Икки фуқаролик давр талабими ва ё "беватанлик"?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Меҳнат муҳожирлари орасида норасмий шаклда икки фуқаролик бўлганлар оз эмас

Ўзбекистоннинг ўттиз миллионлик аҳолисидан норасмий маълумотларга қараганда камида беш миллиони муҳожирликда экани айтилади.

Муҳожирликдан асосий мақсад - рўзғор.

Бугун ўзбекистонликларни ўз ватанларидан фаровонроқ бўлган дунёнинг деярли барча мамлакатларидан топиш мумкин.

Кимдир муваққат, яна кимдир доимий бошпана топган.

Улар орасида ўзлари яшаб турган мамлакат фуқаролигини олаётганлар сони ҳам мингларчадир.

Собир Н. Ўзбекистондан 2000 йили олий таълим олиш учун Ғарб давлатларидан бирига келади.

“Ўқишга келишдан аввал Ўзбекистонга қайтиб бораман, Ғарбда олган дипломим билан яхши иш топаман деб хомхаёл қилган эканман. Уч йил таълим давомида уч марта таътилга бордим. Онам ўқитувчиси, отам фермер бўлиб ишлайдилар. Ғарб ҳаётининг таъсирими ё бошқа сабабми, ҳар гал ватанга борганимда ва чет элда ўқиб келиб иш тополмай юрган дўстларим билан суҳбатлашганимда фикрим ўзгара бошлади. Ҳатто фермерлик қиламан деб минг ташвишни бошига ортирган отам ҳам “болам, тинч бўлсанг бўлди, қайтиб ётма, бу ердаги ҳолатни кўраяпсан”, дедилар. Беш йилча ишладим. Шу ерда уйландим. Фарзанд кўрдим. Фуқароликни олганимга тўрт йилча бўлди. Орада икки марта Ўзбекистонга бориб келдим. Охирги марта аэрапортда анча тутиб туришди. Чиптам Истанбулгача эди. “Иннайкейинчи “ деган саволлар билан қийнашди. Аммо барибир чиқиб олдим. Ҳозир юрагим бетламайди қайтиб боргани, аслида ҳеч қандай ноқонуний ишга қўл урмаганман, аммо биздагиларга буни тушунтириб бўлармиди?“

Қонун нима дейди?

Ўзбекистон конституциясининг Фуқаролик бобида мамлакат ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилиши айтилади. “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 1-боб 10-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган шахснинг чет давлат фуқаролигига мансублиги тан олинмаслиги кўрсатилган.

Демак, Бош қонунда битилишича Ўзбекистон фуқароси бошқа бир мамлакат фуқаролигига ўтиши қонунбузарлик ҳисобланмайди. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга кўра, аслида муаммо чалкашроқдир.

-“Ўзбекистонда конституциядан ташқари бошқа қонунлар бор. Фуқаролик тўғрисида, Президент ваколатлари тўғрисида ва ҳоказо. Бу қонунларда икки фуқаролик қатъий ман этилган. Агар бошқа давлат фуқаролигини оладиган бўлсангиз, унда Ўзбекистоннинг тегишли элчихонасини бир йил ичида огоҳ этишингиз шарт. Сўнгги пайтлар Ўзбекистонда “паспорт тизимини бузиш” ва ёки “кириш-чиқиш виза ҳолатини поймол” қилишга қарши янги қонунлар жорий этиш ва ё шунга ҳаракатлар кўзга ташланмоқда. Чунки Ўзбекистондаги сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳолатлар ўзбекистонликларни икки фуқаролик ва ё бошқа давлат фуқаролигини ҳам олишга ундамоқда”, дейди Камолиддин Раббимов.

Манзура К, 31 ёш, ўзбекистонлик собиқ хориж тили ўқитувчиси.

