Ичан-Қалъанинг тарихий маҳалласидан буткул айриламизми?

  • 15 Июн 2013
  • изоҳлар
Фото муаллифлик ҳуқуқи eleery

Ўзбекистон ҳукуматининг жиддий ҳаракатларига қарамасдан Хева шаҳрининг тарихий Ичан-Қалъасидаги айрим биноларни сақлаб қолишнинг имкони топилмаяпти.

Тарихий маҳаллалардаги 400 дан ортиқ бинони бузмаса бўлмайди.

Бу ҳақда ўзбекистонлик тажрибали журналист Наталя Шулепина "Новости Узбекистана" рўзномасида чоп этилган мақоласида ёзган.

"Хевада шикастланган уйларни бузиш" деб номланган мақолада айтилишича, Ўзбекистон фахри бўлган тарихий шаҳарни термит чумолилари беаёв кемирмоқда.

1992 йилда Хевада термитлар ҳужумига учраган 3200 бино бўлган бўлса, 2013 йил бошига келиб 30000 уй шикастлангани аниқланган.

Кекса журналистнинг ёзишича, Хева термитлар ҳужумига учрашига Шўролар замонида "Ичан-Қалъа" давлат архитектура музей-қўриқхонасини барпо этилиши сабаб бўлган.

1969 йилда музей-қўриқхона ичида 26 гектар майдонда "ички шаҳар" барпо этишга қарор қилинади.

1978 йилда Хева шаҳрининг Бош плани қабул қилинади ва шаҳар атрофини ўраган чуқурликларни кўмиб ташлашга қарор қилинади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи b

"Бу чуқурликлар сизот сувлари кўтарилишининг олдини олиб келганди. Ундан кейин ерости сувлари кўтарила бошлади, чунки ирригаторлар шу яқин атрофдан Туркман каналини ўтқазишди. Айни ўшанда шаҳарнинг эски қабристонини бузишга қарор қилинди. Термитларни жойидан безовта қилиб, қабристон бузиб ташланди. Айтишларича, мозорнинг ўрнида ҳозир бозор жойлашган. Термитлар эса ён-атрофдаги маҳаллаларга ёйилдилар, бу ерда улар ўзлари учун жуда қулай шароит топишди. Сув ҳам яқин, егулик ҳамма ёқда", деб ёзади журналист Наталя Шулепина.

Хевадаги Жума масжидиги термитлар таҳдид солаётганлари ҳақида матбуотда кўп ёритилган.

"Новости Узбекистана" рўзномаси мухбири Ўзбекистон Фанлар Академияси Зоология институти олимлари 2001 йилда муваффақиятли эксперимент бошлаганлари, термитларни "уруғи билан йўқ қиладиган" заҳарли модда ишлаб чиқиб, Жума масжидни асраб қолганлари ҳақида ёзади.

"Биз уларнинг энг яхши кўрадиган озуқасини излаб топганмиз. Шу озуқага биз турли кимёвий ёки микробиологик препаратларни аралаштириб, заҳарли ем қилганмиз. Бу емни қўйганимиздан кейин ундан бутун ўша уруғ озиқланишига эришиш керак. Яъни, бу ем қирчумолиларнинг ишчилари, аскарлари, личинкаларига, охири маликасигача етиб бориши керак", деб айтганди Би-би-си билан 2008 йилги суҳбатда Тошкентдаги Зоология институти профессори Оловуддин Ҳамроев.

Аммо "Ичан-Қалъа"нинг бошқа бинолари шиддат билан шикастланаяпти.

Журналист Шулепинанинг ёзишича, ҳукумат термитларни тезроқ йўқ қилиш, тарихий биноларни асраб қолиш учун кўплаб маблағталаб ва меҳнатталаб амалларга қўл урган.

Шу йилнинг ўзида ҳукуматнинг бир неча қарор ва фармойишлари қабул қилиниб, ишлар бошланган.

Сўнгги ҳукумат фармойиши нафақат Хоразм вилояти, балки Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида термитлар билан боғлиқ вазиятни ўрганиб чиқиш ва уларни йўқ қилиш чоралари белгиланган.

Ҳокимликларга уйлари шикастланган оилаларга ер ажратиш, биноларни бузиш, ёнадиган нимаики бўлса, ҳаммасини ёқиш ва ана шундан кейин тупроқни термитлардан зарарсизлантиришни бошлаш вазифалари топширилган.

"Ичан-Қалъа" девори ичкарисидаги 424 бинони бузмасликнинг имкони йўқлигини ёзади журналист ўз мақоласида.

.