'Швед прокурорлари Гулнора Каримованинг бармоқ изларини текширишмоқчи'

Image caption Янги ҳужжатлардаги дастхат айнан Гулнора Каримовага тегишли эканлигини аниқлаш яна кўп нарсаларга ойдинлик киритиши мумкин.

Швецияда текширувчилар Телиасонера мобил телефон ширкатининг Ўзбекистондаги коррупцион фаолияти юзасидан ўтказилган журналистик текширувда ишлатилган ҳужжатларни уларга тақдим этилишини сўраганлар.

"Миссия текширув", дея номланган ҳужжатли филмда Телиасонеранинг Ўзбекистонда бизнес юргизиш имкони учун мамлакат президенти қизига яқин киши томонидан бошқарилган ширкатга 300 миллион Америка доллари тўлагани борасида ҳужжатлар кўрсатилганди.

Кейинроқ, ушбу дастурда Талиасонера тўғридан тўғри Гулнора Каримова билан музокаралар олиб борганлиги ҳақида ҳужжатлар тақдим қилиниб, ширкат ўзи учун ҳимоя йўлида Каримова хонимнинг хайрия ташкилотларига ҳақ тўлаганлиги даъво қилинди.

Бу ҳужжатларда Гулнора Каримова шахсан ўзи ёзган дастхатлар борлиги айтилди. Миссия текширувга кўра, ҳудди ана шу ҳужжатларни текширувчилар талаб қилмоқдалар.

Телиасонера Каримова хоним билан тўғридан тўғри алоқада бўлганлиги ва умуман ҳар қандай қонунбузарликка қўл урганлигини рад этиб келмоқда.

Каримова хонимнинг ўзи ҳам Швеция журналистлари иддаоларини рад этган. Биз бу журналистик текширувларни олиб борганлардан бири Фредрик Лорин билан суҳбатлашдик:

Фредрик Лорин: Бундан мақсад шуки, текширувчилар айнан Гулнора Каримова бу ҳужжатлардаги дастхатларнинг эгаси эканлиги ва бу ҳужжатлар унинг қўлидан ўтганлигини аниқлаштирмоқчилар.

Би-би-си: Яъни улар бу ҳужжатлардаги дастхат айнан Гулнора Каримовага тегишли эканлигини аниқлаш истагидалар, шундайми?

Фредрик Лорин:Ҳа, улар худди биз ўтказган таҳлил ва суд-медицина экспертизасини ўтказмоқчилар. Лекин улар бу каби текширувни мустақил равишда, ўз текширувларининг бир қисми сифатида ўтказмоқчилар. Бундан ташқари улар биз ўтказмаган яна қўшимча текширувларни ҳам ўтказмоқчилар. Улар бармоқ изларини текширмоқчилар ва ва ДНК текширувини ўтказмоқчилар. Биз ҳам бу каби текширувларни ўтказишни хоҳлагандик, лекин бунга қўл урмадик. Чунки Гулнора Каримованинг асл бармоқ излари ёда ДНК намунасини олиш имкони бизда жуда кам эди.

Би-би-си: Улар, Гулнора Каримованинг бармоқ излари ва ДНК намунасини қандай олишларини айтишганми ва уларни ҳужжатлардагилари билан қандай солиштира олишади?

Фредрик Лорин: Улар Гулнора Каримованинг бармоқ излари ва ДНК намунасини қандай олишади - бунисини мен билмадим. Биз ҳам улардан бу ҳақда сўрадик, кўринишича, улар бу каби намуналарни олишга муваффақ бўлишларига ишонадилар.

Би-би-си: Уларни қўлга киритиш учун қандай йўл тутишлари ҳақда бирон нарса дейишдими? Ўзбекистонга ўз одамларини юбора олмасалар керак?

Фредрик Лорин: Ҳа биз ҳам бу ҳақда сўрадик. Ҳозирча бир нима дейишмаяпти. Айтишаётгани бу йўлда полиция билан ҳамкорлик қилмоқдалар. 10 мамлакатдаги полиция кучларидан ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилаётганликларини айтишди. Менинг тахминим шуки, полиция ёрдами билан бу каби намуналарни қўлга киритишмоқчи.

Би-би-си: Телиасонера билан Гулнора Каримова ўртасидаги бу каби алоқаларни аниқлаш в исботлаш нима учун муҳим?

Фредрик Лорин: Бу ҳужжатларда Телиасонера ва Гулнора Каримова одамлари ўртасидаги 2012 йили ўтказилган яқин музокаралар қайд этилган. У ерда Телиасонера ўзининг Ўзбекистондаги энг асосий рақиби бўлган Уздунробитанинг ёпилишидан сўнг қўлга киритган кўп сонли мижозлар учун тўланадиган ҳақ ҳам тилга олинган. Эсингизда бўлса Уздунробита гўёки солиқларни тўлашдан бош тортгани учун ёпилганди ва 9 миллионга яқин мижозлари бошқа мобил телефон ширкатига ўтишга мажбур бўлгандилар. Ўша мижозларнинг каттагина қисмини Телиасонера олди. Ўша ҳужжатларда Гулнора Каримова Телиасонера қўлига келиб тушган бу янги мижозлар учун тўлов масаласини муҳокама қилаётгани кўрсатилган. У ерда шунингдек расмий ташкилотлардан ҳимоя учун ҳақ масаласи муҳокама қилинган. Масалан солиқ ва монополияга қарши қўмиталардан Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳаказолардан. Ва Гулнора Каримова шунингдек хайрия ташкилотлари учун ҳақ талаб қилгани кўрсатилган. Бу хайрия ташкилотлари орасида Фонд Форум ҳам бўлган. Телиасонера айнан бу каби ҳақ тўланганини рад этмайди, тасдиқлаяпти. Телиасонера Такиланд ширкати билан ҳам музокара олиб борганлигини рад этмаяпти. Уларга кўра, Такиланд ҳақ эвазига бу каби ҳимояларни таклиф этган, аммо улар рози бўлишмаган, лекин хайрия ташкилотига ёрдам беришга рози бўлишган. Агарда Телиасонера 2012 ёз ойларида бу каби музокарларни олиб борганлиги тасдиқланса, ширкатни Швециянинг коррупцияга қарши қонунларни бузганликда жавобгарликка тортиш учун асос бўлади. Бу швециялик текширувчилар учун яна шунинг учун муҳимки, 2012 йили 1 июлидан бошлаб Швецияда коррупцияга қарши курашни кучайтирувчи янги қонун кучга кирган. Бу янги қонунга мувофиқ бирон турдаги коррупцияга олиб келувчи ҳар қандай музокараларга киришиш ҳам ман қилинган. Шунинг учун бу ҳужжатлардаги маълумот ва дастхатлар Гулнора Каримовага тегишли эканлигини исботлаш ана шу жиҳатлардан жуда муҳимдир.

Бу мавзуда батафсилроқ