“ Узоқроқ қариндошларимдан бири Оврўпо давлатига ишга кетди. Бир йил ўтганидан кейин оиласини ҳам чақириб олди. Мен аввалига улар билан ёзишиб турдим. Рости, уларга ҳавасим келарди. Мен ойлик билан оила боқолмасдим. Репититорлик қилардим. Қариндошларимиз билан суҳбатлар ва мактублардан кейин менда умид пайдо бўлди. Пул тўплай бошладим. Уларнинг ёрдами билан университетдан таклифнома келганида қанчалар қувонганимни билсангиз эди. Ўзимдан ўзим уялардим. Ватандан кетиш учун ҳам одам шунчалар қувонадими дердим. Аммо ватанда бешикдан то қабргача пора билан кун кўришга мажбур бўлсангиз нима қиласиз? Жон бериб ишлардим, қиё боқишмасди. Бериладиган маошга оиламни қўйинг, ўзимни боқолмасдим. Хорижга чиққанимдан кейин албатта қийин бўлди. Аммо уч йилдан кейин шу университетнинг ўзидан иш топдим. Оиламни олиб келдим. Бу орада Ўзбекистонда қолган яқинларимга моддий ёрдам бера бошладим. Вақти – соати келганида эса фуқароликни қабул қилдим. Ўзбекистон фуқаролигидан эса кечганим йўқ. Нима учун кечай? Ўзбекистон менинг ҳам ватаним!”

Шу ўринда Президент Каримов ўзининг бир неча китобларидан бирида «икки давлат фуқаролигига мансублик ачинарли ҳолдир. Бу беватанлик билан баробардир», - деб ёзади.(И.А.Каримов. Биздан озод ва обод Ватан қолсин. 2-том, Т., 1996. 96-бет.).

“Беватанлар" орасида кимлар бор?

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption И. Каримов икки фуқароликни "беватанлар", меҳнат муҳожирларини эса "дангасалар" деб ўйлайди...

Ислом Каримовнинг бундан 15 йилча аввал ўйлабми, ўйламайми икки фуқароликни “ачинарли ҳол” деб аташи ва “беватанликка” менгзаши бугун нафақат хорижда юрган кўплаб ўзбекистонликлар, балки ҳукумат лавозимларида ишлайдиганларнинг ҳам энсасини қотириши турган гап.

Ўзбекистон мулозимлари ва ё уларнинг фарзандлари орасида турфа сабаблар билан хорижий фуқароликни қабул қилаётганлар оз эмас, дейди Камолиддин Раббимов.

“ Ўзбекистон сиёсий элитасининг қудратли шахслари қаторида иккинчи бир давлат фуқаролигига бўлганлари оз эмас. Уларнинг кўпчилиги Россия, баъзилари Оврўпо давлатларининг фуқаролари ҳам саналади. Табиий, буни исботлаш мушкул... Айниқса, уларнинг фарзандлари орасида бундай икки фуқаролик соҳиблари оз эмас. Улар атайдан ҳомиладор турмуш ўртоғлари ва ё фарзандларини Ғарбга жўнатишади. Мақсад келажакда ўша давлатлардан бошпана топиш...”

Фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг ўзи кузатувчиларга кўра, турфа саволларга сабаб бўлади ва жавоблар ҳам бир хил ёки аниқ –тиниқ эмас.

Бунинг устига Ўзбекистон чиқиш визаси деган моҳиятан абсурд қонунга эга, бу ҳам етмагандай янги биометрик паспортлар берилиши икки фуқароликка эга «қонунда йўқ» шахслар учун бу муаммони яна ҳам чигаллаштиради.

Камолиддин Раббимов тилга олган Ўзбекистонда “ижтимоий-иқтисодий танг вазиятнинг” ўзи сиёсатга бевосита алоқаси бўлмаган минглаб ўзбекистонликларни асосан собиқ “катта оға” Россия томон йўналтирилмоқда.

Улар орасида қонунчиликдан бохабар ва ё бехабар шаклда Россия фуқаролигини қабул қилаётганлар оз эмас.

Биргина Россияда норасмий маълумотларга асосан камида тўрт миллион ўзбекистонлик меҳнат муҳожири умргузаронлик қилар экан, улар орасида Россия фуқаролигини қабул қилаётганлар талайгина...

Асли ўзбекистонлик бўлган, аммо ҳозирда Россияда яшаётган суҳбатдошимиз Саломат опа 2007 йилда бу мамлакат фуқаролигини қабул қилган.

