Термезлик онахон: "Мен уйимни ташлаб чиқмоқчи эмасман!"

Image caption Ислом Каримовга видеомурожаат

Термез шаҳрининг Акмал Икромов кўчасидаги айрим уйлар бузилиш хавфи остида қолаётгани ҳақидаги кичик маҳаллий норозилик амали акс этган видеолавҳалар You Tube тармоғи ва қатор ижтимоий алоқа сайтларига жойлаштирилган.

Акмал Икромов кўчасида яшайдиганлар Президент Ислом Каримовга кўчириш хавфи остидаги уйлари, кесилиб кетилаётган дарахтлари ва ҳокимият ходимларининг айни масалада бедодлигидан арз қилишади.

Видеотасвирда ёши 75 да эканини айтган термезлик онахон куйиб - пишиб нафақат ўзининг, балки оиласи ва маҳалласининг дардини дастурхон қилади.

Ўзбекистонда ҳокимият вакилларининг “ободонлаштириш” баҳонаси билан дарахтларни қириб ташлашлари, турфа баҳоналар билан айрим ҳолатларда одамларни ўз турар-жойларидан мажбурий кўчириш ҳолатлари биринчи марта рўй бераётгани йўқ.

Аммо бу каби норозиликни атайдан видеотасвирга олиб интернетга олиб чиқиш воқеаси ҳар кун ҳам бўлавермайди.

Ўтган йили Фарғона водийсидаги айрим шаҳарларда шунга ўхшаш воқеалар рўй берган эди.

“Саҳрога кўчирсалар, набираларим нима қилишади?”

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Термезлик онахон:"Мен уйимни ташлаб чиқмайман!"

Ушбу видеотасвирларда ўнларча қўпорилган ва кесилган дарахтлардан тортиб, яшил либосли милиция ходимларини кўриш мумкин.

Термезлик онахон ўз кўчаси ва уй олди ҳовличасидаги кесилган дарахтларни деярли бирма бир таништириб чиқади.

“Ким бунақа қонунсизликка буйруқ берди”, деб сўрайди.

“Халқни ким қон қақшатмоқда”, дея савол берар экан, Президент Каримовга арз қилган бу онахон, анчайин эҳтиросга берилгани намоён бўлади.

У ўз ҳовлисида фарзандлари ва набиралари дохил етти оила яшаётганини урғулайди.

Қатъият билан “мен уйимни ташлаб чиқмоқчи эмасман”, дейди Президент Каримовга мурожаатида.

Би-би-си бу масала юзасидан Термез шаҳар ҳокимияти билан боғланишга ҳаракат қилди.

Аммо ҳозирча ҳаракатларимиз самара бергани йўқ.

Сурхондарё вилояти ҳокимиятининг расмий веб саҳифасида эса алоқа учун телефонлар ва ё электрон почта адреси кўрсатилмаган.