'Cувдан фойдаланишда тарихий анъаналар ҳисобга олиниши керак'

  • 20 Июн 2013
  • изоҳлар

20 июн куни Эфиопия Нил дарёсида йирик тўғон қуриш режасини ҳимоя қилиб чиққан. Бу ҳақда Эфиопия ҳукумати Жанубий Судан пойтахти Жубада Нил сувлари тақсимотига бағишланган минтақавий музокаралардан олдин эълон қилган.

Бир ҳафта муқаддам Эфиопия сувдан фойдаланиш ҳақида XIX асрда имзоланган битимни бекор қилиш билан Миср ҳукумати ғазабини қўзғатган эди.

Миср сув тўғонининг қурилиши сув таъминотининг озайишига олиб келади, деган хавотирда.

Би-би-си билан суҳбатда Эфиопиянинг Лондондаги элчиси Берҳану Кабебе Нил дарёсидан фойдаланиш ҳақидаги битим имзоланган пайтда Эфиопия ҳеч қандай рол ўйнамаганини айтган. Аммо унинг ишонишича, сув омбори Ҳабашистон ва қўшни давлатларга электр етказиб бериш билан барча томонларга фойда келтиради.

"Нил сувининг 86 фоизга яқини Эфиопиядан келади. Ўзининг жўғрофий ерлашуви туфайли Ҳабашистон ундан қишлоқ хўжалигидан фойдалана олмайди. Сувдан фақат электр энергияси ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин", дейди Эфиопия элчиси.

Эфиопия билан Миср ўртасидаги баҳс Ўзбекистоннинг қўшнилари Тожикистон ва Қирғизистон билан сўнгги йилларда кузатилаётган тортишувларга ўхшаб кетади.

Амударё ва Сирдарё оқимлари бошланиши жойларида сув омборлари қуриш режалари Ўзбекистоннинг қаршилигига дуч келмоқда, иқтисоди пахтачиликка боғланган Ўзбекистон бу лойиҳалар оқибатларидан хавотир билдириб келади.

Хўш, халқаро амалиётда дарёлар туфайли мамлакатлар ўртасида келиб чиққан баҳслар қандай ҳал этилади? Би-би-си ушбу саволни тошкентлик таниқли эколог олим, академик Бек Тошмуҳамедовга берди.

Бек Тошмуҳамедов: Бу - бугунги кунда тез-тез дуч келиниб турилган муаммо. Худди шундай баҳс Туркия билан унинг қуйи оқимдаги қўшнилари ўртасида Дажла ва Фрот дарёлари устидан бормоқда. Ҳозир худди шундай баҳс Миср билан Нил дарёсининг юқори оқимида жойлашган мамлакатлар орасида кузатилаяпти. Бироқ сувдан фойдаланиш ва тақсимлаш бўйича аниқ-тиниқ белгилаб берилган халқаро қонунлар мавжуд. Буларда энг аввало сувдан шу пайтгача шаклланиб улгурган анъаналарга мос равишда фойдаланилиши белгилаб қўйилган.

Би-би-си: Халқаро амалиётда мамлакатлар ўртасида сув устидан келиб чиққан баҳснинг икки томонни ҳам қондирадиган муваффақиятли ҳал қилинганининг қандай мисоллари бор?

Бек Тошмуҳамедов: Бунга мисол қилиб Америка Қўшма Штатлари билан Мексиканинг Рио-Гранде трансчегара дарёлари сувларидан фойдаланиш келишувини келтириш мумкин.

Бу мамлакатлар икки томонга ҳам маъқул ечимни топишга муваффақ бўлганлар ва сув устидан баҳс ҳал этилган. Агар истак бўлса, ҳар доим ҳамма томонни қониқтирадиган ечим йўлини топиш мумкин.

Би-би-си: Шу кеча-кундузда Эфиопиянинг Нилда тўғон қуриш режаси Мисрни ғазаблантирмоқда, ҳатто уруш пўписалари ҳам янгради. Сувдан фойдаланиш бўйича халқаро битимлар мавжудлигига қарамасдан, мамлакатлар бу баҳсни куч қўллаб ҳал қилишни афзал кўраётганлари нимани англатади?

Бек Тошмуҳамедов: Трансчегара дарёларининг сувларини қайта тақсимлаш масалалари тез-тез кўтарилиб туради. Лекин сиз ҳозир Нил бошидаги мамлакатларнинг ҳар бирининг тўғон қуриб, сувни ўзига олишини тасаввур қилинг! Бу мамлакатларнинг сони эса кўп. Унда Нил умуман Мисргача етиб келмаслиги ҳам мумкин. Ахир Миср сўнгги 5000 йил давомида фақат Нил дарёси мавжудлиги учун яшаб келган. Буни Ўзбекистон мисолида ҳам айтсак бўлади. Марказий Осиёдаги қадимги тамаддунлар айнан Амударё ва Сирдарё соҳилларида яратилган ва бу тамаддунларнинг ватани бўлган ҳозирги Ўзбекистон минтақадаги деҳқончиликнинг маркази бўлиб келган. Асрлар давомида Амударё ва Сирдарё Ўзбекистон ерларини суғориб келган. Бундай ғазабнок муносабат билдирилаётганининг сабаби, тарихий анъаналар инобатга олинмаётганидир. Шунинг учун сувдан фойдаланишда асрлар мобайнида шаклланиб келган тарихий анъаналар ҳисобга олиниши керак. Мисрликларни Нилдан, Ўзбекистонликларни Амударё ва Сирдарёдан мосуво қилмаслик керак. Бу масалалар анча мураккаб. Лекин уларни музокаралар столи атрофида ҳал қилиш лозим.

Би-би-си: Бироқ Эфиопия ва Тожикистон энергетика тақчиллигига дуч келаётганларини айтишади. Эфиопия ҳам, Тожикистон ҳам тўғон қуришса, бу қуйи оқимга салбий таъсир қилмаслигини, ишлаб чиқарилган электр энергияси билан ўзларининг ва қўшниларнинг эҳтиёжларини қондира оладиган бўлишларини айтишади...

Бек Тошмуҳамедов: Гап шундаки, ҳали Шўролар Иттифоқи даврида Сирдарё ва Амударёда нима учун йирик гидроиншоотларни қуришга қарор қилинган? Чунки қуйи оқимдаги деҳқончилик учун, далаларни суғориш мақсадида ГЭСларни қуришга қарор қилинган. Бу иншоотлар асосан ирригация мақсадини кўзлаб барпо этилган. Сув омборлари ҳам, тўғонлар ҳам ирригация режимида ишлатишга мослаб қурилган. Ҳозир эса бу иншоотларни ирригация эмас, энергетик режимда ишлатмоқдалар. Янги қурмоқчи бўлаётган ГЭСларини ҳам энергетик режимда ишлатмоқчилар. Бу дегани, қишда сув омборидаги сув оқизиб юборилиб электр энергияси ишлаб чиқарилади, деганидир. Ўзбекистон бунга қарши эмас. Лекин улар Ўзбекистонга ёз пайти, экинларни суғориш мавсумида сув керак бўлишини унутмасликлари керак. Иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги суғоришга боғлиқ бўлган мамлакат юқори оқимдаги мамлакат олдига ўзининг бундай талабини қўйишга ҳақли. Ва бундай талаб қонуний ҳисобланади.