“2007 йилда Россия фуқаролигини соддалаштирган тартибда беришар эди. Мен ҳам бир ярим йил ичида қабул қилдим. Аввал Ўзбекистон фуқароси эдим. Ўзбекистон билан Россия орасида икки фуқаролик шартномаси йўқ эди, шунинг учун Ўзбекистон паспортидан воз кечишга тўғри келди. Аввал ариза ёздим фуқароликдан чиқиш ҳақида ва уни нотариал тасдиқлатиб махсус хат билан жўнатдим. Лекин Ўзбекистонга бориб паспортни топширганим йўқ. Эҳтимол, шундай қилишим керакдир. Аммо ҳеч ким менга Ўзбекистон фуқаролигидан расман чиқдингиз деб тасдиқлаб ҳам бергани йўқ. Ўзбекистонга Россия паспорти билан бориб келмоқдаман. У ерда рўйхатдан ўтаман, бож тўлайман, бемалол кириб чиқавераман. Очиғини айтсам, Ўзбекистонда яшаш мушкуллашиб қолган эди. Ойликларимиз етмасди. Кейинроқ бутун оилам, фарзандларим, турмуш ўртоғим, укам ва келиним ҳам Россияга келишди. Шу ернинг фуқаролигини қабул қилдик. Менинг танишларим орасида Россия фуқаролигини олганлар жуда кўп, аммо улар ҳам Ўзбекистон фуқаролигидан расман чиқишгани йўқ, назаримда”, дейди Саломат опа.

Икки фуқароликдан ким қўрқади?

Сиёсатда эса... Ўзбекистоннинг жорий ҳукумати ҳеч қачон Россия билан икки фуқаролик шартномасига рози бўлмайди, дейди Камолиддин Раббимов.

“ Ўзбекистонликнинг Россия фуқаролигини қабул қилишидан Тошкент режими қўрқади. Айниқса, кўплаб меҳнат муҳожирлари турфа сабаблар билан Россия ватандоши бўладиган эса, бу Москвага Ўзбекистон ички ишларига аралашиш имкониятини яратиши мумкин. Буни биз Шимолий Қавқоз мисолида кўрдик...Аммо бунинг олдини олиш мумкин. “Беватанлик” деб тамғалаш билан иш битмайди. Қолаверса, бугун аксарият Ғарб давлатлари ва ривожланаётган мамлакатлар икки фуқаролик қонунлаштирилган. Бу мамлакатнинг иқтисоди учун яхши, сармоялар учун яхши...Аммо Президент Каримовнинг ҳоҳиш-иродаси, қўрқувларидан келиб чиққан ҳолда бизда икки фуқароликка қарши сиёсий кураш мавжуд”, дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.

Алҳол, айрим мулозимлар, жумладан Ўзбекистоннинг Америкадаги дипломатларидан бири айни масалани очиқлар экан, “Ватандош” газети билан суҳбатда жумладан бундай дейди.

“... фуқароларимизнинг бошқа давлат, хусусан АҚШ ёки Канада фуқаролигини қабул қилиши, айни вақтда улар Ўзбекистон фуқаролигидан чиқди, деган маънони англатмайди. Буни билмаган баъзи фуқароларимиз “мен Америка фуқаролигини қабул қилдим, шунинг учун Ўзбекистонга бориш учун виза олишим керак”, деб консулхонамизга мурожаат қиладилар. Бундай фуқароларимизга яна бир бор эслатиб ўтамиз – Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш фақат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони асосида расмийлаштирилади. Шундан кейингина бу фуқаро хорижий давлат фуқароси сифатида тан олиниши мумкин.»

Хуллас, Ўзбекистон фуқаролигидан чиқиш ва ё фуқароликни қабул қилиш бир эмас бир неча йилларга чўзиладиган жараёндир. Мутахассисларга кўра, бошқа кўплаб масалаларда бўлгани каби бу соҳада ҳам қоғоздаги қонунларга амал қилинмайди.

Камолиддин Раббимовга кўра, айни масала бу яқин орада ўз ечимини топиши даргумон.

« Бу сиёсий тизим ёпиқликни яхши кўради. Фуқароликка қабул қилишни ҳам, чиқаришни ҳам ҳоҳламайди, чунки мавжуд сиёсий тафаккур ҳар бир ўзгаришда фақат хавф-хатар кўради. Айни муаммо тобора катталашиб бормоқда, аммо расман тан олинаётгани йўқ. Ўйлайманки, Каримов кетганидан кейин бу масалага қайтишга тўғри келади», дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.