АҚШ:Хитой, Россия ва Ўзбекистон-инсон савдоси ва қуллик энг кўп тарқалган мамлакатлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қўшма Штатлар Хитой, Россия ва Ўзбекистон ҳукуматларини ўз мамлакатлари ичкарисида инсон савдоси ва қуллик билан боғлиқ ҳолатларни бартараф эта олмаётгани учун қоралаган.

Янги ҳисоботда 188 мамлакатдаги инсон савдоси миқёси ўрганиб чиқилган ва ва муаммо неқадар долзарб аҳамият касб этганига қараб поғоналарга ажратилган.

АҚШ Давлат департаменти Хитой, Россия ва Ўзбекистонни қуйидаги учликка киритган. Мазкур мамлакатлар ҳукуматлари Трафик қурбонларини ҳимоя қилиш актига тўла амал қилганмаганлар ва ё бу ишни амалга ошириш учун етарлича уринмаганлар сифатида таърифланган.

Ушбу уч мамлакатда расмийларнинг бундай ҳолатларга доимий иштироклари тўхтатиш, давлат ҳомийлигидаги қуллик ва кенг тарқалган мажбурий меҳнат, жинсий эксплуатация ва ўз фуқаролари ҳамда хорижийларни қулликка ташлаш каби ҳолатларга қарши талабга мувофиқ кураш олиб борилмагани қайд этилган.

Ҳисоботда айтилишича, Халқаро Меҳнат ташкилоти дунё бўйлаб 21 миллион инсон ўз ихтиёрига қарши меҳнатга мажбурланган деб ҳисобласа-да, ўтган йили ҳукуматлар 47000 кишинигина мажбурий меҳнат қурбони сифатида тан олганлар.

Жаҳонда ноқонуний инсон савдоси жиноятларини содир этганларни жавобгарликка тортиш ҳам кўпайгани қайд этилади, 2010 йил билан 2013 йил орасида бу кўрсаткич 10 фоизга ошгани айтилган.

АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистон, Россия ва Хитойни одам савдоси ва мажбурий меҳнат ҳолларининг учинчи даражаси кузатилаётган мамлакатлар қаторига қўшган.

Бу даражада Саудия Арабистони, Яман ва Зимбабве ҳам ўрин олган.

Ҳисоботда Хитой, Россия ва Ўзбекистоннинг қуйи даражага туширилишини одам савдосига қарши кампания фаоллари олқишлаганлар, бу қарор "жасур" қадам, деб таърифланган.

Россия ва Хитой Қўшма Штатлар Давлат департаменти ҳисоботига ғазабнок муносабат билдирган.

Ўзбекистон

"Ўзбекистон болаларни меҳнатга мажбурлаш ва инсон савдосига қарши курашда талаб қилинадиган минимал талабларга ҳам жавоб бермайди", дейилади Давлат Департаменти чиқарган йиллик ҳисоботда.

Ҳисоботда Ўзбекистонда болаларни пахта йиғим - теримига мажбурлаш ҳолларини бартараф этиш йўлидаги ҳаракатлар кўзга ташланмаслиги айтилади.

Қайд этилишича, 2012 йил ҳам ҳукумат идоралари муассасалар, олийгоҳлар ва бизнесларга юқори синф ўқувчилари ҳамда университет талабалари, ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, ҳукумат мулозимлари, ҳарбийлар, ҳатто, хусусий сектор ишчилари, маҳаллий одамларни йиғим-теримга иштирокини ташкиллаштириш борасида босим кўрсатган.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида жисмоний меҳнатга мажбурлаш ҳолларига қаршилик кўрсатган болалар ва катталарга мактабдан, талабалар ётоқхоналаридан қувилиш, ишдан олиниш ҳамда ижтимоий нафақадан мосуво этилиш каби таҳдидлар қилинганига оид хабарлар борлиги ҳам тилга олинган.

Бундан ташқари, белгиланган нормани бажармаган ёки пахта даласини рухсатсиз тарк этганлар милиция ва ё мактаб раҳбарлари тарафидан жисмоний жазоланган ёҳуд жаримага тортилганига оид мисоллар ҳам келтирилган.

Айни пайтда ЮНИСЕФ каби манбалар ҳукуматнинг ёш болаларни пахта йиғим-теримига сафарбар этишни тақиқлашга оид фармони самара бергани, аммо маҳаллий расмийлар қишлоқ мактабларини ёпишгани ҳамда болаларни далага ҳайдашганига оид мисоллар ҳам йўқ эмаслигини айтишган.

15-17 ёшлилар учун эса, терим мавсумида мактаблар ёпилган. АҚШ Давлат департаменти 2012 йилги пахта мавсумида кузатилган ушбу ҳолатлар ҳукумат тарафидан текширилмагани, масъуллар жавобгарликка тортилмаганини ҳам қўшимча қилади.

Тавсиялар

Аввало, болалар ва катталарни пахта йиғим-теримига мажбурий сафарбарлигини тўхтатиш йўлида жиддийроқ қадамлар ташлаш тавсия этилган.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти халқаро мутахассислар, жумладан, Халқаро Меҳнат Ташкилоти мустақил кузатув олиб боришига изн бериш, 2013 йил ёш болаларни пахта терими мажбурлашни тақиқлашга оид фармонни қайта нашр этиш ва кучга киритилишини таъминлаш, қонунга зид амаллар юзасидан текширув олиб бориш ва масъулларни жазолаш каби қатор тавсияларни беради.

Ноқонуний инсон савдосига келганда, мазкур жиноят жабрдийларини аниқлаш, уларни муҳофаза билан таъминлаш, ноҳукумат ташкилотларининг уларга кўмаклашиш ҳамда бошпана бериш ишларини дастаклаш ҳамда чегара қўриқчилари ва полиция ходимларини тайёрловдан ўтказиш кабилар айтилган.

АҚШ Давлат департаментининг айни мавзудаги ҳисоботи 2001 йилдан бери чоп этилади.

АҚШ қонунларига кўра, инсон савдоси ва мажбурий меҳнат ҳолларининг учинчи даражасига киритилган мамлакатларга савдо-сотиққа бевосита боғлиқ бўлмаган санкциялар жорий этилиши мумкин.

Бу санкциялар АҚШ хорижий кўмаклари камайтирилиши ва халқаро молия институтлари ёрдамлари чекланишига етаклаши мумкин.

Янги ҳисобот АҚШнинг янги Давлат котиби Жон Керри қўли остида эълон қилинган.