'Ўзбекистон учун пахта эмас, озиқ-овқат муҳим'

Image caption Минтақадаги сув заҳираларининг катта қисми Ўзбекистон пахта далаларини суғориш учун ишлатилади

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Тожикистон ва Қирғизистонни сув заҳиралари юзасидан музокараларга чақирган.

Тошкентга ташрифи чоғида гапирган жаноб Назарбоев минтақада чегаралар оша дарёлар муаммосини ечишда музокараларга эҳтиёж борлигини айтган.

"Келажагимиз билан боғлиқ жуда кўп масалалар бизнинг бир-биримиз билан қанчалик ҳамкорлик қилишимиз ва бир-биримизга қанчалик ишонишимизга боғлиқ", - деб айтган Қозоғистон раҳбари.

Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг сув заҳиралари борасидаги мавқеълари бир-бирига яқин экани айтилади.

Аммо шунга қарамай, Остона Тошкентдан фарқли ўлароқ, сув масаласида қўшнилари билан очиқ зиддиятга бормаган.

Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистоннинг гидроиншоот лойиҳалари минтақадаги сув таъминотини издан чиқаришини айтиб келади.

Давлат телевидениесининг хабарига кўра, Ўзбекистон парламентининг қишлоқ хўжалиги ва сув масалалари бўйича қўмитаси қишлоқ ҳудудларида сув заҳиралари борасидаги қонунчиликнинг ижросини муҳокама қилган.

Айни пайтда жойлардан ичимлик ва суғориш сувларига доир муаммолар борасида хабарлар олинмоқда.

Қашқадарёнинг Ғузор туманида ҳатто аҳолига суғориш сувларининг сотилаётгани айтилмоқда.

Би-би-си сув муаммолари борасида ўзбекистонлик биолог олим, академик Бек Тошмуҳамедов билан суҳбатлашган.

Бек Тошмуҳамедов: Ичимлик суви бўйича ҳамма вилоятларда вазият ҳар-хил. Энг мураккаб вазият, албатта, Амударёнинг қуйи қисмида. Чунки қуйига томон Амударёнинг суви шўрлашиб боради ва ичимлик сувининг сифати яхши эмас. Аммо фақат қуйида эмас, Тошкентдан унчалик узоқ бўлмаган Жиззах вилоятида ҳам ичимлик суви анчайин долзарб муаммога айланган. У ерга ичимлик суви каналлар орқали олиб келинади, аммо унинг сифати яхши эмас. Шунинг учун мен ичимлик суви муаммоси бутун республика учун долзарб, деб айтган бўлардим. Муаммони ечишнинг йўлларидан бири ичимлик суви тақсимотини йўлга қўйишдир.

Би-би-си: Совет даврида ичимлик суви муаммоси қандай ҳал қилинган, ҳозир ҳукумат қандай чораларни кўраяпти?

Бек Тошмуҳамедов: Совет давридан 20 йил ўтди, аммо мен яхши хотирлайман, ўшанда ҳам ичимлик суви муаммоси анча ўткир эди. Хусусан, Қорақалпоғистон ва Хоразм минтақасида. Сувнинг сифати ҳам унчалик яхши бўлмаган. Яъни сув ҳамиша умумий бир муаммо бўлиб келган. Шунинг учун ўйлашимча, вақт ўтиши билан биз ўз тоғларимиз этакларидан бошланадиган сув каналлари ёки қувурларини олиб ўтишимизга тўғри келади. Марказий Осиёда сув Помир ва Тяншан этакларида ҳосил бўлади ва шимоли-ғарбий йўналиш бўйлаб оқади. Аммо бизга келгунича бу сувлар ифлосланиб, ичиб бўлмайдиган ҳолга келиб қолади. Ҳозирнинг ўзида айрим жойларга бу каби канал ва қувурлар тортилган, аммо бутунича тоғ этакларидан бошлаб, то Орол денгизига қадар дейлик, тортилга сув каналлари йўқ бизда. Муаммони ечишнинг йўлларидан биттаси шу бўлиши мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистон сув муаммоларида кўпроқ қўшниларини айблайди, аммо республиканинг ўзи сув инфратузилмасига етарлича сармоя киритаяптими ёки суғориш тизимини яхшилашга эътибор қаратилаяпти, деб айта оласизми?

Бек Тошмуҳамедов: Бизнинг қўшни давлатларга нисбатан бу борадаги айбловларимиз мутлақо асосли. Чунки минтақадаги сув манбаълари фақат дарёларнинг сув ҳосил бўладиган юқори қисмидаги давлатлар эмас, балки Марказий Осиёдаги барча халқларнинг умумий мулкидир. Шунинг учун ҳеч ким бутунича бу сувларга эгалик даъво қилолмайди. Ва биз ўз улушимизни талаб қилишда давом этамиз. Тўғри, Тожикистон ва Қирғизистоннинг энергетика муаммолари бор. Аммо бу уларнинг муаммоси. Минтақадаги гидротехник иншоотлар энергетика мақсадларига мўлжалланмаган. Улар биринчи навбатда ирригация мақсадларига мувофиқ барпо этилган. Яъни улар сувни қишда ғамлаб, ёзда сарфлашга мўлжалланган. Шунинг учун Ўзбекистоннинг эътирозлари ўринли. Ва биз жорий, ирригацион тартибнинг сақланиб қолишини талаб қилишда давом этамиз. Чунки Ўзбекистонга, унинг қишлоқ хўжалигига сув ёзда керак, қишда эмас.

Би-би-си: Аммо бунинг учун Ўзбекистон ҳам ўзининг суғориш тизимини яхшилаши ёки пахта каби сувни кўп талаб қиладиган экинлардан воз кечиши керак, деб ўйламайсизми?

Бек Тошмуҳамедов: Эҳтимол, шундай қилиш керакдир. Чунки биз учун муҳими пахтадан кўра ҳам кўпроқ озиқ-овқат. Ўзбекистон, мустақил давлат сифатида ўзини-ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаши керак. Менимча, биз пахта плантацияларини сезиларли даражада қисқартириш ҳисобига нафақат сув, балки озиқ-овқат муаммосини ҳам ҳам қила оламиз.

Бу мавзуда батафсилроқ