Teliasonera: 'Биз кетсак, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг аҳволи ёмонлашади'

Image caption Teliasonera Ўзбекистондаги лицензияси учун пора берганини рад этиб келади

Teliasonera директорлар кенгаши раиси Мари Эрлингнинг швед парламентига айтишича, диктатура ҳукмрон бўлган давлатларни тарк этиш "инсон ҳуқуқлари аҳволининг ёмонлашишига" олиб келади.

Сешанба куни парламентнинг Тадбиркорлик ва Энергетика қўмитаси саволларига жавоб берган Эрлинг хоним Ўзбекистондаги амалиётлари учун Президент Каримов оиласига яқин шахсларга пора бергани ҳақидаги иддаоларга қарамай, Teliasonera"тўғри йўл" да эканини айтган.

"Фуқароларни кузатиш оддий амалиёт бўлган диктатуралардаги амалиётларни тўхтатиш самарасиз ва инсон ҳуқуқларининг аҳволини ёмонлаштиради",- деган Teliasonera раҳбари.

Эрлинг хоним шунингдек, Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Teliasonera нинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси бўлган Ucell ни ҳимоя қилиб-қилмаётганини билмаслигини айтган.

Мари Эрлинг Teliasonera директорлар кенгаши раиси лавозимига шу йилнинг 3 апрелида тайинланган.

Унинг ўтмишдоши Лайс Найберг Ўзбекистондаги коррупция иддаолари ортидан истеъфо берган.

Жиноий текширув

Швед парламенти қўмитасининг мажлисини кузатган журналист Ула Вестербергнинг Би-би-сига айтишича, парламентдаги суриштирувда Teliasoneraнинг Гулнора Каримова билан муносабатлари ҳақида кўп гапирилмаган.

"Бу масала жиноий текширув мавзуси бўлгани учун депутатлар уни четлаб ўтишга ҳаракат қилишди", - дейди швед журналисти.

Ўтган ой Teliasonera Гулнора Каримованинг тадбирларига миллионлаб доллар маблағ ажратганини тан олган эди.

Швеция жамоатчилик телевидениеси 22 май куни Гулнора Каримованинг дастхати, деб ишонилган ҳужжатларни намойиш этган.

Унда Teliasonera ширкатига кўп миллион долларлик ҳақ эвазига муҳофаза таклиф қилингани ва Teliasoneraдан Гулнора Каримованинг хайрия тадбирларига ҳомийлик талаб қилингани иддао этилади.

Гулнора Каримова Твиттердаги саҳифасида швед журналистлари тақдим этган ҳужжатларни "сохта" деб атаган.

Душанба куни Стокголм маҳкамаси ўзбек лицензиясини олишда воситачилик қилган "Такилант Лтд" ширкати ҳисобларини музлатиш муддатини узайтириш борасида қарор бериши кутилмоқда.

Швеция прокуратураси Гаянэ Авакян хоним эгалик қилувчи Такилант ширкатини ТелиаСонера телеком ширкатидан пора олишда шубҳа қилмоқда.

Такилантга тўланган юз миллионлаб доллар пуллардан аслида Гулнора Каримова фойда кўргани ва унга яқин бўлган Авакян хоним фақат қоғозда Такилантнинг эгаси бўлгани даъво қилинади.

Айни пайтда Teliasonera Ўзбекистондаги Ucell ширкатига янги раҳбар тайинлаган.

Ушбу лавозимга бундан аввал ширкатнинг Непалдаги амалиётларини бошқариб келган Усмон Турон тайинланган.

Ucell нинг аввалги раҳбари Али Аган Қозоғистонга ўтказилган.

'Осма укол остида'

Шу кунларда Ўзбекистондаги йирик телеком можароси марказида бўлган бошқа бир ширкат- Россиянинг МТС ширкатининг мол-мулки Тошкентда сотувга қўйилган.

МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси "Ўздунробита" ўзбек қонунчилигини бузиш ва давлат ғазнасига ярим миллиард долларлик зарар етказгани ҳақидаги айблар ортидан ўзини касод деб эълон қилган эди.

"Ўздунробита" кредиторларининг 31 май куни ўтган мажлисида ширкат мулкини кимошди савдоси орқали жами 600 миллиард сўм ёки қарийб 300 миллион АҚШ долларига сотишга қарор қилинган.

МТС мулкига қизиқиш билдираётган ширкатлар орасида Жанубий Кореянинг "KT Corporation" компанияси ҳам борлиги айтилмоқда.

МТС ўзбек томонининг айбловларини рад этади.

Ўтган йил ёзида Россия прокуратураси "МТСнинг Ўзбекистон бозоридан сиқиб чиқарилиши" юзасидан жиноий иш очган, аммо тергов тафсилотлари маълум эмас.

Ўтган ҳафта Гулнора Каримова Москвада ўзи ташкил қилган Ўзбекистон маданияти кечасига бормаган.

3 июн куни Каримова хоним Твиттердаги саҳифасида ўзининг бетоб экани ва "осма укол остида" ётганини билдирган.

Аммо отасининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўриладиган 41 ёшли Гулнора Каримова қандай хасталикка учрагани ҳақида маълумот бермаган.

Бу мавзуда батафсилроқ