмлик нафақа тўлангани айтилган.

"Ижтимоий таъминот бўлимлари мазкур муаммога айланган пул қарздорлиги қаердан келиб чиққанлигининг асл сабабини тушунтирмасдан, уларни пенсия пулларидан чегириб қолмоқда. Комилжон Рўзметов мазкур нафақа масаласида маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларига оғзаки ва ёзма равишда бир неча бор мурожаат қилган. Аммо нафақа билан боғлиқ муаммоларига бирорта амалдордан бирорта ижобий жавоб олмаган. Шунинг учун у, адолат қарор топмай, ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлаётганини маълум қилиб, “Нажот”дан ҳуқуқий ёрдам кўрсатишни сўраган", дея хабар қилади ташкилот раҳбари Ҳайитбой Ёқубов.

Uzmetronom веб-сайти Бош муҳаррири Сергей Ежков хабар қилишича, 2011 йил сентябрида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасининг қарори қабул қилинган.

Ушбу қарор матбуотда эълон қилинмаган, шунинг учун пенсиясидан қарздор бўлиб қолаётган нафақахўрлар ҳам унинг мазмунидан бехабарлар.

Сергей Ежковга кўра, бу қарордан кўзланган мақсад, ёш кадрларга жой бўшатиш учун кекса мутахассисларни тезроқ пенсияга чиқариш бўлган.

Бу қарорга биноан қалам ҳақи олган пенсионер ҳам ишлаётган пенсионерга тенглаштирилган.

Шу кунларда Қарши шаҳридаги солиқчилар тадбиркорларнинг олдига келиб касса аппаратидан бир ойлик солиқ чекини уриб, олдиндан солиғини тўлашни талаб қилаётгани ҳақидаги хабар тарқалди.

Солиқ ходимлари сўзларига кўра, пенсияларни тўлашга маблағ йўқ, шунинг учун бир ойлик солиқни олдиндан тўлаш талаб қилинаяпти.

Ушбу ҳолатлар мамлакатда давлат ғазнаси бўшаб қолгани ҳақидаги тахминларга етаклаган, бу тахминлар нақадар асосли?

Сергей Ежков фикрича вазият чиндан ҳам ёмон.

"Ҳозир фермерларни ўзларининг ихтиёрларида бўлган ҳамма нақд пулни топширишга мажбур қилишаяпти, чунки пенсия ва стипендияларни тўлаш учун маблағ йўқ эмиш. Вазият чиндан ҳам ёмон. Чунки мамлакатда йирик бизнесни бўғиб бўлишди, ўрта бизнес ва кичик бизнес "соя иқтисоди" ёки солиққа тортилмайдиган иқтисодга ўтиш кетишга мажбур бўлдилар. Чиндан ҳам давлат ғазнаси бўш. Солиқчиларнинг ҳали савдо қилмаган дўкондан чек уриб олиши амалиёти энди Қаршига етиб борган бўлса, бу нарса Тошкентда бир неча йил олдин бошланган эди", деб айтди Сергей Ежков.

Бу мавзуда батафсилроқ