Шифокорлар ноқонуний далага олиб чиқилган, улар ҳуқуқини талаб қилган фаол калтакланган

Елена Урлаева олган фотосурат
Image caption Тиббиёт ходимлари Ўрта Чирчиқ туманидаги далаларга икки сменада далага олиб чиқилаяптилар.

Ўзбекистоннинг Тошкент вилоятида тиббиёт муассасалари ходимлари қонунга зид равишда пахта далаларига олиб чиқилганини текширган ва маҳаллий амалдорларнинг ўзбошимчаликларидан норозилик билдирган таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Елена Урлаева калтакланган.

Бу ҳақда рўйхатдан ўтказилмаган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси хабар тарқатган.

Фаолларга кўра, Ўзбекистон ҳукуматига мажбурий болалар меҳнати туфайли халқаро босимлар кучайиши ортидан мактаб ўқувчиларини ғўза чопиғи ёки ўтоғи, пахта ҳосили йиғим-теримига оммавий жалб этмасликка ҳаракат қилинмоқда.

Лекин энди давлат бюджетидан молияланадиган корхона, идора ва муассасалар ходимларининг дала ишларига мажбур этилишлари ҳоллари кўпайган.

Охирги йилларда айниқса, маориф тизими ва соғликни сақлаш муассасаларида банд бўлганларнинг ўз ихтиёрларига қарши чопиқ ва йиғим-теримга сафарбар этилаётгани ҳақида кўп хабарлар олинмоқда.

Кўнмаганлар ишидан айрилиши ҳақидаги таҳдидлар билан дуч келмоқдалар.

Ўқитувчи ёки тиббиёт ходимлари Ўзбекистонда шундоқ ҳам иш топиш мушкуллигини айтишади ва мунтазам маошга эга бўлиш имконини берадиган ишидан ажралиб қолмаслик учун ҳам ҳатто ўз ёнларидан маблағ сарфлаб чопиқ ёки пахта теришга чиқишга мажбур бўлганларини айтганлар.

Яқинда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси Тошкент вилоятида ўқитувчилар далага олиб чиқилгани оқибатида мактаблардаги дарслар қолдирилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Ўзбекистон ҳукумати пахта ва дон нархларини эркинлаштириш талабларини рад этиб келади.

Пахта ёки ғалланинг таннархи арзон бўлишига эришиш учун худди СССР замонидек оммавий мажбурий сафарбарликка қўл уради.

Бу сафарбарликлар маҳаллий ҳокимларнинг зўравонликлари, инсон ҳуқуқларини қўпол бузишлари, вилоят ёки тумандаги раҳбарларни ҳақорат қилиш ва ҳатто дўппослашлари билан кечади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи uzbekgermanforum.org

Зотан, вилоят ёки туман ҳокимининг кейинги йил ўз лавозимида қолиш-қолмаслиги унинг пахта ва ғалла топшириш режасини уддалаган-уддаламаганига боғлиқ.

Ўзбекистонда ҳатто парламент аъзоларининг ҳам пахта кимга ва қанчага сотилаётганини, уни сотишдан тушган маблағнинг нимага сарфланишини билмасликлари айтилади.

Маҳаллий таҳлилчиларга кўра, шунинг учун ҳам маҳаллий амалдорни Ўзбекистон Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон халқаро миқёсда имзолаган конвенциядаги мажбуриятларини бажариш кўп ҳам ташвишлантирмайди.

Прокурор ёки милиция бўлими раҳбари ҳокимнинг бирор бир қонунни бузмаган фермерни ёки далага етарли бола олиб чиқмаган мактаб директорини ҳибсга олишдек қонунга зид буйруқларини сўзсиз бажарадилар.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов айнан Тошкент вилояти ҳокимини алмаштириш чоғи бундай зўравон усулларни қоралаган эди.

Маҳаллий фаоллар охирги йилларда деҳқончиликдаги оммавий сафарбарлик билан боғлиқ вазият Ўзбекистон мафкураси танқид қиладиган Шўро замонидагидан ҳам ёмонлашганини айтадилар.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг Би-би-сига айтишича, у ҳамкори Севара Бойматова билан Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги шифокорларни далалардан қайтариш талаби билан пикет уюштирганларида, милиция ходимлари иккаласини Тўйтепадаги милиция бўлимига олиб кетганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўрта Чирчиқ туман Ички ишлар бўлимидаги фуқаро кийимдаги бир амалдор Елена Урлаевани ҳақоратлаган, калтаклаган.

