Ўзбекистон: ишcизлик бўйича маҳкама жараёни яна кечиктирилди

Image caption Ўзбекистонда расман ишсизлик 5 фоиз атрофида

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманлараро маҳкамасида кўриб чиқилиши кутилаётган ишсизлик бўйича даъво аризаси тўртинчи марта кечиктирилган.

Сабаб жавобгар - Олмазор туман Бандлик хизмати вакилларининг 13 июн кунига белгиланган суд жараёнига келмагани бўлган.

Даъвогар Абдураззоқ Содиқовнинг Би-би-сига айтишича, маҳкама "Бандликка кўмаклашиш маркази"ни маъмурий жавобгарлик борасида огоҳлантирган.

Даъво аризаси юзасидан маҳкама жараёни 21 июн кунига қолдирилган.

Олмазор туманидаги "Бешқўрғон" маҳалласи фаоли Абдураззоқ Содиқов Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбариятини ишсиз фуқароларни рўйхатга олишдан бош тортиш ва ишсизликка доир статистик маълумотларни қалбакилаштиришда айблаб, маҳкамага мурожаат этган.

'Ҳамма ишсиз бўлса...'

47 ёшли Абдураззоқ Содиқов 2012 йил декабрига қадар Мирзо Улуғбек номидаги Миллий Университетнинг Ботаника боғида боғбон ва қоровул бўлиб ишлаб келган.

Ўзининг айтишича, раҳбариятга берган амалий таклифларига рад жавоби олгач, ишдан бўшашга қарор қилади.

Шу йилнинг 31 декабрида ишсиз сифатида рўйхатга олишни сўраб, мурожаат этган фуқарога Олмазор туман "Бандлик маркази" ходимлари "ҳамма ишсиз бўлса, ҳаммани рўйхатга олишимиз керакми?" дея рад жавоби беришганини айтади Абдураззоқ Содиқов.

Image caption Абдураззоқ Содиқов маҳкама орқали Ўзбекистондаги ишсизликка эътибор қаратмоқчи

Унинг сўзларига кўра, фақат туман прокурорига шикоятидан кейингина ишсиз сифатида рўйхатга олинган.

"Иш излаб, уч-тўрт жойга бордим, олишмади. Ҳар гал "Бандлик маркази"га қайтиб бориб, ишга олишмаганини айтдим. Қонун бўйича бир ойдан кейин нафақа тўлашни бошлашлари керак. Ишсиз фуқаро 25 ҳафта давомида нафақа олиш ҳаққига эга. Аммо менга бир тийин ҳам тўлашмади", - дейди у.

Даъвогарнинг айтишича, у Президент девонига шикоят қилиши ортидан Бандлик маркази Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигига "фуқаро Абдураззоқ Содиқовга ишсизлик нафақаси тўланаётгани" ҳақидаги ҳисоботни тақдим этган.

Шундан сўнг Абдураззоқ Содиқов "Бандлик маркази" раҳбариятини ўзи ва бошқа ишсиз фуқаролар ҳақидаги маълумотларни қалбакилаштиришда айблаб, маҳкамага берган.

Шу йил мартида "Бандлик маркази" раҳбари ва унинг муовини лавозимдан четлатилган.

Абдураззоқ Содиқов бунинг ўз шикоятлари билан алоқаси бор ёки йўқлигини билмайди.

Аммо у "Бандликка кўмаклашиш маркази"ни маҳкамага тортиш фикрида қатъий.

Шу йўл билан у Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосига эътибор қаратмоқчи.

Image caption Маҳкама "Бандлик маркази"ни маъмурий жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирган

Маҳалла фаолининг айтишича, мажлисларда ҳокимият вакиллари Тошкент шаҳрининг ўзида ишсизлик 40 фоизни ташкил этиши ҳақида гапиришади, аммо бу рақамлар ҳеч қаерда эълон қилинмайди.

"Аҳвол жуда ёмон. Ҳукумат одамларнинг кўчага чиқишларини истамаса, бирон чора кўриши керак", - дейди Абдураззоқ Содиқов.

Биргина менинг маҳалламда камида 50 нафар ишсиз бор. Агар Тошкентда аҳвол шундай бўлса, вилоятлардаги аҳволни тасаввур қилаверинг", - дейди у.

'Туҳмат'

Олмазор туман "Бандликка кўмаклашиш маркази" раиси вазифасини бажарувчи Миродил Йўлдошев Би-би-си билан суҳбатда Абдураззоқ Содиқовнинг даъволарини рад этди.

Унинг айтишича, фуқаро Содиқовга иш таклиф қилинган, аммо у "бирон ишнинг бошини тутишни истамайди".

"Биз қанча иш таклиф қилдик, истамади, ўзи тўполончи одам", - деб айтди мулозим.

Жаноб Йўлдошев "Бандлик маркази" фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олишни асоссиз рад этаётгани ҳақидаги даъволарни ҳам инкор қилади.

Айни пайтда у Би-би-сига Олмазор туманида қанча ишсиз борлиги ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Мулозим шунингдек, "Бандлик маркази" жаноб Содиқовнинг даъво аризаси юзасидан маҳкамада жавоб беришга тайёрлиги ва 21 июн кунига белгиланган суд мажлисига ўз юристини юборишини маълум қилди.

Айни пайтда у нима учун суднинг олдинги мажлисларини эътиборсиз қолдирганликлари ҳақида саволга жавоб бермади.

Ўзбекистонда ишсизлик даражаси расман 5% атрофида.

Аммо аслида ишсизлик ўта юқори экани айтилади.

Ҳар йили юз минглаб ўзбекистонликлар Россия ва Қозоғистонга иш излаб боришади.

Шу йил бошида Президент Ислом Каримов биринчи марта мамлакатда ишсизлик муаммоси мавжудлигини эътироф этган.

18 январ куни ўтган ҳукумат йиғинида жаноб Каримовиқтисодий ўсишга доир кўплаб рақамларни келтириш билан бирга, жойларда ёшларнинг иш тополмай, сарсон бўлаётганликлари ва меҳнат муҳожирлигини эътироф этган.

У коллежларни битираётган ёшларнинг ишсиз қолиб кетаётганини айтган.

Москвада ўлдирилган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирининг тақдирига ҳам тўхталган жаноб Каримов "Нима учун у Россияга борган?. Нима, бу одам ўз уйида Москвадаги фаррош топган пулни тополмайдими?", дея савол қўйган.

Президент давлат идоралари ҳамда маҳаллий ҳокимиятларни ёшларни иш билан таъминлаш масаласида ёлғон ҳисоботлар беришда айблаган.

Айни пайтда у ишсизлик муаммоси билан шуғулланишни Меҳнат вазирлигига эмас, балки Бош Прокуратура ва Ички ишлар вазирлигига топширган.

Кузатувчиларга кўра, Президентнинг баёнотидан буён ўтган вақт мобайнида мамлакатда ишсизлик билан боғлиқ вазият яхши томонга ўзгармаган.

Бу мавзуда батафсилроқ