Баронесса Варси яна ишчи ташрифи билан Ўзбекистонда бўлди

  • 12 Июн 2013
  • изоҳлар
Image caption Бу Баронесса Варсининг Ўзбекистонга ўтган йил апрелидан буён иккинчи сафари.

Британия Ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари, Дин ва жамоалар ишлари бўйича давлат вазири Баронесса Саида Варси Тошкентда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашган.

Ўзбекистон матбуоти хабарларига кўра, "Британ-Ўзбек мулоқотининг аҳволи ва истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинган".

Ўзининг Ўзбекистонга иккинчи сафарини Британия Лордлар Палатасининг аъзоси Варси хоним Хева шаҳри зиёратидан бошлаган.

Хевада Баронесса Варси Хоразм вилояти расмийлари билан экология ва сайёҳлик масалаларини ҳам муҳокама этгани хабар қилинган.

Таҳлилчиларга кўра, Варси хонимнинг Ўзбекистондаги асосий муҳокама мавзуси Британия қўшинларининг 2014 йилда Афғонистондан олиб чиқилиши масаласидир.

Келгуси йил хорижий қўшинлар Афғонистонни тарк этишлари пайтида ҳарбийлар ва уларга тегишли техника ва бошқа жиҳозларни ҳам олиб чиқиш керак, бунда темир йўлга бўлган эҳтиёж янада ортади.

Афғонистон қуруқлигини ташқарига чиқиш йўллари билан боғлайдиган ягона темир йўл Амударё устида барпо этилган.

Ўзбекистон Афғонистон ичкарисига темир йўлни узайтириш лойиҳасида иштирок этаяпти, бироқ ҳозирнинг ўзида Афғонистоннинг Ҳайратони катта сондаги юк контейнерлари маконига айланган.

Британия Афғонистондаги ўз ҳарбийлари ва техникасини олиб чиқишда Ўзбекистон темир йўлларига умид қилмоқда.

2015 йилгача Британия Афғонистондаги тўрт миллиардга яқин ҳарбий ва ноҳарбий жиҳозларини олиб чиқиб кетиши керак.

Ўзбекистон ўз ҳудудидан хавфсиз йўлак яратиб бериши эвазига Британия 700 минг долларлик техника ҳамда жиҳозларини совға қилиши хабар қилинган.

Британия мулозимларига кўра, 100 минг фунт стерлингга тенг Land Rover машиналари эҳтиёт қисмлари, ҳар бир 7 минг фунт стерлинг турадиган элликтача Leyland DAF русумли машина Ўзбекистонга совға қилинади.

Ўтган йили апрелида иқтидордаги Консерваторлар партияси раисдоши сифатида Баронесса Саида Варси уч кун мобайнида Ўзбекистонда бўлган эди.

Варси хоним ўшанда Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини зиёрат қилган.

Бундан бир йил олдин ҳам Баронесса Варси ва ўзбек ҳукумати аъзолари ўртасида айнан қайси масалалар муҳокама этилгани ошкор қилинмаган.