Елена Урлаева: Мен тирикман, лекин сал калтакланганман. Биз деярли ҳар куни шифокор ва болаларни излаб пахта далаларига текширув билан борамиз. Шу жараёнда биз Ўрта Чирчиқ туманига борганимизда, далаларда ишлаётган бир гуруҳ шифокорларни кўрдик. Улар тумандаги туғруқхона доялари ва бошқа поликлиникаларнинг ҳамшира ва ходимлари эдилар. Улар менга шикоят қилишди. "Мана бу тупроққа булғанган қўлларимиз билан кейин биз доялик қиламиз, дунёга келаётган гўдакларини қабул қилиб олишга мажбурмиз. Ҳар куни қўлимизда теша, пахта даласидамиз", дейишди. Мен 50 ка яқин ходимни санаб чиқишга улгурдим. Баъзилар лиқ тўлган автобусда, қолганлари ўзлари бошқа транспорт воситаларида далага келишган. Улар навбатма-навбат далада ишлашади. Иккинчи смена тушдан кейин соат 4 да далага етиб келиб, ишини бошлайди. Шуни айтиш керакки, бу йил ёз жуда ҳам иссиқ келди. Жазирама офтоб ва кун қизиб кетганидан далада чидаб бўлмайди. Бундай иссиқда одамларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда.

Би-би-си: Ҳамшира ва шифокорлар далага чиқмаса нима бўлади?

Елена Урлаева: Уларни ишдан бўшатиш хавфи бор. Шунинг учун ҳамма мажбур. Бу далаларда қилган меҳнати учун уларга пул тўланмайди. Лекин биз борганимизда шифокорлар учун иссиқ овқат ташкиллаштирилганига гувоҳ бўлдик. Чунки ўтган ҳафта пахта далаларидаги шифокорларни излаб Янгийўл туманига борганимизда, биз иссиқ овқат у ёқда турсин, ҳатто қуруқ маҳсулотлар ҳам йўқлигини кўрдик.

Би-би-си: Демак, шундан кейин сиз ва Севара Бойматова туғрухонага бориб, плакатларни ёйиб, норозилик пикетини бошлагансизлар. Сиз нимага қарши чиқдингиз?

Фото муаллифлик ҳуқуқи agency

Елена Урлаева: Шахсан мен, шифокорларни далага олиб чиқмасликка даъват қилдим. Эксплуатациядан воз кечишни талаб қилдим. Бир йўл топиб, норозиликларни изҳор этинглар, "ҳеч бўлмаса, ўз ғазабингизни изҳор этмайсизларми", дедим. Иш ташлашга чақирмасак ҳам, тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. Мен одамларнинг диққатини жалб этиш учун ҳуштак чалишни бошладим. Бироз вақт ўтиб Ўрта Чирчиқ туман шифохонаси бош шифокори милиция ходими ва фуқаролар кийимидаги ходимлар билан бирга етиб келди. Ҳамманинг олдида улар менга жуда қўпол муомала қилишди. Қўлларимни орқамга қайиришди, мен оғриққа чидолмай, бақирдим. Плакатларни қўлларимзидан тортиб олиб, Севара билан бирга машиналарга тиқишди ва Тўйтепа ГУВДсига олиб боришди. У ерда менга исмини айтмаган барваста ёш йигит ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари олдида мени калтаклашни бошлади.

Би-би-си: У сизга қандай жисмоний куч ишлатди?

Елена Урлаева: Кўкрагимдан бейджикни суғуриб узиб олишга уринди. Сочларимдан қаттик ушлаб, оёқлари билан тепди. "Бу ҳодисаларни интернетга бостириб чиқсанг, сўйиб ташлайман", деб пўписа қилди. "Сени ким бу ерга юборди, бу гуруҳни қандай топдинг", деб бақириб сўради. "Сизларга ким рухсат берди шифокорларни суратга олишга", деди. Телефон ва фотоаппаратларимизни тортиб олиб қўйишларидан олдин, мен АҚШ элчихонасига қўнғироқ қилишга муваффақ бўлгандим. Ўша қўнғироқдан ғазабга келган милиция ходимлари бизни қўйиб юборишга мажбур бўлдилар. Мен ўша заҳотиёқ шифохонанинг Травматология бўлимига бордим ва баданимдаги ҳамма калтак изларини ҳужжатлаштиришга муваффақ бўлдим. Бугун эса прокуратурага бориб, мени калтаклаган шахсни жавобгарликка тортишни талаб қилиб, ариза ташлаб келдим.